Линклар

"Нормандия тўртлиги" Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди


12 февраль оқшомида Минскда бир орага келган "Нормандия тўртлиги" - Украина, Россия, Германия ва Франция раҳбарлари 15 соат давом этган музокаралар ортидан Украинада ўт очишни тўхтатиш ва оғир техникани жанг майдонидан олиш бўйича келишувга эришган.

Музокаралар ортидан журналистларга гапирган Россия президенти Путин музокаралар давомида муҳим масала бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.

- Бу мен учун жуда яхши тун бўлмаса-да, тонг хайрли бўлди", - деди Путин.

Россия раҳбарига кўра, ўт очишни тўхтатиш 15 февралдан кучга кириши, жанг ҳаракатлари кечаётган ҳудуддан оғир қуролларни олиб чиқиш эса ўт очиш тўхтатилганидан сўнг икки кундан кўп бўлмаган муддатда бошланиши ҳамда 14 кун ичида тугаши лозим.

Донбассда оғир артиллерия учун 50 км.дан 140 км.гача бўлган хавфсизлик зонаси яратилади. ЕХҲТ кузатуви остида Украина ҳудудидан чет эл қуроллари, тузилмалари, техникаси ва ёлланма аскарлар чиқарилади.

Шунингдек, Минск келишувига мувофиқ, барча асирлар 20 февралгача озод қилиниши, жангларда иштирок этаётган қуролли гуруҳларга авф қўлланилиши, ёлланма аскарлар жанг майдонларини тарк этиши керак.

Украина ҳукумати эса Конституцион ислоҳотларга қўл уриб, Донецк ва Луганск вилоятларига алоҳида мақом бериши ва шу йил оҳирига бориб, Украина Россия билан чегарасида тўлиқ назорат ўрнатиши лозим.

Бу жараён Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кузатувида амалга оширилади.

Украина президенти Петро Порошенко Москвада ҳибсда ушлаб турилаётган украин учувчиси Надежда Савченконинг озод этилиши масаласи ҳам музокараларда кўтарилганини айтди.

Агар музокаралар иш бермаса Россияга санкциялар кучайтирилиши ҳақида огоҳлантирилган эди.

Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлар санкциялар қўлланиладиган россиялик мулозим ва Украинадаги айирмачилар раҳбарлари "қора рўйхати"ни кенгайтиришга келишгандилар.

Бу эса, янада кўпроқ россиялик ва айирмачилар раҳбарларининг саёҳат қилишлари чекланиши ва банк ҳисоблари музлатилишини англатади.

AҚШ президенти Бaрaк Обaмa эса Укрaинa шaрқидaги қуролли низогa бaрҳaм беришдa “дипломaтия фойда бермaган тақдирда" Киевгa қурол-aслaҳa еткaзиб бериш вaриaнти кўриб чиқилишини айтганди.

Қуролли тўқнашувлар бўлаётган Украина шарқида 31 январдан 5 февралгача бўлган давр ичида тинч аҳоли вакилларидан 263 одам ҳалок бўлган, 700дан ортиқ одам яраланган.

Бу ҳақдаги маълумотни БМТнинг Инсонпарварлик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи бошқармаси сешанба куни эълон қилди.

Ҳисоботда келтирилишича, Украинада қуролли тўқнашувлар бошланган ўтган йилнинг апрель ойидан буён камида 5486 одам, шу жумладан 59 нафар бола ҳалок бўлган, 12972 нафар одам яраланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG