Линклар

logo-print

Жамбилда ағанаган автобус ичида ўндан ошиқ ўзбек муҳожири бўлган


Олмаота-Тошкент йўлида ҳалокатга учраган автобус.

Олмаота-Тошкент йўлида ҳалокатга учраган автобус.

Ўтган шанба куни Қозоғистоннинг Жамбил вилояти ҳудудидан ўтувчи “Олма-Ота - Тошкент” трассасида содир бўлган автоҳалокатда 10 нафар йўловчи, жумладан, битта ёш бола нобуд бўлди, яна уч киши оғир жароҳатлар билан Приозёрск шаҳар марказий шифохонасига юборилди. Бу ҳодисага шахсан гувоҳ бўлган Озодлик манбасига кўра¸ автобус йўловчиларининг камида 15 нафари ўзбекистонлик меҳнат муҳожири бўлган.

7 февраль куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидан ўтувчи “Олма-Ота - Тошкент” трассасининг 394-километрида “Vanhool” русумидаги йўловчи автобус ағдарилиб кетди.

Жамбил вилояти Ички ишлар департаменти ходимаси ҳалокатнинг эрталабки соат 10 ларда содир бўлганини маълум қилди:

- Дастлабки маълумотларга кўра, Жанубий-Қозоғистон вилоятида истиқомат қилувчи Бегалаев Б.А. бошқарувидаги автобус Шимкент томон кетаётиб, музлаб қолган йўлда ағдарилиб кетган. Натижада 10 киши автоҳалокат жойида нобуд бўлган. Қолган йўловчиларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган, деди ўзини Алма деб таништирган матбуот хизмати вакиласи.

Матбуот маркази ходимаси¸ дастлабки тергов тахминларига кўра, ҳайдовчининг ухлаб қолгани автобус ҳалокатига сабаб бўлгани тахмин этилаëтганини билдирди.

“Vanhool” автобусининг ағдарилиши ва йўловчилар ўлими юзасидан Қозоғистон Республикаси Жиноят Кодексининг 345-моддаси 4-қисми асосида жиноий иш очилган. Автобус ҳайдовчиси¸ 24 яшар Бектияр Бегалаевнинг маҳаллий тергов изоляторига жойлаштирилгани айтилмоқда.

Озодликка маълум бўлишича¸ йўлдан чиқиб ағдарилиб кетган автобус ичкарисида 49 нафар йўловчи ва иккита ҳайдовчи бўлган.

Фото Жамбил вилоят ФВВ-си томонидан тақдим этилди

Фото Жамбил вилоят ФВВ-си томонидан тақдим этилди

Ҳодиса ортидан WhatsApp тармоғи орқали Озодликка автоҳалокатга учраган автобус йўловчиларининг камида 15 нафари ўзбекистонлик муҳожир бўлгани ва ўлганлар сонининг аслида расмий хабардагидан кўпроқ экани тўғрисида хабар келиб тушди.

Ўз исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик аёл “бу автобусда мен ҳам бўлишим керак эди”, дейди:

- Бу воқеани мен уч кун олдин кўрдим, уйга кетаётган пайтда. Туркистонга кетаётганимда ёнимда яна учта ўзбек аёллари бор эди. Биз аввалроқ бу автобус билан келиша олмадик ва тушиб кетдик. Биз тўрт одам мана шу автобусда келишимиз керак эди. Лекин биз пулга келиша олмадик ва бошқа автобусга чиқдик. Бу автобус билан бирин-кетин келаётганимизда ичида ўзбек одамлари бор эди. Бизни Остонадан чиқишда постда тўхтатган пайтда, у автобусдан документи просрочен бўлган 15 нафар Ўзбекистон фуқароси тушди. У ерда биз 13 одам нобуд бўлганини кўрдик. Унда неча киши ўзбекистонлик эканини билмайман. Кимдир ухлаб қолган деяпти, кимдир қарама-қарши томондан келган машинадан қочаман, деб жарликка тушиб кетган дейди. Автобус ойналари чиқиб кетган, орқаси йўқ, балон-сиденялари чиқиб кетган, дейди Озодлик манбаси.

Ҳодиса гувоҳига кўра¸ ҳалокат рўй берган шанба куни йўл музлама бўлмаган.

Суҳбатдош ҳодисани видеотасвирга олиб, ўзбекистонликларнинг қўшни давлатларда қай аҳволда эканига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи эканини гапирди:

- Мана, ўзбек аҳолиси чет давлатига бойлик орттиришга бораётгани йўқ, акчинча, оилани боқаман деб кетаяпти. Ўзбекистондаги шароит тайин - бир соат свет ёнса, ҳафталаб свет ёнмайди. Мен 32 йилдан бери газ нималигини билмайман. Мен ўзим 2008 йилдан бери Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ишлайман. Мен йиғладим ўша жойда, аварияни кўриб! Не умидлар билан ишлаб келаётганида, тириги эмас¸ ўлиги келади, деб. Ўзбекистонда шароит йўқ. Уйимга кўмир, ўтин сотиб оламан. Болаларимни ота-онамга ташлаб келганман. Яқинда қизим телефон қилаяпти “Ойижон, темир олиб кела олмаганим учун дарсга киргизмади”, деб. Биз болаларимизни қандай ўқитамиз? Ўзбекистон шу даражада қашшоқликка бораяптими? дейди Озодлик суҳбатдоши.

Жамбул вилоят Ички ишлар бошқармаси ходими ҳалок бўлганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги тўғрисида ҳозирча маълумот йўқлигини билдирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG