Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:01

Твиттерда Озодлик радиоси рус хизматининг сохта саҳифаси яратилди


Радио Свобода - Озодлик радиоси рус хизматининг микроблогига тақлид қилувчи сохта саҳифа.
Радио Свобода - Озодлик радиоси рус хизматининг микроблогига тақлид қилувчи сохта саҳифа.

Тақлид мақтовнинг энг самимий шакли, дейдилар. Аммо тақлид дезинформациянинг ёмон тури ўлароқ ҳам қўлланилиши мумкин.

9 февраль куни Твиттер микроблоглар хизматидаги "Радио Свобода" - Озодлик радиоси рус хизматининг микроблогига тақлид қилувчи сохта саҳифа пайдо бўлди. Қалбаки саҳифанинг номи ҳам, унда ишлатилган графика ҳам ҳақиқийсиникига жуда яқин эди. Сохта аккаунт номи “svoboda” ўрнига “svoboba” шаклида ёзилгани ҳисобга олинмаса, саҳифалар жуда ўхшаш эди.

Сохта аккаунтнинг профилга оид маълумотлар бўлимида рус тилида “Озодлик радиосида бепул янгиликлар. Ватанингизни кроссовкамизга айлантирамиз”, деб ёзилганди. У ерда яна “алоқа учун телефон рақамлари” берилган бўлиб, улар аслида Россия Ташқи разведка хизматининг фуқаролар мурожаат қилиши учун бўлган рақамлари эди.

Бир неча кун аввал Твиттерда "Америка Овози" (Голос Америки) радиосининг рус хизмати аккаунтига тақлид қилувчи сохта саҳифа ҳам пайдо бўлганди. Унда “Россия Федерацияси ҳарбий кучлари ҳаракатлари ҳақида хабар беришни истаганлар” кўрсатилган рақамга боғланиши мукинлиги айтилган эди. Саҳифада қайд этилмиш рақам аслида Россия Федерал хавфсизлик хизматининг қабулхонаси телефон рақами эди. Бу қалбаки аккаунт номи “Голос Америки” эмас, балки “Колос Америки” шаклида ёзилганди.

Ўхшашликларга қарамай, сохта аккаунтлар катта эътибор қозона олмади. Қалбаки "Америка Овози" саҳифасига бор-йўғи 33 та, ёлғон "Радио Свобода" аккаунтига эса атиги уч одам обуна бўлган, холос. Ҳақиқий "Голос Америки" аккаунтига бугунги кунда 188 минг, "Радио Свобода" саҳифасига эса 108 минг твиттерчи обуна бўлган.

Қалбаки саҳифаларда ҳам ишончли, ҳам ҳақиқатдан йироқ постлар аралаш берилган. Ишончлилари қаторига "Америка Овози" ва "Радио Свобода" материалларига линклар берилган постларни қўшиши мумкин. Сохта постларда эса Украина бўҳронига оид ёлғон маълумотлар тарқатаётган россияпараст тарғиботчи сайтларга линклар қолдирилган.

Сохта "Радио Свобода" аккаунтида ёзилган пост камида бир марта Россия нашри томонидан Озодлик радиосининг рус хизматидан олинган маълумот сифатида ишлатилгани маълум бўлди.

Қалбаки аккаунт эгаларининг асосий мақсади ҳам шу бўлса керак эди, деб ҳисоблайди кузатувчилар.

“Кремль ахборотни қандай қилиб қуролга айлантириши” ҳақидаги ҳисобот муаллифи, телевидение продюсери Петер Померанцев 13 февраль куни "Нью-Йорк Таймс" газетасига берган интервьюсида Кремль ва уни дастакловчилар ишлаб чиққан тактикалар “ахборот жангидан кўра кўпроқ ахборотга қарши жангга" ўхшашини айтди.

"Озодлик" радиоси бош қароргоҳи АҚШда жойлашган Twitter ширкатига ўз интеллектуал мулкидан рухсатсиз фойдаланилгани ҳақида шикоят киритиши ортидан кўп ўтмай сохта саҳифалар ўчирилган.

@Ozodlik Твиттер аккаунтига уланиш ҳақида

Озодлик радиосининг ўзбек хизмати ҳам Твиттерда ўзининг фаол саҳифасига эга. 2010 йилда ишга туширилган ушбу аккаунт орқали радио Ўзбекистон ва дунёдаги жараëнларга оид сўнгги янгиликлар ҳақида қисқа муълумотлар бериб боради. Ҳозирда @Ozodlik саҳифасига етти мингдан зиёд киши обуна бўлган.

Ўзбекистондаги Beeline ва Ucell мобил алоқа операторлари абонентлари Озодликнинг Твиттер саҳифасига СМС хизмати орқали ҳам обуна бўлишлари мумкин.

Beeline ва Ucell орқали Твиттерга уланиш бепул бўлиб, ҳеч қaндaй тўлов талаб этилмайди.

Хизмaтдaн фойдaлaниш учун дастлаб телефон рaқaмингизни Твиттерда СМС орқали рўйхaтдан ўтказишингиз зaрур. Бунинг учун 89338 рaқaмигa START сўзини жўнaтинг. Твиттер сизгa жaвоб юбориб, янги аккаунт ярaтиш учун сиздaн лотин алифбосида тўлиқ исмингизни ёзиб, жaвоб беришингизни сўрaйди (масалан, Ozodlik Muxlisi). Шундан сўнг Твиттер исмингиз асосида автоматик тарзда берилган фойдaлaнувчи номини сизга юборади (масалан, OzodlikMuxlisi123).

Телефонингиз Твиттерга муваффақиятли уланганидан сўнг Озодлик радиоси саҳифасига обуна бўлишингиз мумкин. Бунинг учун 89338 рақамига лотин алифбосида FOLLOW OZODLIK жумласини СМС тарзида юборинг. Шундан сўнг @Ozodlik саҳифасида чоп этилган қисқа хабарлар телефонингизга СМС шаклида келиб туради.

Мобил обунани бекор қилиш учун 89338 рақамига LEAVE OZODLIK жумласини юборинг.

Телефон орқали яратилган Твиттер аккаунтидан компьютерда фойдаланиш учун https://twitter.com/#!/login манзилига кириб, "Твиттердан телефонда фойдаланаман" опциясини танланг. Шунда Твиттер хизматга уланган телефон рақамингизни киритишни сўрайди. Сўнг телефонингизга СМС орқали қисқа код юборилади. Келган кодни Твиттер сайтида кўрсатилган махсус жойга киритсангиз, сизга пароль ва электрон манзилингизни кўрсатиш ҳуқуқи берилади. Барча маълумот киритилганидан сўнг аккаунтингиздан компьютерда фойдаланишингиз мумкин бўлади.

XS
SM
MD
LG