Линклар

Самарқанд банкирлари тадбиркорларни газ ва чироққа пул ўтказишга мажбурламоқда


Самарқандлик тадбиркорларга кўра, банклар фирмаларнинг пул тушумига қараб уларга мажбурият юкламоқда.

Самарқандлик тадбиркорларга кўра, банклар фирмаларнинг пул тушумига қараб уларга мажбурият юкламоқда.

Самарқанддаги банклар вилоят тадбиркорларига табиий газ ва электр энергияси учун қарздорлиги бўлмаса ҳам ҳар ойда пул ўтказиш мажбуриятини юкламоқда. Тадбиркорларга кўра, мажбуриятни бажармаганларга банк томонидан босим кўрсатилаяпти.

Самарқандлик тадбиркорларнинг Озодликка айтишича, шаҳар банклари уларга табиий газ ва электр энергияси учун пул ўтказишни талаб қилмоқда:

"Самарқанд вилояти ҳокими Зоир Мирзаев буйруғи орқали Самарқанддаги барча хусусий тадбиркорлар ва фирма хўжайинларига Самарқанд шаҳридаги банклар томонидан тазйиқ ўтказилмоқда. Банклар мижозларига мажбурий равишда ўз ҳисоб рақамларидан свет ва газ учун пул ўтказишга мажбур қилаяпти. Ташкилотнинг пул тушимига қараб 100 минг сўмдан 200 минг сўмгача", дея хабар йўллади исмини очиқламаётганимиз самарқандлик тадбиркор.

Самарқанд шаҳридаги хусусий аптекалардан бирининг раҳбарига кўра, банк унга ҳар ойда газ ва чироққа 100 минг сўм пул ўтказиш мажбуриятини юклаган:

"Банк ходими телефон қилиб, свет ва газ учун ҳар бирига 50 минг сўмдан пул ўтказ, дейди. Мен хўп дейишга мажбурман. У ҳисобимдан пул ўтказиб юборади ва мен эртасига бориб, пул ўтказилган қоғозга печать қўйиб бераман. Менинг свет ва газдан умуман қарзим йўқ. Бир миллион сўмча передоплата қилганман. Лекин банк талаб қилаверади", деди исми сир қолишини истаган самарқандлик.

Тадбиркорларнинг айтишича, агар улар чироқ ва газ учун пул ўтказмаса, банк ходимлари томонидан тазийқ кўрсатилади:

"Пул ўтказишдан бош тортган фирмаларнинг тўлов топшириқномасини банк қабул қилмай, уларни ҳар-хил баҳоналар билан сармон қилмоқда. Банк асосан, свет ва газ учун пул ўтказишни талаб қилади. Солиқчилар эса ҳомийлик қилишга мажбурлайди. Масалан, Динамо футбол клубига пул ўтказишни солиқчилар талаб қилади", деди самарқандлик тадбиркорлардан бири.

Самарқанддаги Қишлоқ қурилиш банкидаги манбага кўра, тадбиркорлардан чироқ ва газ учун пул ундириш маҳаллий ҳокимлик топшириғи асосида амалга оширилмоқда. Манба бу топшириққа оид бошқа тафсилотларни очиқламади.

Самарқанд вилоят ҳокимлигининг расмийларидан бири, аҳоли ва юридик шахсларнинг чироқ ва газ бўйича қарздорлигини камайтириш борасида, вилоят ҳокими Зоир Мирзаевнинг махсус кўрсатмаси борлигини тасдиқлади. Лекин у бу кўрсатманинг оғзаки ёки ёзма эканлигини ойдинлаштирмади.

Самарқанд вилоят электр тармоқлари идорасидан олинган маълумотга кўра, бугунги кунда вилоят бўйича электрдан қарздорлик 430 миллиард сўмдан зиёдни ташкил қилади.

"Аҳолининг қарздорлиги 342 миллиард 466 миллион 100 минг сўм, юридик шахсларнинг қарзи эса 88 миллиард 850 миллион 600 минг сўмни ташкил қилади", деди Электр тармоқларининг мулозими.

Самарқанд вилоят газ идорасининг ўзини таништирмаган мулозими эса вилоят аҳлининг қарздорлиги кўплигини таъкидлади, бироқ қарз миқдорини очиқламади.

Айни пайтда Ўзбекистон Марказий Банки расмийси Самарқанд банкларининг тадбиркорлардан пул ундиришини ноқонуний эканлигини таъкидлади:

“Банкнинг бундай қилишга ҳаққи йўқ. Банкка бундай ваколат берилмаган. Марказий банк томонидан бундай қилиш учун кўрсатма берилмайди. Бу маҳаллий органларнинг топшириғи бўлиши мумкин. Лекин банклар ҳокимларга бўйсунмайди. Биз бунинг чорасини албатта кўрамиз”, деди Марказий банк расмийси.

Сўнгги ўн йилдан зиёд вақт давомида Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида табиий газ ва элетр тақчиллиги мунтазам кузатилмоқда.

Жорий йилнинг 26 январь куни Навоий вилояти Хатирчи тумани Мирзо Улуғбек деҳқон фермерлар уюшмаси ҳудудида яшовчи элликка яқин аёл электр энергияси тақчиллигидан норозилик билдириб, Хатирчи-Зарафшон йўлини тўсиб қўйди. Туман ҳокими воқеа жойига келиб, чироқни ўчирмасликка ваъда бергач, норози аёллар тарқалган.

Икки ой аввал Хоразм вилоятининг Боғот тумани Хитой қишлоғи аҳолисиҳам худди хатирчиликлар сингари норозилик билдириб, кўчага чиқди. Ўттизга яқин боғотлик аёлнинг норозилик чиқишидан сўнг қишлоқ аҳлига газ баллонлари ва кўмир тарқатилган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG