Линклар

Булунғурлик Шарофат Бегимқулова Россияда ишлаб, уйига қайтган куни кечаси ис газидан заҳарланиб, нобуд бўлди. У билан бирга яқинда унаштирилган 19 ёшли қизи ҳам ҳаётдан кўз юмди. Расмийларга кўра, она ва бола уй ичига ўрнатилган печкадан сизган ис газидан заҳарланган.

Самарқанд вилояти Булунғур туманидаги Кўчалиев қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Ёлғизоғоч қишлоғида истиқомат қилган 50 ёшли Шарофат Бегимқулова ва унинг 19 ёшли қизи 13 феврал куни ис газидан заҳарланиб, кечқурун ҳалок бўлган.

Бу ҳақда Озодликнинг булунғурлик манбаси хабар қилди:

- Эронда ишлаб чиқарилган “хатанча” деган газ плитаси бор. Ҳозир кўпчилик ўшандан фойдаланади. Бу аёл ҳам жума куни кечқурун газ плитада уйида овқат қилган. Газ иси она ва болани элтиб қўйган. Ўша ўтирган жойларида ўлиб қолган экан. Айтишларича, эрталаб қўшнилар кирса овқат ҳам газнинг устида қолиб куйиб кетган, телевизор ҳам ёниқ қолган экан, - дейди манба.

Қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ўктам Шодмонов ҳам Озодлик билан суҳбатда шундай воқеа бўлганини тасдиқлади. Оқсоқолнинг микрофонсиз суҳбатда Озодликка айтишича, Шарофат Бегимқулова ўша куни Россиядан қайтган:

“Бу аёл бир ўғли билан Россияда ишларди. Ўша куни самолётдан тушиб келган. Қўшнилар ҳам кеч бўлди, дамини олсин, эртага кирамиз деб, киришмаган. Газни ёқиб ухлаб қолишганда. Кастрюлкага шўрва солишган экан, шўрва қайнаб қуриб кетган. Эрталаб киришса қизи сал нафас олаётган экан. Ташқарига олиб чиқишса у ҳам узилибди", - деди оқсоқол.

Ўктам Шодмоновга кўра, аёлнинг 19 ёшли қизи унаштирилган ва бу йил тўйи бўлиши кутилаётганди:

“Аёлнинг ўғли билан бўлажак куёви уч кундан кейин Россиядан етиб келишди. Қизни ҳамқишлоқ йигитга узатишган, нон синдирилган эди. Насиб қилмади. Шарофат Бегимқулованинг яна бир қизи Тошкентга турмушга чиққан. Ўзи эса Россияга иккинчи марта бориб келиши эди”, деди Кўчалиев қишлоқ фуқаролар йиғини раиси.

Ўзбекистонда қиш фаслида табиий газ ва электр энергияси тақчиллиги боис, аҳолининг аксар қисми печка қуриб, кўмир ва пропан газини ёқишга мажбур бўлмоқда.

Аҳоли, асосан, бозорда нархи бошқа турдаги плита ва печлардан нисбатан анча арзон бўлган Хитой, Эронда ишлаб чиқарилган қурилмаларни харид қилмоқда.

Техника хавфсизлиги қоидаларига тўла жавоб бермайдиган бундай қурилмалардан нотўғри фойдаланиш оқибатида Ўзбекистонда кўнгилсиз воқеалар кўплаб содир бўлмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 2 февралида Самарқанд вилояти Иштихон туманининг Файзобод қишлоғида истиқомат қилган ёш келин-куёв никоҳ тўйидан икки кун ўтганидан сўнг ис газидан заҳарланиб вафот этган эди. Маҳалла фаолининг айтишича, ёшлар уй ичига ўрнатилган Хитойда ишлаб чиқарилган газ печкасидан чиққан исдан заҳарланган.

Расмий нашрлар хабарига кўра, ўтган ҳафтада Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида истиқомат қилувчи М.Рашидованинг уйи қўлбола печкадан чиққан ёнғинда куйиб кул бўлган. Бу ёнғинда бир яшар чақалоқ нобуд бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG