Линклар

Хайрулла Ҳамидов: Озод этилганимдан хурсандман!


Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали етиб келган суратда қамоқдан чиққан Хайрулла Ҳамидов акс этган.

Озодликка ижтимоий тармоқлар орқали етиб келган суратда қамоқдан чиққан Хайрулла Ҳамидов акс этган.

Таниқли диний воиз ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов 11 февраль куни озодликка чиқарилди. Озодлик билан суҳбатда Ҳамидов Ўзбекистон Конституцияси 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияга асосан озодликка чиқарилганини айтди. У 2010 йилда "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Ўзининг ниҳоят озодликка чиққанидан мамнунлигини яширмаган Хайрулла Ҳамидов¸ Қизилтепадаги жазони ўташ муассасасидан Чирчиққа олиб келингани¸ 11 февраль куни тушдан кейин ўтказилган маҳкама қарори билан озодликка чиқарилиб¸ дарҳол уйига қўйиб юборилганини айтди.

Хайрулланинг онаси Муқаддас опа эса Озодлик билан суҳбатда ўғлининг озодликка чиқарилгани учун президент Ислом Каримовга миннатдорлик билдирди.

Озодликка маълум бўлишича¸ 11 февраль куни Чирчиқда ўтказилган маҳкама қарори билан яна 16 нафар маҳбус амнистия қўлланилиб¸ озодликка чиқарилган.

Хайрулла Ҳамидов қамоқдан чиқиб¸ илк интервьюсини Озодлик радиосига берди:

- Ассалому алайкум.

Озодлик: Ассалому алайкум Хайрулла ака.

- Яхшимисизлар, чарчамаяпсизларми?

Озодлик: Яхшимисиз? Бу Алишер Сиддиқ. Тинчмисиз, яхши чиқиб олдингизми?

- Ҳа, чиқиб олдик Худога шукур.

Озодлик: Хурсандмисиз?

- Ҳа, раҳмат. Ҳаммаси яхши.

Озодлик: Хайрулла, сизни шунча йил кутган одамлар бор. Ҳар кун бирга “Хайрулла қачон чиқади?” деб телефон қилишади.Уларга бирор гапингиз борми?

- Хурсандман. Салом айтиб қўясиз ҳаммасига. Ростдан чиқди деб қўясиз.

Озодлик: Соғлигингиз қанақа?

- Соғлиқ яхши. Ўша-ўша.

Озодлик: Яъни ўша-ўша эски Хайрулла.

- Ҳа, эски. Уч-тўрт марталаб авфнома ëздик. Охири мана инобатга олишди. Президентимиз қўл қўйдилар. Авф билан чиқдим. Бугун суд бўлди Чирчиқда.

Озодлик: Энди кейинги фаолиятингиз нима бўлади? Дейлик спорт шарҳловчиси бўласизми ëки диний кўрсатувлар қиласизми...

- Кўпроқ спорт шарҳловчилиги бўлса керак энди. Чунки спортни соғиниб ҳам қолдимда.

Озодлик: Қамоқда футбол кўриш имконияти бўлмадими?

- Бўлди. Энди футбол кўриш билан футбол шарҳлашнинг фарқи борку.

Озодлик: Қамоқдаги давр ҳақида бироз айтиб бера оласизми? Қамоқда қандай бўлди, биз жуда кўп нарсалар эшитдик.

- Уни эрта-индин гаплашсак бўладими? Уйга кўпчилик меҳмонлар келиб турибдида. Шунга ноқулай бўлаяпти.

Озодлик: Тушундим. Унча кўпчилик ҳақида гаплашайлик. Кимлар келди биринчи бўлиб?

- Асосан қариндошлар.

Озодлик: Онангиз нима деяптилар?

- Онам ўзи бориб кутиб олдилар.

Озодлик: Оилангиз ўзи олиб чиқди сизни-а?

- Ҳа. Чирчиқдан чиқдимку. Соат 3да суд бўлди. Икки соат бўлди келганимга.

Озодлик: Қанақа суд бу?

- Суд бўладию амнистия актини қўллаш ҳақида. Сразу кейин чиқариб юборишди.

Озодлик: Нима учун айнан ҳозир чиқаришди? Авфномани тўрт марта ëзганман деяпсиз. Қанақадир сабаби борми?

- Энди шу кўришган, ўрганишган. Шунга яроқли бўлгандан кейин чиқаришганда.

Озодлик: Ишга таклифлар келмадими ҳали?

- Мен ҳали энди бугун чиқдим. Эрта-индин таклиф қилиб қолишса керак.

Хайрулла Ҳамидов Тошкентдаги “Наврўз” радиоси орқали эфирга узатилган “Холислик сари” эшиттиришидаги ваъзлари билан, кейинчалик эса “Одамлар орасида” газетасидаги фаолияти билан ўзбекистонликлар орасида шуҳрат қозонган.

Озодликнинг муштарийлари Хайрулла Ҳамидовнинг озод этилгани ҳақида қизғин муносабат билдирмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, қамоққа ташланганидан буён амнистия қўлланишига умид қилинган Ҳамидовнинг айнан ҳозир озод этилиши, мутлақо, амалдаги ҳукуматларинг сиёсий манфаатлари устига қурилган пухта режадир:

- Бу шубҳасиз, келаётган президентлик сайлови билан боғлиқ жараён. Гўёки, сайлов арафасида ҳукуматнинг сайловчиларга туҳфасидир. Ҳаттоки, сайловга қадар ҳали яна бир неча сиёсий маҳбуснинг озод этилишини ҳам кутиш мумкин, - деб ҳисоблайди сиёсатшунос.

Айни пайтда у бу воқеани президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги овозаларга боғлиқлиги ҳақидаги баъзи версияларни илгари сурди.

2010 йилнинг 21 январь куни ҳибсга олинган Хайрулла Ҳамидов ўша йилнинг 27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди ҳукми билан "Жиҳодчилар" диний-экстремистик гуруҳига алоқадорликда айбдор, деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Хайрулла Ҳамидовнинг қамалишини қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, Ҳюман Райтс Уотч, Халқаро Амнистия каби ташкилотлар кескин қоралаган ва унинг озодликка чиқарилишини сўраб келаëтган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG