Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:44

Қозоғистонда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш таклиф қилинди


Қозоғистонни 25 йилдан буён бошқариб келаётган президент Нурсултон Назарбоев.
Қозоғистонни 25 йилдан буён бошқариб келаётган президент Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистон халқ ассамблеяси кенгаши мамлакатда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Мазкур ассамблея раиси Нурсултон Назарбоев эканини урғулаган кузатувчилар бу таклиф бевосита амалдаги президентнинг ўзидан чиққан бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаяптилар.

Қозоғистон халқ ассамблеяси кенгаши аъзолари 14 февраль куни ўтказилган мажлисда Қозоғистонда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш ташаббусини бир овоздан маъқуллади. Бу ҳақда Озодликнинг қозоқ хизматига ассамблея кенгаши аъзоси, Қозоғистондаги курд диаспораси раҳбари Князь Мирзоев маълум қилди.

Унинг айтишича, 2015 йилда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш таклифи Ассамблея раисининг ўринбосари Анатолий Башмаковдан чиққан.

- Мен ҳам сўзга чиқиб, Башмаковнинг таклифини қўллаб-қувватладим. Мен президент Нурсултон Назарбоевга тўлалигича ишонаман, - дер экан Қозоғистондаги курдларнинг “Барбанг” ассоциацияси раиси Князь Мирзоев шанба кунги мажлисда президент Назарбоевнинг ўзи қатнашмаганини қўшимча қилди.

Мирзоевга кўра, Ассамблея мажлисида бу ташкилотдан парламентга депутат ўлароқ сайланган тўққиз кишининг ҳаммаси иштирок этган ва уларнинг ҳаммаси Башмаков таклифини бир овоздан қўллаган.

Қозоғистонда муддатидан олдин президент сайлови ўтказиш лозимлиги ҳақида Анатолий Башмаков даставвал Vласть интернет-журналига берган интервьюсида билдирган. Башмаков фикрича, 2016 йили ҳам президент сайловини, ҳам парламент қуйи палатасига ҳам сайловларни ўтказиш қийин бўлади. “Бундан ташқари, 2016 йилда, экспертлар фикрича, дунёда ҳам молиявий иқтисодий бўҳрон, ҳам дунёқарашга оид ва цивилизацион бўҳрон авж палласига чиқади” деган Анатолий Башмаков Қозоғистон жамияти ва иқтисодида чатнашларга йўл қўймаслик учун президент сайловини жорий йилда ўтказиб юборишни таклиф қилган.

Айни пайтда Қозоғистон халқ ассамблеяси раиси Нурсултон Назарбоев эканини урғулаган кузатувчилар бу таклиф бевосита амалдаги президентнинг ўзидан чиққан бўлиши мумкинлигини эътибордан соқит қилмаяпти.

25 йилдан буён Қозоғистонни бошқариб келаётган 74 ёшли Нурсултон Назарбоев, мамлакат конституциясига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, президентликка ададсиз сайланиш ҳуқуқига эга.

Даставвал 1989 йили Қозоғистон Компартияси марказий қўмитаси биринчи котиби ўлароқ бошқарувга келган Назарбоев 1990 йил апрелида Республика Олий кенгашида Қозоғистон ССР президенти этиб сайланганди. Орадан бир йил ўтгач у биринчи умумхалқ сайловида президентликка сайланган. Назарбоевнинг ўша пайтдаги ваколати 1996 йил декабрида тугаши лозим эди. Бироқ 1995 йил апрелида ўтказилган референдум туфайли унинг президентлик муддати яна беш йилга – 2000 йилгача чўзилган. 1999 йил муддатидан олдин ўтказилган президент сайловида Нурсултон Назарбоев яна давлат раҳбари лавозимини эгаллаган. 2005 йилдаги сайловдан кейин ҳам Назарбоев ўз курсисида қолаверган. Нурсултон Назарбоев президентликка сайланган сўнгги сайлов Қозоғистонда 2011 йил апрелида ўтказилганди.

Қозоқ мухолифати ўтган 25 йил мобайнида Назарбоев барпо қилган режим авторитар бўлиб ҳисобланишини, сайловда унинг кўп овоз олиши эса маъмурий ресурслардан фойдаланиш ҳосиласи эканини таъкидлаб келади.

Қозоғистонда аввал ўтказилган президент сайловлари халқаро демократик ташкилотлар томонидан эркин ва ҳалол бўлмаган сайловлар ўлароқ бир неча марта танқид қилинган. Айни пайтда қозоқ расмийлари бу танқидларни “асоссиз” дея рад қилиб келадилар.

XS
SM
MD
LG