Линклар

logo-print

18 февраль куни “O’zbekiston” телеканали Ўзбекистон Либерал демократик партиясининг мамлакат президенти иштирок этган сайловолди қурултойини кўрсатди.

Бу Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлганидан сўнг биринчи марта телевидениеда кўринишидир.

Қурултой ўтказилган кун – 6 февралдан икки ҳафта ўтгач намойиш этилаётган мазкур кўрсатувдан Ислом Каримовнинг қурултой иштирокчилари олдида сўзлаган нутқи жой олган.

6 февраль куни ўтказилган қурултой ва унда президент иштирок этгани тўғрисида ўз вақтида фақат битта сайт хабар берган ва ўша хабар ҳам бир неча соатдан сўнг сайтдан олиб ташланган эди.

Мухолифатчилар муҳожиратда ташкил қилган Ўзбекистон Халқ харакати президент Каримов 28 январь куни кечқурун Дўрмондаги Кўксарой қароргоҳида кечки овқат пайти гўёки ҳушидан кетгани ва бир кун ҳушсиз ётгани ҳақида хабар тарқатган эди.

Бу хабар кетидан урчиб кетган бошқа шу каби хабарларни Оздлик радиоси ўрганган ва улар учун етарли асослар йўқ эканлигини аниқлаган эди.

Соғлиги ёмонлашгани ҳақида хабарлар тарқалишидан бир неча кун аввал - 22 январь куни Олий Мажлис Сенатида янги сайланган ва тайинланган сенаторлар билан учрашган президент ва президентликка номзод Ислом Каримов 45 дақиқа маъруза қилиб¸ керак бўлса яна 25 йил ишлашни “ўз бурчи” деб билишини айтган эди.

XS
SM
MD
LG