Линклар

logo-print

Ўзбекистонлик 10 яшар қиз Волгада чўкаётган икки болани қутқариб қолди


Ўзбекистонлик Алфия Тожибоева Энгельс шаҳар масжидининг олд ўқувчиларидан бири.

Ўзбекистонлик Алфия Тожибоева Энгельс шаҳар масжидининг олд ўқувчиларидан бири.

Россияни Саратов вилояти Энгельс шаҳрида истиқомат қилаётган 10 яшар ўзбекистонлик Алфия Тожибоева музлаган Волга даресида чўкаётган икки ёш болани қутқариб қолди. Ҳақиқий қахрамонга айланган Алфия шаҳар маъмурияти ва у ўқиётган мактаб томонидан муносиб тақдирланиши хабар қилинмоқда. Онаси фаррошлик қиладиган Энгельс шаҳар масжиди вакиллари Озодликка бу қизалоқ Қуръони Карим ҳофизаси эканини ҳам айтиб беришди.

Ўтган сешанба, 10 февраль куни соат 15лар атрофида Саратов вилоятининг Энгельс шаҳарчасида 7 ёшли Даша Тангинова ва унинг 6 яшар укаси Миша ёши каттароқ Алфияни Волга бўйига сайр қилгани чақирган.

Алфия Тожибоева

Алфия Тожибоева

Алфиянинг қаршилигига қарамасдан юпқа муз устига чиққан болалар бирдан сув остига кетган. Уларни тортиб олишга кўзи етмаган Алфия ўзини сувга отган ва чўкаётган болалар унинг устига тирмашиб сувдан чиқиб олган.

- Мен уларга “елкамга чиқ”, дедим. Аввал қуруқликка Даша, унинг ортидан Миша чиқиб олди. Кейин мен ўзим чиқдим. Бу жуда тез содир бўлдики, умуман совуқни сезмабман,- дея эслайди Алфия.

Сувга тушган болаларни биринчи бўлиб дарё бўйида айланиб юрган эр-хотин Евгений ва Валентина Шиповлар кўриб қолган. Шиповлар болаларни кўтариб дарё яқинидаги биринчи бино – маҳаллий тиббиёт коллежига олиб киради.

Энгельс тиббиёт коллежининг тарбиявий ишлар бўйича директор муовини Татьяна Сорокина ўша кунги воқеани эслар экан, коллеж ўқитувчилари ва талабалар биргаликда жиққа ҳўл бўлган болаларга биринчи ёрдам кўрсатишганини айтиб берди:

Миша ва Даша Тангиновлар коллеж ходимлари билан

Миша ва Даша Тангиновлар коллеж ходимлари билан

- Талабалар, лаборантларимиз болаларга ёрдам кўрсата бошлади, кийим-кечакларини қуритдик, спирт билан артдик, иссиқ сувда иситдик ва чой бердик. Шиповлар аввалига катта йўлда кетаётган машиналарни тўхтата бошлаган экан, аммо тўхтаган такси ҳайдовчиси автомобил салони хўл бўлишини айтиб, болаларни совуқда ташлаб кетган. Кейин улар бизнинг коллежга югуриб келган. Талабаларимиз устиларидаги қуруқ кийимларни ечиб берди, мен уларни ҳатто шу аҳволда фотосуратга олишга улгурдим,- дейди Светлана Сорокина.

Коллеж ходимаси куни кеча бу ҳодиса тўғрисида марказий телевидение мухбирлари келиб, репортаж тайёрлаганини ҳам маълум қилди.

Спирт билан артилган, иссиқ чой ичган ва қуруқ кийимга кийинтирилган болалар шундан кейингина шифохонага олиб борилган. Шифохона вакиллари совуқда туриб қолган Миша ва Даша бироз шамоллаб қолгани, Алфия эса онаси қарамоғига уйга жўнатилганини билдиришди.

Саратовлик Евгений ва Валентина Шиповлар

Саратовлик Евгений ва Валентина Шиповлар

Ушбу ҳодисадан бир кун ўтар-ўтмас, Энгельс шаҳар жоме масжиди жамоаси вакиллари Тожибоевлар оиласидан хабар олгани борди ва мусулмонлар томонидан йиғилган 22 минг рубл ёрдам пулни тақдим этди.

Саратов вилоятининг Советский туман масжиди имоми Равшан Турсунхўжаев шамоллаган болалар шу куни касалхонага олиб борилган, аммо яхши даволамасдан уйга жўнатилгани сабабли Алфиянинг шамоллаши қайтадан қўзиган, дейди.

- Ўша куни медиклар болаларни кўздан кечирганда бироз нопрофессионал иш тутган: яхшироқ текшириш ўрнига уларга дарров жавоб бериб юборишган. Бир-икки кун ўтмасдан асорати таъсир қилиб, қизча ангина-температуралари бошланиб кетибди. Учинчи куни болани шифохонага олиб кетишди – икки кундан бери ўша ерда. Аёлимдан сўрадим, телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрагин, деб. Шу воқеадан кейин бориб кўришиб келдик. Менинг аёлим яхшироқ танийди – улар 10 йиллар олдин келиб қолган Ўзбекистондан. Шу ерда ишлаб юришибди. Қизчанинг онаси, яка икки укаси бор,- дейди Саратов вилоятининг Советский туман масжиди имоми Равшан Турсунхўжаев.

7 ёшли Даша Тангинова ва унинг 6 яшар укаси Миша

7 ёшли Даша Тангинова ва унинг 6 яшар укаси Миша

Суҳбатдошнинг билдиришича, Алфия Тожибоева Энгельс Жоме масжиди қошидаги диний мактабнинг энг аъло толибаларидандир. Имом Алфиянинг ота-онаси ўта камтарин инсон эканини гапирар экан, улар ҳатто ўзларига бўлган бундай эътибордан ноқулай бўлаётгани ва шахсан интервью беришга тортинаётганини айтди.

- Бир вақтлари, энди кўчиб келиб иш тополмаётган пайтда, онаси Албина бизда масжидда фаррош бўлиб ишлаган. Ҳозир у бошқа жойда ишлайди. Мен ўзим ҳам ўша Энгельсдаги котта масжидда дарс бераман. Икки йил олдин ўша масжидда Қуръон бўйича конкурс ўтказганмиз. Бу қизча қизлар орасида биринчи ўринни олган эди. Ҳофиза бўлмаса ҳам, адашмасам, икки номинация бўйича чиройли ўқиб, биринчи ўринни эгаллаган. У шу масжидда “Ислом асослари”дан таълим олади,- дейди имом Равшан Турсунхўжаев.

Маълум бўлишича, Тожибоевлар оиласи бундан бир неча йил олдин Россия фуқаролигини олган.

Энгельс шаҳри маъмурияти ходимлари мардлик кўрсатган Алфия Тожибоевани муносиб тақдирламоқчи эканини маълум қилишди. Шаҳар ҳокимлигининг Таълим-тарбия ишлари бўйича қўмитаси раҳбари муовини Юлия Таушанкова 19-сонли мактабнинг 4 “а” ўқувчиси Алфия Тожибоева муносиб тақдирланиши тўғрисида тегишли қарор аллақачон ижрога берилганини Озодликка билдирди.

Ўзбекистонлик қизалоқ ўқиётган мактабда ҳам Алфия соғайиб кетганидан кейин мактаб йиғилишида тақдирланишини билдиришди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG