Линклар

logo-print

Украина шарқида ўт очишни тўхтатиш борасида Минскда эришилган битим кучга киришига бир неча соат қолган бир пайтда ҳукумат кучлари ва айирмачилар ўртасида жанглар шиддати кучайгани хабар қилинмоқда.

Айирмачилар Украина армияси позицияларини ўққа тутишда давом этмоқда. Украина томонига кўра, айирмачилар сўнгги 24 соат ичида украин кучлари позицияларини 120 марта ўққа тутган.

Украина Мудофаа вазирлиги матбуот вакили Андрей Лисенко сўнгги бир кун ичида 7 украин ҳарбийси ҳалок бўлгани, 23 нафари яраланганини маълум қилди.

Украина армияси назорат қилаётган стратегик аҳамиятга эга Дебальцево шаҳри “Град” ракеталаридан ўққа тутилган.

Дебальцево полицияси бошлиғи Вячеслав Аброскин ижтимоий тармоқ орқали “Шаҳар ёнғин ичида, аҳоли пунктлари ва турар жой бинолари тинимсиз артиллерия қуролларидан бомбардимон қилинмоқда, ”, деб ёзди.

Сўнгги пайтларда Дебельцево украина шарқидаги қуролли тўқнашувлар эпимарказига айланди. Минглаб одам ўз уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлди.

Айирмачилар вакиллари ушбу шаҳарда украин кучларини қуршовга олганликларини иддао қилишади. Лекин, Киев бу иддаоларни рад қилиб келади.

Шунингдек, Украинанинг Азов денгизи соҳилидаги йирик порт шаҳарларидан бири Мариуполь ҳам 14 февраль куни ҳужумга тутилди.

Украина қуролли кучларининг Азов батальёни кўнгиллиларидан бирининг “ВКонтакте” тармоғида ёзишича, айирмачилар Широкине аҳоли пунктларини артиллерия қуролларидан ўққа тутган.

Киев ҳукумати Россияни Украина шарқидаги айирмачиларга қурол етказиб бераётганликда айблаб келади.

АҚШ Давлат котиби Жэн Псаки Россия Дебельцевога ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари қаторида артиллерия қуроллари етказиб бераётгани ҳақда хавотир билдирди.

-Бу ушбу ҳафтада эришилган шартнома рухига тўғри келмайди, - деди Жэн Псаки.

Минскда Украина, Россия, Германия ва Франция раҳбарлари иштирокида эришилган келишувга мувофиқ Донбасда ўт очиш шанбадан якшанбага ўтар кечаси, соат 12.00дан тўхтатилиши керак.

Украина президенти Петро Порошенко ўт очишни тўхтатиш бўйича пайшанба куни Минскда эришилган битим ҳали кучга кирмасидан барбод бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Айни пайтда ўзларини Донецк халқ республикаси, деб ататган гуруҳ жума ва шанба кунлари исёнкорлар позициялари ҳамда аҳоли пунктлари оғир қуроллардан 25 марта ўққа тутилганини айтишди.

БМТнинг Инсонпарварлик масалалари бўйича мувофиқлаштирувчи бошқармаси Украинада қуролли тўқнашувлар бошланган ўтган йилнинг апрель ойидан буён камида 5 ярим минг одам, шу жумладан ёш болалар ҳалок бўлган, 13 мингга яқин одам яраланган.

XS
SM
MD
LG