Линклар

Россия Миграция марказлари қонунан меҳнат қилиш истагида бўлган муҳожирларни зарурий ҳужжатлар билан таъминлай олмаслигини расман тан олмоқда. Москва шаҳар Думаси 1 мартгача легаллашишга улгурмаган муҳожирларга 2014 йилда берилган патентлар муддатини узайтириш ташаббуси билан чиқди. Айни пайтда, Россия пойтахти маъмурияти шаҳар ичкарисида жойлашган миграция марказларини вилоятга – москваликлар кўзидан панароқ жойга кўчиришга тайёргарлик кўрмоқда.

Мосгордума 2014 йилги патентлар муддатини узайтириш таклифини киритди

Москва шаҳар парламентининг бир гуруҳ депутатлари жорий ҳафта охирига қадар пойтахт ҳукуматига махсус мурожаатнома юборишини маълум қилди. Унга халқ вакиллари томонидан мигрантларга 2014 йилда берилган эски патентлар муддатини бир йилга узайтириш таклифи киритилган.

Мосгордуманинг Ижтимоий сиёсат ва меҳнат фаолияти бўйича комиссияси раиси Михаил Антонцев Думадаги йиғилишда сўзга чиқиб, пойтахт миграция идоралари 1 мартгача барча муҳожирларни зарурий ҳужжатлар билан таъминлай олишга жисмонан кучи етмаслигини тан олди.

- Биз 2014 йилда берилган амалдаги патентлар ўз кучини сақлаб қолишини хоҳлаймиз. Аммо, гап 2015 йилнинг 1 январидан кейинги муддатга тўланмаган патентлар ҳақида кетмаяпти, деди йиғилган дисапора вакиллари, ҳуқуқ фаоллари ва миграция соҳасидаги мутахассислар қарсаклари остида Михаил Антонцев.

Думанинг яна бир вакиласи – Иқтисодий сиёсат ва тараққиёт департаменти раҳбари муовини Мария Багреева йиғилганларга “Биз патент расмийлаштиришга мурожаат қилаётган хориж фуқаролари оқимини бироз бўлсада вақт жиҳатидан чўзиш учун бу патентларни бир йилга узайтириш тўғрисида Россия ФМСи билан музокара олиб бормоқдамиз”, деди.

У ўтган куз давомида расмийлаштирилган ва бироз ўтмасдан уз кучини йўқотган янги патентлар сони 800 мингдан зиёд эканини маълум қилди.

Шу билан бирга, Россия ФМСи март-май ойларида ишга рухсатнома олишга ҳужжат топширувчи мигрантлар сони кескин кўпайишидан хавотирланмоқда. Миграция хизмати раҳбарияти Россияда ноқонуний яшаб, меҳнат қилаётган мигрантларга умумий авф эълон қилинишини мумкинлиги тўғрисида қатор маротаба баёнот берди.

Муҳожирлар 1 мартгача ҳужжат расмийлаштиришга улгурмаяпти

Россияда меҳнат қилаётган кўплаб муҳожирлар ва миграция соҳасидаги мутахассислар қаршилигига қарамасдан Россия ҳукумати 2014 йилда берилган патентлар 2015 йилнинг 1 мартидан ўз кучини йўқотиши тўғрисида қарор қабул қилган эди.

Озодлик таҳририяитига мурожаат қилаётган кўплаб меҳнат муҳожирлари Россия ҳукумати қўяётган муддат ичида ишлашга рухсат берувчи зарурий ҳужжатларни расмийлаштира олмаслигидан шикоят қилмоқда.

Москвада 8 йилдан буён ишлаб келаётган самарқандлик 24 яшар Шаҳбоз янги йилдан олган ишга рухсатномаси янги йилдан узайтирилмагани боис, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлаётганини айтади:

- Янги йилдан олдин “разрешение на работу”ни олдим. УФМСга бориб олганим тўғрисида уведомление топширишим керак, қоидага кўра. Бизда “разрешение”ни фирмамизнинг ўзи алмаштириб берарди, яъни иш берувчи. Лекин УФМСда янги йилдан кейин уни умуман ўзгартирмаяпти! Регистрация қила олмадим - энди мажбурман четга чиқиб келишга. Янги йилдан олдин патент олган бошқа дўстларим бор. Улар март ойида бу патент ўрнига янги патент чиқади, деяпти, аммо улгурмаяпти олишга уни. Нима қилишни билмайди! 18 минг пул ҳаммада ҳам бор эмас. Ҳамма ҳам дарров бунча пулни беришга қурби етмайди. Сарсонгарчилик бошланди-да... Мени йўлда текшириб қолса – депортация бўламан, дейди янги қоидаларни бажаришнинг имкони йўқлигини гапирган каттақўрғонлик Шаҳбоз.

Озодликка хат орқали мурожаат қилган тошкентлик яна бир муҳожир аёл белгиланган муддатда ҳужжатларни тайёрлай олмаслигини ёзди.

“Патентга документ топшириш учун кеча Сахаровога борсам, 1 мартда келасиз, деб талон беришди: биз эса 25 январда чегарадан ўтганмиз. 30 кунлик муддатдан кечикамиз, “Жарима тўлашимиз керак бўладику!” десак, “Ҳозир успеть килолмаяпмиз, шунинг учун штраф муҳлати 60 кунга чўзилган!”, деб айтишди. Нима қилишга бошим қотиб қолди... Бу гаплари ҳам ёзма эмасда, оғзаки: эртага бошқаси “Тўлайсан!”, деб турса-чи?! Менга ҳозир қонунни бузиш мутлақо мумкин эмас”, деб ёзди ўзини таништирмаган ўзбекистонлик аёл.

Қирғизистон Республикаси Элчихонаси ўз нотасида Россия ташқи ишлар вазирлигини Москва четидаги Сахарово қишлоғида очилган Давлатлараро миграция марказида юзага келган танг вазиятни енгиллаштиришга чақирган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматига кўра, Қирғизистоннинг Москвадаги элчихонаси нотасида миграция марказида ҳар куни уч мингдан ортиқ меҳнат муҳожири йиғилиб қолаётгани, уларнинг 30 фоизигагина хизмат кўрсатилаётгани билдирилиб, вазиятни зудлик билан ўнглаш талаб қилингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Москва ҳокимияти марказларни шаҳар ташқарисига чиқармоқда

Айни пайтда, Москва мэри Сергей Собянин Москвадаги криминоген вазият юзасидан йиғилишда Россия пойтахтининг Царицино туманидаги Миграция маркази март охиригача ёпилиши тўғрисида тегишли қарор чиқаргани маълум бўлди.

Youtube порталида пайдо бўлган видеода айнан шу марказ атрофида юзлаб муҳожирлар навбати етиб келганларни кўтариб, бино ичкарисига одамлар устидан киритаётгани тасвирланган.

Асосан мигрантлардан рус тили, Россия қонунчилиги ва тарихидан тест олишга мўлжалланган бу марказ Кантемировская метро бекати ёнидаги турар-жой мавзесида юзлаб хорижликларни йиғаётгани маҳаллий москваликлар норозилигини келтириб чиқарди. Москва ҳукумати бундай марказлар москваликлар кўзидан панароқ жойга - шаҳар ташқарисига чиқарилишини маълум қилди.

Россия Федерал миграция хизматининг ўтган йил охирида берган маълумотларда Россияда жами қарийб 10 миллион меҳнат муҳожири мавжудлиги, улардан 2,7 миллионигина қонуний равишда меҳнат қилгани айтилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG