Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:28

Блог: Гулнора Каримовага Кореядан қариндош чиқди


Эшитдингизми, “Korean Air” ширкати вице-президенти Чо Хен А самолётдаги хурмача қилиғи учун бир йилга қамалди. “Қамалса қамалибди, кунига юзлаб мансабдор панжара ортига равона бўлади-ку” деб эътироз билдиришга ошиқманг. Гап шундаки, кореялик юқори рутбали Чо хоним Гулнора Каримовага хеш чиқиб қолди.

Қон-қариндошлик масаласини кейинроққа қолдириб, аввал-бошда воқеани икки оғиз баён қилиб ўтсак.

Можаро 2014 йил 5 декабрида бошланган.

“Korean Air” вице-президенти Чо Хен А кўнгли сафар истаб, самолётга чиққан. Чо хонимга хизмат қилаётган стюардесса нима жин ургану оз-моз уқувсизликка йўл қўйган. Уқувсизликки, халтачага жойланган ёнғоқни аввал тақсимчага солиб, кейин хонимнинг дастурхонига тортиш ўрнига, уни ўроғлиғича бериб кетган. Бор гап шу.

Вице-президент кўнглини кенг қилиб, ўша зорманда ёнғоқ халтасини ўзи очса, шунча даҳмаза йўқ эди. Лекин у кимлигини кўрсатиб қўйгиси келганми, эран-қаран ғазаб отига миниб, учишга шайланаётган самолётни мажбурлаб аэропортга қайтарган. Бутун бошли учоқнинг фавқулодда ортга қайтишидан кўзланган бор-йўқ муддао – бояқиш стюардессанинг ковушини тўғрилаб қўйиш...

Бу воқеа Осиёнинг бошқа бирор давлатида рўй берганида вице-президентнинг мушугини биров пишт демаслиги мумкин эди (ширкатда иккинчи шахс, яна денг, кимсан “Korean Air” президентининг қизи бўлгач, кўнглининг кўчасига келган ишни қилади-да). Аммо демократия деган шарбатни хўб симириб, мазахўрак бўлиб қолган корейслар амалдорларнинг бундай хурмача қилиғига кўниб кетавермайди.

Хуллас, Корея прокуратураси Чо Хен Ага нисбатан жиноий иш очди. Ҳуқуқ посбонлари самолёт парвозига ўзбошимчалик билан аралашувни авиация хавфсизлигига таҳдид, деб малакалади.

Баъзида султон ҳам суягини хўрлар экан. Иззатталаб мансабдорнинг отаси, “Korean Air” президенти Чо Ян-хо қизининг қилмиши учун узр сўраб, уни шартта ишдан бўшатди. Шундай қилмаса, ўзи ҳам балога қолиши мумкин эди-да.

Салкам икки ой давом этган тергов-cуд ўтган ҳафта якунланди. Маҳкама собиқ вице-президентни бир йилга озодликдан маҳрум қилди.

Энди ўзингиз ҳам кореялик маликанинг Гулнора Каримовага қандай қариндошлиги борлигини тушунгандирсиз.

Гувоҳларнинг айтишича, Гулнора Каримова от устида бўлган пайтлари самолётга кўп бора кечикиб бориб, юзлаб йўловчини беармон куттирган.

Гулнора Каримованинг кореялик қариндошидан фарқи – учоқни соатлаб ушлаб тургани учун унга биров ҳадди сиғиб эътироз билдирмаган.

Айтганча, Кореядаги “ёнғоқ можароси” Ўзбекистон мансабдорлари билан боғлиқ яна бир воқеани эсга туширди. 2007 йилнинг октябрида ўша вақтда Жаҳон иқтисоди ва дипломатия университети ректори вазифасида ишлаган Ҳамидулла Кароматов Тошкентдан Парижга учаётган самолёт бортида маст ҳолда тўполон кўтарган эди. Унга қадар узоқ йил мамлакат бош вазири ўринбосари лавозимда ишлаган Кароматов ҳам стюардессанинг ақлини киргизиб қўйишга қасд қилган...

Йўловчи

XS
SM
MD
LG