Линклар

Украина ғарбида ватанпарварлик бошқа, жанг қилиш бошқа


Украинани ҳимоя қилиш учун ҳарбий тайёргарликдан ўтаётган 51 ёшли Игорь қизи Боженка ва ўғли Назар билан.

Украинани ҳимоя қилиш учун ҳарбий тайёргарликдан ўтаётган 51 ёшли Игорь қизи Боженка ва ўғли Назар билан.

Украина ғарбидаги Малехов каби кичик қишлоқларда Володимир Сеинковскийга ўхшаган маҳаллий расмийлар ёддан биладиган учта рақам бор: қишлоқ аҳолисининг қанчаси жанг қилаётгани, қанчаси яралангани ва қанчаси ўлгани.

5 400 дан ошиқ ҳарбий ва оддий фуқаро ҳаётига зомин бўлган Донбассдаги жангларда Львов яқинидаги 2 400 нафар аҳолиси бор қишлоқдан 19 одам иштирок этаяпти. Улардан тўрт нафари жароҳатларини даволатаяпти ва бир нафари ўтган ойда ҳалок бўлди.

Мелеховлик 27 ёшли Тарас Дорош 14 январь куни Луганск вилояти шарқидаги Луганская қишлоғида россияпараст айирмачилар билан бўлган шиддатли жанг пайти снайпер ўқидан ҳалок бўлган. Дорош Польшада ишлаб чиқарилган ва Малехов қишлоқ кенгаши 75 еврога сотиб олган бронежилетни кийиб жангга кирган эди. Бироқ зирҳли бронежилет ҳам уни ўқдан сақлаб қола олмади.

Дорошнинг гуллар ва анъанавий украин кўйлагини кийиб тушган сурати билан безатилган қабри ёнида турар экан, “У жуда яхши бола эди, ажойиб инсон эди, - дейди Сеинковский бошини қуйи эгиб ва чўқиниб. – Унинг ўлими бу ерда қолган бошқа эркакларни жангга боришга кўндиришни жуда қийинлаштирди.”

Сеинковский кейинги уч ҳафтани ҳарбий комиссариатдан келган 78 та чақирувни 25 ёшдан каттароқ бўлган, хизмат қила оладиган малеховлик эркакларга етказиш ниятида эшик қоқиш билан ўтказди. У ўзини кўпчилик ёқтирмаётганини ҳис қилмоқда: ўнта чақирув тарқатганидан кейин омади чопса икки-уч одам билан боғлана олаётганини айтади. “Қўлимиздан келгани шу”, дейди Сеинковский.

20 январь куни бошланган ҳарбий сафарбарликнинг тўртинчи тўлқини давомида ҳукумат 100 000 чақирув қоғози тарқатгани айтилмоқда. Ҳукумат ҳеч бўлмаганда уларнинг ярми ҳарбий хизмат ўташидан умид қилмоқда.

Львов вилояти учун бу 3 000 киши ҳарбийга чақирилади, деган маънони англатади. Ҳамма мамлакат шарқидаги вазиятнинг жиддийлигини билса-да, назарларида уларни зарур воситалар ва товон пули билан таъминлашга етарлича ҳаракат қилмаётган ҳукумат учун кам одам жанг қилишни хоҳлайди.

- Ҳозир сафарбарлик кетаяпти, одамлар тренинглардан ўтаяпти, аммо отадиган нарса, машқ қилишга қурол йўқ, - дейди ҳали чақирув олмаган 30 ёшли малеховлик Михайло. - Бу нарса учун бюджет бор, тўғрими? Ўша пулга нима бўлди? Агар ҳамма нарса керагидек бўлганида, армия одамларга ғамхўрлик қилаётган бўларди.

-Киев сафарбарликни яхши қўллай олмаяпти, - деб қўшимча қилади 29 ёшли Юрий. - Фронтда кўпчилик ўлаяпти ва одамлар боришга қўриқишаяпти. Расмийлар урушдан қайтганларга қандайдир ижтимоий ёрдам беришсин, токи одамлар нима учун жанг қилишаётганини билишсин.

