Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:36

Мижозларни лақиллатаётган “Билайн”, электрсиз Тошкент бозорлари ва падаркуш қиз


Пенсия ва нафақаларни ўзлаштирган почта бўлими раҳбари қўлга олинди. Тошкентдаги тўртта йирик бозор икки ҳафтаки электрдан узиб қўйилган. Фарғоналик 18 яшар қиз падаркушлик қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Мансабдорлар – фуқаро ҳуқуқлари бузилишининг жиддий сабабчиси”

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га 2014 йилда фуқаролардан 11858 та мурожаат келиб тушган (“Ўзбекистон овози”, 12 февраль).

Омбудсман Сайёра Рашидовага кўра, мурожаатлар сони ўтган йилга қараганда ошган, хусусан, фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқига доир мурожаатлар сезиларли кўпайган.

“Баъзи раҳбарлар, мансабдор шахсларнинг қонун талабларига бепарволик билан муносабатда бўлиши, инсон ҳуқуқлари асосларини билмаслиги ҳамон фуқаро ҳуқуқлар бузилишининг жиддий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда”, деб ёзади газета.

“Тошкентдаги тўртта йирик бозор икки ҳафтаки электрдан узиб қўйилган”

Тошкент шаҳридаги “Эски Жўва”, “Қўйлиқ”, “Аския” ва “Авиасозлар” бозорлари икки ҳафтадан буён электр энергиясиз қолмоқда (“Новий век”, 12 февраль).

Қайд этилишича, тўртта бозорнинг электр энергияси бўйича қарзи 1,5 миллиард сўмдан ошиб кетган. Қарзни қонуний йўл билан ундира олмаган Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси бозорларга электр узатишни тўхтатган.

Электр энергияси узиб қўйилиши оқибатида бозорда cавдо қилувчи тадбиркорлар катта миқдорда зарар кўрмоқда. Музлатгичларнинг ишламаслиги сабабли озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш хавфи юзага келган.

Айни пайтда қарздор бозорлар уни тўлашга қодир эмас, бундан эса кўпроқ оддий аҳоли жабр кўрмоқда, дея хулоса қилади газета.

“Отасининг танбеҳларидан безор бўлган фарғоналик қиз уни болта билан чопиб ташлади”

Фарғона вилоятида парадкушлик жинояти қайд этилди (“Ҳуқуқ”, 12 февраль).

Отасининг даккилари исми ошкор этилмаган 18 ёшли қизнинг жонига теккан. Кўп вақтини интернетда ва қўл телефонида гаплашиб ўтказган қизга отаси кўп бора танбеҳ берган.

Бир гал қизи телефонда гаплашаётганини кўрган ота “Кимга илакишдинг?” дея унга тарсаки тортиб юборган. Фарғона вилоят прокуратураси вакили Ғолибжон Мирзаевга кўра, танбеҳлардан безор бўлган қиз отаси ухлаб ётган пайтда уни болта билан чопиб ўлдирган.

Падаркуш қиз номи ва ушбу жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаган. Қайд этилишича, суд ҳукми билан судланувчи 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.

“Хоразмда йўл қурилишидан миллионлаб маблағ ўмарган амалдорлар ушланди”

Хоразм вилоятида йўл қурилиши жараёнида жуда катта миқдорда маблағ ўзлаштириш жиноятлари аниқланди (“Даракчи”, 12 февраль).

Урганч темир йўл вокзалига қарашли автомобиллар тўхташ майдончаси ва вокзал кириш-чиқиш йўлини қуриш бўйича 550 миллион сўмлик лойиҳадан 150 миллион сўмлик иш бажарилган ва қолган маблағ “Хива йўл таъмир қурилиш” ширкати ва “Хоразмйўлқурилиш” ташкилоти раҳбарлари томонидан ўзлаштирилган.

Шунингдек, Янгиариқ катта айланма йўлининг 0-4 километрини тўлиқ таъмирлаш бўйича 800 миллион сўмлик лойиҳа доирасида ҳам мазкур икки ташкилот раҳбари 119 миллион сўмни ўмарган.

Бундан ташқари, суд жараёнида йўлсоз раҳбарларнинг бошқа кирдикорлари ҳам фош этилган. Қайд қилинишича, судланувчилар “суднинг адолатли ҳукми билан жазога тортилган”.

“Билайн” товламачилик йўли билан мижозларни лақиллатмоқда”

“Билайн” уяли алоқа компанияси абонентларни кейинги пайтда авж олиб бораётган пуллик акцияларга “ҳе” йўқ, “бе” йўқ иштирокчи қилиб қўймоқда (“Оила даврасида”, 12 февраль).

Абонентларнинг розилигисиз уларнинг акциябозлик ўйинига қўшиб қўйилаётгани “замонавий товламачилик” деб аталган.

“Компаниянинг биз билган ва билмаган ўйинларини қонуний назоратга олиш, хамирдан қил суғургандек амалга оширилаётган акциябозликларни ғалвирдан ўтказиш вақти келмадикан?” дея мутасаддиларни саволга тутади “Оила даврасида” газетаси.

“Почта бўлими раҳбари пенсия ва нафақаларни ўзлаштирди”

“Оқтош” почта алоқа тармоғининг “Тошкент” алоқа бўлими раҳбари 26,8 миллион сўмлик пенсия ва нафақа пулларини ўзлаштиргани фош этилди (“Инсон ва қонун”, 10 февраль).

Исми ошкор этилмаган почта мансабдори мазкур маблағни фуқароларнинг имзоларини қалбакилаштириш йўли билан ўзлаштирган. Бундан ташқари, “Оқтош” почта алоқа тармоғининг “Олти ўғил” алоқа бўлими ходими ҳам 18,6 миллион сўмни ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан ўмаргани аниқланган.

Газетага кўра, почта мутасаддилари “кўзи кунда эмас, кунида синади” деган эски нақлни унутиб қўйган.

“Банкирлар мижоздан ҳам пора беришни, ҳам лоторея олишни талаб қилди”

“Агробанк”нинг Наманган вилояти Тўрақўрғон филиали ходимлари порахўрлик учун қўлга олинди (“Диёнат”, 12 февраль).

Тадбиркор Қаҳрамон Боймирзаев банкка кредит сўраб мурожаат қилган. Банк ходимлари Барнохон Юлдашева ва Муқаддас Содиқова кредитни тезлаштириш учун 200 минг сўм пора сўраган. Бундан ташқари, кредитнинг 500 минг сўмига лоторея қўшиб бериш шартини қўйишган.

Фуқаронинг ҳуқуқ идораларига мурожаатидан кейин банк ходимлари қўлга олинган.

“Юрак хасталиги сабаб концерти бекор қилинган хонанда Манзуранинг аҳволи номаълум қолмоқда”

2 февраль куни Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройидан шифохонага олиб кетилган хонанда Манзуранинг аҳволи номаълум қолмоқда, деб хабар беради “Даракчи” нашри.

Хонанда 1 ва 2 февраль кунлари концертини ўтказгану, юрак хасталиги туфайли касалхонага олиб кетилган. Учинчи кунги концерт бекор қилиниш муносабати билан чипта сотиб олган фуқароларга айни пайтда пуллари қайтариб берилмоқда.

“Концертнинг бошидан охирига қадар Манзура фонограммада куйлади. Ваҳоланки, унинг овоз имкониятлари жонли ижрога бемалол етар эди. Устига устак концертда бирорта ҳам чолғучи кўринмади”, деб ёзади шоу бизнес нашри.

XS
SM
MD
LG