Линклар

"Исломий давлат" Ҳаёт Буммеддьендан интервью олганини иддао қилди


Ҳаёт Буммеддьен ва Амед Кулибали (Франция полицияси томонидан январь ойида тарқатилган сурат).

Ҳаёт Буммеддьен ва Амед Кулибали (Франция полицияси томонидан январь ойида тарқатилган сурат).

"Исломий давлат" гуруҳи чиқарадиган французча журнал Париж дўконидаги ҳужумни уюштирган Амед Кулибалининг беваси Ҳаёт Буммеддьендан интервью олганини иддао қилмоқда.

Ўзини Абу Басир Абдулла ал-Африкий деб атаган Кулибали 7 январь куни машқ учун югураётган шахсни, 8 январь куни қуролланмаган полициячи аёлни ва кўча супурувчисини ўққа тутишда айбланди. 9 январь куни эса Кулибали Париждаги озиқ-овқат дўконида тўрт кишини ўлдирди. Бундан кейин полициячилар Кулибалини ўлдирди ва гаровга олинганларни озод қилди.

Буммеддьен ҳужумлардан аввал Сурияга кетгани айтилади. Бу ҳужумлар икки қуролланган шахс Charlie Hebdo ҳажвий журнали офисида 12 кишини ўлдирганидан кейин содир бўлди.

Французча ИД журнали Дар ал-ислом деб номланади. “Ислом ери” маъносига эга бўлган бу жумла ислом ҳукми остидаги ерлар ҳақида қўлланилади.

Журналнинг муқовасида ИДнинг Ал-ҳаёт медиа қаноти логоси, Эйфель минораси расми ҳамда “Аллоҳ Францияни жазоласин” сарлавҳаси ёзилган.

Буммеддьен билан интервьюдан ташқари журналда “Пайғамбарни ҳақоратлаганларга ҳужум қилиш” ва “Франциянинг исломга бўлган адовати тарихи” каби сарлавҳали мақолалар ҳам берилган.

ИД Буммеддьендан олганини таъкидлаётган интервью савол-жавоб шаклида бўлиб, 13 саҳифали журналнинг икки бетини эгаллаган. Журналда Буммеддьеннинг исми ишлатилмаган. Бунинг ўрнига “биродаримиз Абу Басир Абдулла ал-Африкийнинг аёли” сўзлари қўлланилган.

Интервьюнинг ҳақиқийлигини аниқлаб бўлмайди. Quilliam жамғармасида Ироқ ва Суриядаги жиҳодчилик бўйича изланишлар олиб бораётган Чарли Винтер журнал ИДнинг арабча манбаларида тарқатилмаганини ва расмий нашр бўлмаслиги мумкинлигини айтди.

Интервью расмий ёки расмий эмаслигидан қатъи назар, Дар ал-ислом журнали эрининг “Аллоҳ душманлари билан курашиш” иштиёқини қўллаган Буммеддьенни тақводор ИД аёллари учун намуна ва ўрнак сифатида ишлатади.

ИД бошчиси Абу Бакр ал-Бағдодийга содиқлигини видео орқали изҳор қилган Кулибалини эса ИД “шаҳид” деб олқишлайди.

Интервьюда Буммеддьен ИД бошқарувидаги ерга хатарсиз етиб борганини ва ҳеч қандай мауммога дуч келмаганини айтган.

Журналга кўра, Буммеддьен “Аллоҳ қонунлари билан бошқариладиган ерда яшаш яхши”, деган.

“Халифалик” эълон қилинганида Кулибали нималар ҳис қилгани ҳақида сўралганда Буммеддьен турмуш ўртоғи “жуда хурсанд бўлгани”ни айтган.

“Унинг юраги халифалик ерларида биродарларига қўшилиб, Аллоҳ душманлари билан курашиш истаги билан ёнарди. Исломий Давлат видеоларини кўрганида кўзлари чақнар эди”, деган Буммеддьен.

Мусулмонларга, хусусан, аёлларга бирор гапи бор-йўқлиги ҳақида сўралганда Буммеддьен аёллар “пайғамбар ва саҳобалар ҳаётини ўрганишлари ва уларнинг яшашдан мақсади нима бўлганини ўрганишлари керак. Уларнинг мақсади Аллоҳ истагандек ибодат қилиш бўлган”, деган.

Аёлларга мурожаатида Буммеддьен ИД қарашларини қўллайди. У “сингиллари” ўз “эрларига, ака-укаларига, оталарига, ўғилларига” хизмат қилишлари кераклигини айтади.

Буммеддьенга кўра, аёллар “вақт ва қувватларини майда-чуйда нарсаларга” ёки уларга тегишли бўлмаган нарсаларга исроф қилмасликлари керак. Бунинг ўрнига Буммеддьен аёлларни динни ўрганишга, Қуръонни ўқишга ва унга амал қилишга чақиради.

Журналда ёзилишича, Буммеддьен аёлларни Исломда Мусо пайғамбар даврида ҳукм сурган фараоннинг аёли бўлгани айтиладиган Асиядан ва Исо пайғамбарнинг онаси Марямдан ўрнак олишга чақиради. Бу икки аёл ислом динида улуғланади.

Буммеддьен сийқаси чиққан гаплар билан сўзини якунлайди: „Сабрнинг таги сариқ олтин… Ишонувчи ҳаётида синов ва тўсиқ кўп. Қайғули дамда узун туйилгани билан ҳаёт қисқадир“.

Дар ал-ислом журналининг Буммеддьен билан интервьюси, Кулибали ва Париж ҳужумларини олқишлаши ва Аллоҳ „Францияни жазоласин“ каби ҳайқириқлари янгилик эмас. Журнал чиқишидан бир оз аввал ИД франциялик мусулмонлар Францияда ҳужум уюштиришга чақираётгани акс эттирилган бир неча видеони чиқарди.

Бундай видеоларнинг энг охиргиси 9 февраль куни ёйинланди. "Ҳалаб ичида" деб номланувчи мазкур видеода британиялик асир Жон Кантил кўрсатилганди. Видео яна бир француз жангариси мурожаатини ўз ичига олади. Видеода жангари Париждаги ҳужумларни олқишлайди ва Франциядаги мусулмонларни яна янги ҳужумлар уюштиришга чақиради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG