Линклар

Эронлик генерал Теҳрон “Исломий Давлат” режаларини бузаётганини иддао қилди


Эронлик генерал Муҳаммад Али Жаъфарий.

Эронлик генерал Муҳаммад Али Жаъфарий.

Эрон Инқилоб посбонлари корпуси қўмондонларидан бири ўз мамлакати Ироқда “Исломий давлат” гуруҳи жангарилари устидан ғалаба қозонишда кўмаклашганини иддао қилиб чиқди.

- Ироқда “Исломий давлат” гуруҳи бош кўтариб чиққан пайтда уни йўқ қилиш учун бирор-бир давлат ёрдам таклиф қилгани йўқ. Аммо Эрон “Исломий давлат”ни йўқ қилиш учун Ироқ халқига ёрдамга отилди, - дея билдирди генерал Муҳаммад Али Жаъфарий 14 февраль кунги баёнотида.

“Эрон Ироқда “Исломий давлат”нинг барча режаларини барбод қилаяпти” деган Жаъфарий бу ҳол АҚШ президенти Барак Обама дохил жаҳон лидерларининг кўпчилигини танг қолдирганини қўшимча қилди.

Эронлик генералнинг бу баёноти Теҳрон Ироқда ҳеч қанақа ҳарбий ҳаракатларни амалга оширмаётгани ҳақида бир-бирига зид бўлган иддаолар ўртага чиққан пайтда янгради.

Аввалроқ генерал Жаъфарий Эрон ироқлик зобитларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказишга ҳозир эканини баён қилганди. Эрон ва Ироқ расмийлари ўтган йилнинг декабрь ойида хавфсизликка оид келишувга эришганлар. Мазкур битим, маълумотларга кўра, икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик кўламини кенгайтириши лозим.

XS
SM
MD
LG