“Қўрқоқ разил”

Ўта ватанпарвар, аммо урушдан олисда бўлган ғарбий украиналикларга миллий бўҳрон пайтида маъсулиятдан қочаётганликлари шама қилинса жаҳллари чиқади.

-Биз ҳамма нарсани ўзимиз қиламиз, - дейди жангоҳдаги ўзгаришларни катта аниқлик билан айтиб бера оладиган Львов турғуни. - Биз аскарларимизни овқат билан таъминлаймиз. Уларга кийим берамиз. Уларнинг оилаларига ғамхўрлик қиламиз. Ҳамма борини хайр қилаяпти. Ҳеч ким бизга ёрдам бераёгани йўқ, Киев аниқ ёрдам бераётгани йўқ.

Львов ҳамда унга қўшни Тернополь ва Ивано-Франковск областлари Виктор Януковичнинг ҳукуматдан кетишига олиб келган Евромайдон намойишларининг ўчоғи ҳисобланганди. Ҳозирга келиб Украина ғарби сафарбарлик бўйича ҳукумат текширувлари мўлжалига айланди, айниқса чақирувлардан қочиш ҳоллари ҳақида маълумотлар кўпайганидан кейин.

"Томоғи хириллаб қолгунича “Яшасин Украина” деб бақиради, ҳаммага учига чиққан ватанпарвар эканлигини айтади. У Киев расмийларининг кучсизлигидан нафратланади… русча сўз ишлатганлар москаллар эканини исботлаш учун оғзи кўпиради. Аммо қўрқоқ разил думини икки оёғи ўртасига суқиб комиссардан беркинади”,деб ёзди президент Петро Порошенкога ҳарбий маслаҳатчи Юрий Бирюков ғарбий украиналикларга бағишланган Facebook постида.

Ҳарбий прокурорлар чақирувдан қочганлар бўйича 1 300 атрофида жиноий иш очгани айтилади. Булар ичида энг эътиборлиси ивано-франковсклик журналист Руслан Коцабага нисбатан очилган жиноят ишидир. Журналист украиналикларни сафарбарликка қарши чиқишга чақириб видео тарқатганидан кейин қўлга олинган.

Ўтган ҳафтада ҳарбий расмийлар Львов шаҳри атрофидаги йўлларга тўсиқлар қўйишди. Уларнинг мақсади чақирувдан қочаётганларни тутиш эди. Аммо бу тактикадан икки кун ўтмай воз кечишди. Львов вилоятининг ҳарбий комиссари Олександр Тишченко тўсиқлар қўйилган пайтда ҳарбий хизматдан қочиб юрган бир неча одамга огоҳлантириш берилганини айтди.

-Кўп одам сафарбарликдан қочишга ҳаракат қилаяпти, - дейди Тишченко. - Биз улар чет элдалиги, иш сафарида ёки маълум манзилда бошқа яшамаётганлиги ҳақида хатларни оламиз. Аммо биз кейин аниқласак, улар Львовда эркин юрган бўлишади.

Чақириқ олган 2 000 дан ортиқ одам рўйхатдан ўтишга келмаганини қўшимча қилади Тишченко. “Сафарбарлик бўйича биз энг охирида эмасмиз. Ивано-Франковск ва шарқдаги Харковь областлари ҳақида шундай дейиш мумкинлиги айтилади. Аммо аҳвол ачинарли”.

Баъзилар Россияни ғарбда ҳарбийликка қарши руҳни қўллашда айблайди. Бундан мақсад Львов каби вилоятлар билан Януковичдан кейин келган ҳукуматни бир-биридан ажратиш эканлиги айтилади. “Украина танлови” фуқаролар ҳаракати раҳбари ва Владимир Путиннинг яқин ҳамкори Виктор Медведчук ғарбдаги ҳарбийликка қарши йирик кампаниялар ташаббускории сифатида кўрилади.

Львов мэри Андрей Садовий бўлса сафарбарлик яхши кетаётганини таъкидлаб, ўз шаҳри обрўсини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаяпти. 13 февралгача чақирилган 574 кишининг 472 нафари хизмат ўташга келган.

