Линклар

logo-print

Кузатувчилар, йирик ҳарбий ҳаракатлар тўхтагани, артиллерия ва бошқа оғир қуроллар овози тинганини айтмоқда.

Фақатгина баъзи ҳудудларда кичик-кичик инцидентлар содир бўлмоқда ва бунинг ортидан томонлар бир-бирини ўт очишни тўхтатиш келишувини бузишда айблаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Луганск области губернатори Геннадий Москаль баёнотига кўра, областнинг Попасная шаҳридаги магазин, поликлиника ва хусусий уйлардан бирига снаряд тушган. Москаль ўқ ва снарядлар сепаратчилар томонидан отилганини айтмоқда.

Айни пайтда айирмачилар сулҳни Киев ҳарбийлари бузаётганини таъкидламоқда. "Донецк халқ республикаси" бошқаруви вакили Эдуард Басурин Дебальцевода ҳам ҳарбий ҳаракатлар кузатилгани ҳақида баёнот тарқатди.

Донбассда ўт очишни тўхтатиш борасидаги сулҳ 15 февраль тунги соат 00:00 да кучга кирди.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Петро Порошенко ўз қўшинларига ўт очишни тўхтатиш ҳақида буйруқ берди.

- Умид қиламанки, Донбассда тинчлик ўрнатиш йўлидаги узоқ уринишлардан сўнг эришилган сўнгги, эҳтимол сўнгги имконият бой берилмайди. Бу йўлда бирорта эҳтиётсиз қадам, ҳаракат ёки асоссиз ҳужум бўлишига йўл қўймаслик учун мен қўлимдан келган ҳамма ишни қиламан. Зеро, бу минтақада тинчлик ҳаммадан кўра кўпроқ Украинага зарур, - деди Порошенко.

Айни пайтда у, агар қарши тараф тинчлик шартини бузса, Украина тинч қараб турмаслигига ҳам ишорат берди.

XS
SM
MD
LG