Линклар

Уч президент ва бир канцлер Минскда туни билан ишлашди. Узоқ музокаралардан кейин улар ўт очишни тўхтатиш бўйича битим имзолашди. Агар бу битимга амал қилинса, Украина шарқида айирмачилар ва Киев кучлари ўртасида кечаётган жанглар тўхташи мумкин.

Янги келишув ўт очишни тўхтатган ҳолда ҳам, у Москва ва Киев ўртасидаги тўқнашувни келтириб чиқарган асосий масалани, яъни Украинанинг келажакда қайси сиёсий йўлдан кетишини ҳал қилмайди.

Блумберг сайтида Леонид Бершидский таърифлагандек, эришилган битим “вақт бомбаси” бўлиб, “Россия исталган пайтда портлаши мумкин”.

Кремль учун Донбассдаги жанг аслида ҳеч қачон Донбассга оид бўлган эмас. Россия учун бу тўқнашув Украина раҳбарларини ғарб билан интеграция қилиш ниятидан тазйиқ остида қайтариш ҳақида бўлган. Беларусь пойтахтида эришилган битим Россия учун ўша босимни давом эттиришга ёки ҳатто оширишга имкон яратади.

Аммо, келинг, аввал яхши янгиликларга тўхталиб ўтамиз.

Битимнинг энг тушунарли ери оташкесим ҳақидаги бўлимидир. Унга мувофиқ, 15 февраль куни ўт очиш тўхтатилиши керак.

Ўт очиш тўхталишидан бир кун ўтиб, икки томон фронт чизиғидан оғир артиллерияни олиб кетиши ва 50 км масофали қуролсизлантирилган ҳудуд яратиши керак. Бу ҳудудни ЕХҲТ назорат қилади. Яна 70-140 кмли хавфсиз зона яратиш учун узоқ масофага ракета отувчи мосламалар олисроққа олиб кетилиши керак.

Минскда ўтган йили сентябрь ойида эришилган битимга қараганда янги битим анча яхши –сентябрдаги келишувда 30 км масофага чўзиладиган хавфсиз зона яратишга келишилган эди, холос.

Кенгроқ ҳудудни назорат қилиб туриш ЕХҲТ учун осонроқ бўлади. Бундан ташқари, кенгроқ хавфсизлик ҳудуди кўп аҳоли яшайдиган ҳукумат бошқарувидаги Краматорск ва айирмачилар бошқарувидаги Донецк шаҳарларини оғир артиллериядан йироқда сақлайди.

Аммо бу ерда ҳам қийинчиликлар бор. Булар ичида энг муҳими Дебальцево шаҳрининг келажагидир. Айирмачилар ўраб олган бу шаҳар ҳозир ҳукумат қўлида бўлиб, муҳим темирйўл станцияси ҳисобланади. Кўп тортишувлардан кейин ҳам томонлар Дебальцево бўйича муросага кела олмади ва шаҳарнинг статуси якуний битимда тилга олинмади.

Мухолифатчи Гарри Каспаров Twitterда “Путиннинг аввал ҳужум қилиб, кейин музокара олиб бориш режаси ўз натижасини берди. Қрим эмас, Дебальцево юзасидан тортишди. Рағбатлантирилган агрессия яна кўпроқ агрессияга етаклайди”, деб ёзди.

Энди ёмон хабарларга тўхталсак. Битимнинг қолган қисми хавф ва камчиликларга тўла.

Энг муҳими, келишув Украина расмийларидан айирмачилар бошқарувидаги ҳудудларга махсус статус беришни талаб қилади. Хусусан, битим айирмачиларга ўз милиция хизматига эга бўлиш, прокурор ва судья тайинлашда иштирок этиш ҳуқуқини беради. Бундан ташқари, Киев айирмачилар ҳудудларидаги расмийларнинг ваколатларини тортиб ололмайди.

Шунингдек, Украина йил якунигача конституциявий ислоҳотларни якунлаши ва айирмачи ҳудудларнинг “махсус статуси”ни тан олиш учун ҳукуматни децентрализация қилиши керак.

Россия президенти Владимир Путин бу нарсага “федерализация” деб қарашини билдирган. “Федерализация” Кремлнинг муҳим мақсадларидан биридир.

Россия марказий ҳукумат ваколатларининг баъзиларини Украина ҳудудларига бўлиб бериш тарафдори. Бундай қилинса, мамлакатни НАТО ёки Европа Иттифоқига яқинлаштириш учун қилинган ҳар қандай ҳаракатга Украина шарқидаги россияпараст ҳудудлар тўсқинлик қила олади.

Музокаралардан кейин Украина президенти Петро Порошенко ўзини йўқотмай, “федерализация қилиш таклифларига рози бўлмадим – федерациялар ҳам, автономиялар ҳам бўлмайди”, деди.

Порошенко Донецк ва Луганск областлари учун “махсус статус” “бутун Украинага татбиқ этиладиган децентрализация бўйича конституциявий ўзгартиришлар орқали” ишлаб чиқилишини қўшимча қилди.

Киевнинг муҳим талаби, яъни айирмачилар қўлидаги Россия-Украина чегараси бошқарувини қўлга олиш конституциявий ислоҳотлар ва децентрализация қонун тусини олмагунча амалга ошмайди.

Битимда яна ҳар хил талқин қилиш мумкин бўлган мужмал жиҳатлар кўп.

Масалан, “қуролланган халқаро бўлинма” нима?

Битимда улар “ҳарбий техника ва ёлланма кучлар” билан бирга Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши кераклиги айтилган.

Украинлар учун бу жумла Донбассдаги минглаган россия аскарлари ва қуролларини англатади. Москва эса Украинада ҳарбийлари ёки қурол-аслаҳаси йўқлигини таъкидлайди, ваҳоланки, бунинг ёлғонлигини кўрсатувчи етарлича далил бор. Хўш, нима олиб чиқиб кетилиши керак ўзи унда?

“Асир” ва “гаровга олинган” сўзлари остида ким назарда тутилган? Битим матнига кўра, “барча асир ва гаровга олинганлар “ҳамма ҳамма учун” принципига асосланган маҳбус алмашиш йўли билан озод қилиниши керак”.

Булар сафида Надежда Савченко борми? Савченко украиналик ҳарбий учувчи бўлиб, ҳозирда у Россия қамоқхоналарининг бирида тутиб турилибди. Унинг очлик эълон қилганига тўққиз ҳафта бўлди. Савченко шарқий Украинада ўтган йилнинг июнь ойида ғойиб бўлиб, июль ойида Россия қамоғида пайдо бўлди. У айирмачилар томонидан ўғирлаб кетилгани ва Россияга олиб ўтилганини айтган.

Порошенко Савченконинг озод қилиниши битимнинг бир шарти эканлигини айтди. Москвадан эса бу борада сас-садо чиққани йўқ. Россия Савченкони икки журналистни ўлдирганликда айблайди ва у Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтаётганида қўлга олинганини таъкидлайди.

Эришилган битим Донбассдаги тўқнашувларни тўхтатиши мумкин. Аммо у Украинага жангга ечим топишда унча ёрдам бермайди.

Брайан Уитмор қаламига мансуб бу мақола Нодир Атаев томонидан таржима қилинган.

XS
SM
MD
LG