Линклар

logo-print

Украина шарқида сулҳ битими кучга киргач умумиятла ўқ овози тинди


Донбассдаги украин аскарлари

Донбассдаги украин аскарлари

Донецк ва Дебальцевода артиллерия отишмалари овози тингани айтилмоқда. Фақат тонгги соатлардан томонлар бир-бирини сулҳни бузишда айблай бошлади. Украина Бош штаби сепаратчилар Киев ҳарбийлари позицияларига қарата 10 марта ўт очганини айтмоқда. Сепаратчилар эса Киев ҳарбийларини сулҳни бузишда айблади.

12 февраль куни Минскда эришилган тинчлик битими 15 февралдан Донбассда Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида ўт очишни тўхтатишни кўзда тутади.

Кузатувчилар, умумиятла, ҳарбий ҳаракатлар тўхтагани, артиллерия ва бошқа оғир қуроллар овози тинганини айтмоқда. Фақатгина баъзи ҳудудларда кичик-кичик инцидентлар содир бўлгани ва бунинг ортидан томонидан бир-бирини ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айбланётгани кузатилмоқда.

Луганск области губернатори Геннадий Москаль баёнотига кўра, областнинг Попасная шаҳридаги магазин, поликлиника ва хусусий уйлардан бирига снаряд тушган. Москаль ўқ ва снарядлар сепаратчилар томонидан отилганини айтмоқда.

Айни пайтда айирмачилар сулҳни Киев ҳарбийлари бузаётганини таъкидламоқда. "Донецк халқ республикаси" бошқаруви вакили Эдуард Басурин Дебальцевода ҳам ҳарбий ҳаракатлар кузатилгани ҳақида баёнот тарқатди.

Донбассда ўт очишни тўхтатиш борасидаги сулҳ 15 февраль тунги соат 00:00 да кучга кирди.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Петро Порошенко ўз қўшинларига Минскдаги янги битимга мувофиқ мамлакат шарқидаги уруш ўчоғида ўт очишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берди.

Киев кучлари қўмондонлигининг мажлиси нафақат Украина телеканаллари, балки хорижий оммавий ахборот воситалари орқали ҳам бевосита намойиш қилинди. Мазкур мажлисда Порошенко айирмачиларнинг барча қуролли отрядлари ҳам сулҳга риоя қилишига умид билдирди.

Айни пайтда Украина президенти россияпараст исёнчиларнинг Дебальцево атрофидаги жанговар хатти-ҳаракатлари тинчлик ўрнатиш уринишларига раҳна солаётганини ҳам таъкидлади.

- Умид қиламанки, Донбассда тинчлик ўрнатиш йўлидаги узоқ уринишлардан сўнг эришилган бу сўнгги, эҳтимол сўнгги имконият бой берилмайди. Бу йўлда бирорта эҳтиётсиз қадам, ҳаракат ёки асоссиз ҳужум бўлишига йўл қўймаслик учун мен қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан. Зеро, бу минтақада тинчлик ҳаммадан кўра кўпроқ Украинага зарур, - деди Порошенко.

Айни пайтда у, агар қарши тараф тинчлик шартини бузса, Украина тинч қараб турмаслигига ҳам ишорат берди.

- Дўстлар, мен шу ўринда сулҳ бузилса, Украина нималар қилиши мумкинлиги ҳақида гапиришни истамайман. Лекин, шуни айтиб ўтмоқчиманки, чап юзимизга тарсаки туширганларга ўнг юзимизни тутиб бермаймиз. Мени Худонинг ўзи кечирсин! - дея огоҳлантирди Украина президенти.

Бунга қадар АҚШ расмийлари Луганск ва Донецкдаги сепаратчилар гуруҳларнинг тинчлик битимини бузиши мумкинлигидан хавотир билдирган. Айни масалани кўтарган АҚШ Давлат котиби Жон Керри россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан телефонда суҳбатлашган ҳамда ўт очишни тўхтатиш битимига амал қилиш заруратини таъкидлади.

Шунингдек, АҚШ президенти Барак Обама ҳам Украина президенти Петро Порошенко, тинчлик музокараларига етакчилик қилган Германия канцлери Ангела Меркеллар билан телефонда суҳбатлашиб, хусусан Дебальцеводаги зўравонликлардан хавотир билдирди.

14 февраль куни АҚШ Давлат департаменти "Россия ҳарбийлари Дебальцево атрофига катта миқдордаги артиллерия қуроллари ва ракета отувчи техникани жойлаштирганини кўрсатувчи" бир неча сурат тақдим қилингани ҳақида баёнот тарқатди.

Департамент матбуот котиби Жен Псаки АҚШ Мудофаасининг "булар сепаратчилар эмас, Россия ҳарбийларининг техникаси эканига ишончи комил" эканини айтган.

Россия эса сепаратчиларни қўллаб, ҳарбий ёки қурол бераётганига оид Ғарб ҳукуматлари айбловларини муттасил равишда инкор қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG