Линклар

logo-print

Пайғамбарлик даъво қилган тожикистонлик шайх ҳибс этилди


“Шайх Темур” номи билан танилган Саидмаҳдихон Сатторов.

“Шайх Темур” номи билан танилган Саидмаҳдихон Сатторов.

Душанбенинг Сино туман суди “Шайх Темур” номи билан танилган Саидмаҳдихон Сатторовни ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Турсунзода шаҳрида яшаб келган 65 ёшли Сатторов товламачилик, умумий мажбурий таълимга тўсқинлик қилганлик ва кўпхотинлиликда айбланмоқда.

Озодлик радиоси тожик хизматининг Сино туман суди вакиллари сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, 16 февраль куни қабул қилинган қарорга мувофиқ, Саидмаҳдихон Сатторов икки ой давом этажак тергов ишлари мобайнида ҳибсхонада тутиб турилади. Бунгача Сатторов уй қамоғида сақланаётганди.

Аввалроқ Турсунзода туман прокуратураси аҳолини Қуръони карим оятлари билан даъволаб келган, ўзини “Имом Маҳдий” ва ҳатто “охирзамон пайғамбари” деб эълон қилган Саидмаҳдихон Сатторовга нисбатан тергов ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.

Тожик расмийлари иддаосича, аҳоли ихлосини суиистеъмол қилган шайх Сангмелаи Мусо қишлоғидаги мактаб ер участкасининг бир қисмини ўзлаштириб олган ва у ерга хотинларидан бирига уй солиб берган. Расмийлар Сатторов бир пайтнинг ўзида саккиз аёл билан бирга яшаганини, уларнинг айримларини “даволаш” чоғида хотинликка олганини, бошқаларини эса ота-онасининг розилиги билан олганини даъво қилаяптилар. Расмийларга кўра, эндиликда шайхнинг айрим қайнота ва қайноналари Сатторов, агар қизларини бермасалар, уларни дуоибад қилиш билан қўрқитганини айтмоқдалар.

Шайх Темур мулаққаб Сатторов расман Тожикистоннинг Турсунзода тумани Работ жамоатига қарашли Асбоб қишлоғида яшаб келган. 1950 йили Ваҳдат туманида туғилган бу одам ёшлигида ҳатто икки марта судлангани ҳақида маълумотлар бор. Сатторовнинг Шаҳринав ва Ҳисор туманларидаги бир неча қишлоқда уйлари ва хотинлари борлиги айтилади.

“Шайх Темур”га кўпроқ Тожикистоннинг Ҳисор водийсида яшовчи кишиларнинг ихлоси баланд бўлиб, бу ердаги одамлар ҳатто шайхнинг гапига қулоқ солмаган одамлар Худонинг ғазабига гирифтор бўлишига ишонадилар.

Аввалроқ Тожикистон давлат телевидениеси “Шайх Темур” ҳаётига бағишланган фильм намойиш қилганди. Унда Сатторов одамлар ишончига кириб, товламачилик билан шуғуллангани, ёш аёлларни дуоибад билан қўрқитиб, ўзига хотин қилиб олгани таъкидланган. Фильмда “шайх”нинг қимматбаҳо автоуловда келаётгани, унинг мухлислари эса унинг машинасини ва қўлини ўпгани акс этмиш кадрлар намойиш қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG