Линклар

Украина: Томонлар фронт чизиғидан оғир қуролни олишдан бош тортаяпти


Дебальцево яқинидаги россияпараст кучлар

Дебальцево яқинидаги россияпараст кучлар

15 январдан ўт очишни тўхтатганини даъво қилаётган Украина ҳарбийлари ва россияпараст қўшинлар фронт линиясидаги оғир қуролларни олишга шошилмаётир. Украина ҳарбийлари Дебальцево яқинидаги позицияларига қарши тараф 15 маротаба ҳужум қилгани, айирмачилар эса Киев ҳарбийлари 17 марта ҳужум қилганини даъво қилиб, битимнинг бу шартини бажаришдан бош тортмоқда.

Минскда эришилган келишув асосида томонлар 15 февралдан бошлаб, икки ҳафта ичида фронт чизиғидаги оғир қуролларни ортга қайтариши керак. Аммо, томонлар бир-бирини тўхтовсиз ҳужум уюштиришда айблаб, битимга тўлиқ амал қилмаётир.

Украина Мудофаа вазирлиги Дебальцево яқинидаги Киев қўшинлари позицияларига нисбатан ўтган тун ичида 15 маротаба ҳужум уюштирилгани ҳақида баёнот тарқатди. Расмий баёнотда бу ҳужумлар чоғида 5 аскар ўлгани, 14 нафари жароҳатлангани айтилди.

Россияпараст сепаратчилар эса уларнинг Донецк обласидаги позицияларига қарата Киев қўшинлари 17 маротаба ҳужум қилганини айтмоқда. Уларнинг даъвосича, Украина ҳарбийлари Донецк аэропортини ўққа тутмоқда.

Ҳозир ҳар икки томон қарши тараф ҳужумларни тўхтатмагунича фрон чизиғидан оғир қуролларни олмаслигини айтган.

Хабарларга кўра, Мариуполь шаҳрида ҳам отишмалар бормоқда.

Берлинда бўлган музокараларда Россия, Украина ва Германия расмийлари базўр сақланаётган сулҳ битими ижросини кузатиш учун Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти мониторинг гуруҳини тезроқ уруш бораётган минтақага киритиш йўлида "конкрет чоралар кўриш" масаласи муҳокама қилинди.

Германия ҳукумати матбуот маркази раҳбари Штефан Сибертга кўра, 16 февраль куни томонлар телефон орқали суҳбатлашиб, чора-тадбирларни белгилаб олган.

Сибертга кўра, Германия канцлери Ангела Меркел ва Украина президенти Петро Порошенко Россия президенти Владимир Путинни "сулҳ битимини сақлаш учун айирмачиларга бўлган таъсиридан фойдаланишга чақирган".

Вашингтонда эса Давлат департаменти матбуот котиби Жен Псаки АҚШ "Дебальцево теграсида издан чиқаётган вазиятдан чуқур хавотирда" эканини билдирди.

16 февраль куни тарқатилган баёнотда Псаки Россия ва сепаратчиларни барча ҳужумларни дарҳол тўхтатиш ва ЕХҲТ миссиясига битим ижросини кузатиш учун дарҳол имкон беришга чақирди.

Минскда имзоланган сулҳ битимига биноан фронт линиясининг икки тарафидаги қўшинлар оғир қуролларини икки ҳафта ичида ортга қайтариши ва бу зонада 140 километрга чўзилган буфер зонасини очилиши керак.

Сўнгги 10 ой ичида давом этаётган уруш ҳаракатлари Украина шарқидаги 5 ярим минг одам ҳаётига зомин бўлди.

Айни пайтда, Брюсселда Европа Иттифоқи расмийлари Россия Мудофаа вазирлигининг икки расмийси ва парламентнинг икки депутатини санкция рўйхатига қўшди.

“Украина ҳудудий яҳлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига путур етказганлик” учун Европа Иттифоқига кириши ман қилинган ва банк ҳисоб рақамлари музлатилганлар рўйхатига Донецк ҳамда Луганскдаги айирмачиларнинг 15 вакили қўшилди. Бу рўйхатга ҳозир Украина ва Россиядан 151 шахс, 37 ташкилот номи тиркалган.

Москва 16 февраль куни Брюссель қарорига зудлик билан жавоб қайтариб, Киев билан россияпараст айирмачилар ўртасида сулҳ кучга кирганидан бир кун ўтиб янги санкция қўллаган ЕИ ҳаракатлари “соғлом фикрга” зиддир, дея баён қилди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Москва санкциялар кучайтирилишига “адекват” жавоб қайтаради, дея билдирди.

XS
SM
MD
LG