Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:14

Обама Ислом ва террор тушунчаларини бир-биридан ажратиш лозимлигини урғулади


АҚШ президенти Барак Обама Оқ уйдаги саммитда нутқ сўзламоқда, 2015 йилнинг 18 феврали.
АҚШ президенти Барак Обама Оқ уйдаги саммитда нутқ сўзламоқда, 2015 йилнинг 18 феврали.

АҚШ президенти Барак Обама ўз мамлакати Ислом динига қарши эмас, бу динни тасқаралаштириб кўрсатаётганларга қарши курашаётганини билдирди. Обаманинг бу баёноти 18 февраль куни экстремизмга қарши кураш ва унинг олдини олишга бағишлаб Вашингтонда ўтказилган саммитда янгради.

Обамага кўра, ҳеч бир дин терроризм учун жавобгар эмас, зўравонлик ва террорчилик учун (динни ниқоб қилган) одамлар масъулдир.

- Биз Ислом дини билан уруш ҳолатида эмасмиз. Биз Исломни тасқаралаштирган одамлар билан урушаяпмиз, - деди Барак Обама.

АҚШ президенти “Исломий давлат” каби гуруҳлар рағбатни диний эътиқодидан олмаётганини айтиб, уларни шунчаки “терроризм мухлислари” деб атади.

Обамага кўра, “Ал-Қоида” ва “Исломий давлат” жон-жаҳди билан ўзлари учун машруълик манбаларини қидирмоқда, улар ўзларини руҳоний пешво, муқаддас Ислом аскарлари, деб атаяптилар.

- Биз уларнинг диний машруият борасидаги даъволарига қўшилолмаймиз. Улар ҳеч қанақа диний пешво эмас. Улар террорчилардир, - деди Обама.

Бутун нутқи давомида АҚШ президенти Ислом дини ва террорчилик айри-айри тушунчалар эканини, уларни бир-биридан фарқлаш лозимлигини урғулаб борди.

Обамага кўра, бегуноҳ одамларга нисбатан қилинган зўравонлик Ислом ва мусулмонларни ҳимоя қилмайди, балки уларга зиён етказади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Обама АҚШдаги мусулмон жамоатларини “зўравонликка асосланган экстремизм”га қарши курашда ғайрат кўрсатишга даъват қилди.

Чоршанба куни АҚШда бошланган саммит ўтган йилнинг октябрь ойида ўтказилиши ҳамда “Ал-Қоида”, “Исломий давлат” гуруҳи ва бошқа ташкилотлар билан курашнинг ҳарбий жиҳатларига бағишланиши лозим эди. Аммо кейин Оқ уй ҳарбий куч ижтимоий тармоқларда муваффақият билан ташвиқот ишларини олиб бораётган ва Ғарбда яшовчи мусулмон ёшларни ўз сафига жалб қилаётган экстремистлардан келаётган хавфни бартараф қилиш учун мақбул восита эмас, деган қарорга келган. Оқ уй маъмурияти қаноатича, экстремизмга қарши курашда асосий урғу мафкурага берилиши лозим.

Кечаги анжуманда АҚШ президенти мусулмон ёшлари экстремистик ташвиқотга нисбатан таъсирчан эканини, бу эса уларнинг Суриядаги “Исломий давлат” гуруҳига қўшилиб кетишига ёки бирор мамлакат ичкарисида террорчилик хуружлари уюштиришига сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ўтган ҳафта Конгрессда чиқиш қилган АҚШ разведкаси масъуллари 150 чоғли америкалик Сурияга бориб, исломий жангариларга қўшилишга ҳаракат қилгани ҳақида билдиргандилар.

Экстремизмга қарши кураш мавзусида Вашингтонда ўтказилаётган ва уч кун давом этадиган халқаро анжуманга дунёнинг 60 мамлакатидан делегатлар қатнашмоқда.

XS
SM
MD
LG