“Львов аҳолисини танқид қилаётганлар шу рақамларни эшитишларини хоҳлайман”, деди Садовий.

Сабаб топиш

Чақирув тарафдорлари ҳукумат хизматни бошлаган аскарлар аҳволини яхшилашга уринаётганини айтишмоқда. Ҳозирда жангларда иштирок этаётганлар ойига 10 000 гривна (383 доллар) олишмоқда. Бу Львовдаги ўртача ойлик – 3 300 гривнадан анча кўп.

Мудофаа вазирлиги касаллар, ёшлар ёки ногиронларни хизматдан озод қилиш имкониятларини кўпайтирди. Расмийлар яна кўнгилли гуруҳларнинг энг муҳим иддаосини кўриб чиқишга сўз берган. Шу кунгача кўнгиллиларнинг кўпчилиги урушда қатнашганини тасдиқловчи ҳужжатларни ололгани йўқ. Бундай ҳужжатлар уларга бепул даволаниш ва бошқа ижтимоий ёрдамлардан фойдаланиш имконини беради.

Шундай бўлса-да, Сеинковский каби маҳаллий расмийлар камдан-кам аскар оиласидан кўнгли тўқ бўлиб жангга кетаётганини айтади.

-Малеховда биз яраланган аскарларга ер берамиз. Аммо боши шикастланган ёки бошқа жароҳат олган киши қандай қилиб ўзи учун уй қура олади? Бундай қила олмайди. У ерни сотади, пулини ишлатади ва охир оқибат куни кўчада тиланчилик қилишга қолади. Аскарлар ўзларига бир нима бўлган тақдирда оилалари уйсиз ва пулсиз қолмаслигига амин бўлишлари керак,- дейди Сеинковский.

15 февралдан амал қилинишга келишиб олинган оташкесим келажаги ноаниқ бўлиб турган бир паллада ғарбда баъзилар қимматга тушадиган урушни давом эттиргандан кўра Украина шарқий ҳудудларини Россияга бериш осон бўлиши мумкинлигини эҳтиёткорлик билан таклиф қилмоқда. Маҳаллий кўнгиллилар ташкилоти раҳбари 29 ёшли Иван Спринский бу фикрга қўшилмайди.

-Шунақа гапларни айтганларга “Сиз Россияга юборилишингиз керак, донбассликлар эмас”, дейман, - дейди Спринский.

У ўзининг “Жаннатга қулларни киргизишмайди” деб номланувчи хайрия жамғармасига келган озиқ-овқат ва кейим-кечакларни бериш учун уруш бўлаётган жойларга мунтазам равишда бориб туради.

-Ундай қилиш асрлар давомида қон тўкилиб тузилган мамлакат ерларини бериб юборишдир. Биз бу ерларни бериб юборишимиз керак дейиш асоссиз ёки ачинарлидир, -дейди Спринский.

Львовда жойлашган хизматга олиш базасида 40 кунлик машғулотлардан ўтаётган 51 ёшли Игорь бу фикрга қўшилади.

-Мен майдонга болаларим ўта кичкина бўлгани сабаб бормадим, - дейди икки ёшли Боженка ва 14 ёшли Назарнинг отаси Игорь. - У ерда бўлмаслик виждонимни қийнади. Уруш бошланганида: “Мен бораман. Мени хизматга олинг”, дедим. Улар шундай қилишди. Мен ўз айтганимда турдим ва мана кетяпман.

Игорь бир нималар деб гапираётган, оч пушти пальто кийиб олган Боженкани кўтаради ва сумкаларини тайёрлаётган, кўзларидан ёш оқаётган аёли Викторияга меҳр билан қарайди. У шарқда одамлар азобланётганини кўришдан чарчаганини айтади.

-У ерга ўлдириш учун бораётганим йўқ,- дейди Игорь, - Мен одамлар руҳини кўтаргани бораяпман. Мен диндор одамман. Сиёсатчиларимиздан бир айтганидек, ҳеч ким ёрдам бермайди – Европа ҳам, Америка ҳам. Фақат худо.

Игорь бир оз ўланиб туриб қўшимча қилди: “Эркинликка қон тўкиб эришилади”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG