Линклар

Ироқлик депутатлар сунний қабила бошлиғи ўлдирилиши муносабати билан бойкот эълон қилди


Ироқдаги сунний депутатлар Бағдодда сунний қабила бошлиғи ўлдирилиши муносабати билан 15 февраль куни бойкот эълон қилдилар. Улар шайх Қосим ал-Жанобий ва ўғли Муҳаммаднинг ўлдирилишида шиа полициячиларини айбладилар.

Шайх Қосим, унинг ўғли ҳамда 6 нафар тансоқчи 13 февраль куни Бағдод жанубидан ўғирлаб кетилган ва кўп ўтмай ўлдирилганди. Шайхнинг диний фирқачиликка қарши курашда асосий фигуралардан бири бўлгани айтилади.

Ироқ парламентидаги 328 ўриндан 73 тасини эгаллаган сунний депутатларнинг “очиқ бойкоти” депутат Салим ал-Жубурийнинг Фейсбукдаги саҳифасида эълон қилинди. Баёнотда сунний депутатлар мазкур қотилликни “фавқулодда йиғилиш”да кўриб чиққанлари, жангарилик ва мазҳабпарастлик фаолияти учун жиноий жавобгарликни кўзда тутган қонун лойиҳасини ҳукуматга киритиш учун тайёрлаб қўйганларини билдирганлар.

Аввалроқ аксар аҳолиси шиалардан иборат Басрада уч нафар сунний руҳоний ўлдирилганди. Бу қотилликлар шиа жангарилари томонидан амалга оширилгани ҳақида тахминлар бор. Басрадаги қотилликлар сўнгги пайтларда мазҳаблараро қонли тўқнашувларга саҳна бўлаётган Ироқда ўзаро адоват кайфиятини янада кучайтириб юборгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG