Линклар

Россия ТОР анонимайзерига тўсиқ қўймоқчи


ТОРдан 143 минг россиялик фойдаланади.

ТОРдан 143 минг россиялик фойдаланади.

5 февраль куни россиялик қонун чиқарувчи Леонид Левин веб-анонимайзерларига, жумладан, энг машҳур ТОР анонимайзерига тўсиқ қўйишни таклиф қилди.

“ТОР” сўзи инглизча “The Onion Router” (“пиёз роутер”) жумласининг қисқартмасидир. Бу дастур ёрдамида Интернетдан аноним тарзда фойдаланиш ҳамда маҳаллий веб чекловларни четлаб ўтиш мумкин.

Левиннинг таклифини Роскомнадзор дарров қўллади. Роскомнадзор коммуникацияларни назорат қилиб турувчи давлат хизматидир.

Роскомнадзорнинг матбуот котиби Вадим Ампелонский ТОРдан фойдаланувчиларни “ижтимоий ташландиқлар” деб атаб мазах қилди ва дастурни жиноятчилар яширинувчи хилват жойга қиёслади.

Ампелонский ТОРга тўсиқ қўйиш таклифини қўллашини айтиб, уни блоклаш “техник жиҳатдан мураккаб, аммо иложини қилса бўлади”, деди.

Интернет таҳлилчилари бўлса бошқача фикрда.

Москвалик Интернет таҳлилчи Ирина Левова “ТОРни блоклаб бўлмайди”, деди.

Левова ҳукумат барча шифрланган Интернет трафикка тўсиқ қўйиши мумкинлигини қўшимча қилди. Аммо бундай қилинса онлайн банк хизматлари ва онлайн савдо бутунлай издан чиққан бўларди. Ҳукумат яна веб фильтрларни четлаб ўтувчи дастурларни ман қилиш орқали муаммога юридик ечим топиши мумкин.

Россияда ТОРдан фойдаланувчилар сони 143 000 нафарни ташкил қилади.

Дунё бўйича ТОРдан энг кўп фойдаланувчи давлатлар орасида Россия АҚШ ва Германиядан кейин учинчи ўринни эгаллайди.

Фойдаланувчиларнинг қаердалиги ва Интернетдан қандай фойдаланаётганини яшириш учун ТОР браузери Интернет трафикни минглаган тугундан иборат халқаро кўнгилли тармоқ орқали ўтказади.

ТОР браузери эркин дастур бўлиб, уни бепул кўчириб олиш мумкин. Хусусий адвокатлар, ёлланма изқуварлар, журналистлар, блоггерлар, ҳакерлар ва жиноятчилар орасида ТОРдан фойдаланиш кенг тарқалган.

Россияда эса ҳукумат онлайн цензурани кучайтираётган бир пайтда ТОР фойдаланувчиларга веб тўсиқларни четлаб ўтишда ёрдам бераяпти.

Ёшларни худкушлик, жинсий эксплуатация ва гиёҳвандликдан ҳимоялаш ниқоби остида рус расмийлари суд қарорисиз сайтларга тўсиқ қўйиш имконини қўлга киритдилар.

Мазкур қонун ёрдамида учта мухолифат янгилик порталларига – Kasparov.ru, Grani.ru, Ежедневний журнал нашрларига тўсиқ қўйилди.

Мухолифат етакчиси Алексей Навалнийнинг сайти ҳам блокланган. "Эхо Москвы" либерал радиоси бўлса, баъзи Интернет провайдерлари томонидан қисқа муддатга тўсилди.

ТОРни тўсиш ҳақидаги биринчи расмий чақириқ 2013 йилнинг июнида Федерал хавфсизлик хизматидан келганди.

ФСБ билан алоқадор ҳуқуқшунос Анатолий Кучерена ўша пайтда кремлпараст "Известия" нашрига берган интервьюсида Интернет қора рўйхатини тўсиб ўтиш учун вебсайт яратганлар жавобгарликка тортилиши кераклигини айтган.

2014 йилнинг июнида Россия Ички ишлар вазирлиги расмийларга ТОР фойдаланувчиларини аниқлаш имконини берадиган изланиш учун 3,9 миллион рубль мукофот таклиф қилиб, тендер эълон қилди.

ТОР лойиҳасининг расмий сайтида берилган маълумотга кўра, тендер эълон қилинганидан кейин Россияда дастурдан фойдаланувчилар сони кескин ўсди.

Левовага кўра, бу нарса расмийлар ТОР билан курашишда дуч келадиган дилеммани кўрсатади: улар қанча ТОРни тўсишга ҳаракат қилишса, дастур шунча машҳур бўлади.

ТОР фойдаланувчилари эса текширувлардан хавотирда эмасликларини айтишмоқда.

Смартфонлар учун дастур чиқарадиган корхона эгаси 30 ёшли Мика тўсилган мухолифат сайтларини очиш учун ТОРдан 2014 йилдан бери фойдаланиб келаяпти.

Мика “Қандай қилиб тинмай ўзгариб турадиган проксиларни блоклаш мумкин?” дейди.

Том Бальмфорт қаламига мансуб мазкур мақола Нодир Атаев томонидан ўзбек тилига ўгирилди.

XS
SM
MD
LG