Линклар

logo-print

Украина шарқидаги қонли тўқнашувлар кўлами бироз пасайган бир паллада россиялик тужжорлар икки қўшни давлат чегарасидаги можародан мўмай даромад олиш манбаини топдилар. Россияда жойлашган Интернет-дўконлардан бирида “Жануби-Шарқнинг барча террорчиларига бағишланади!” шиори остида “Новороссия” ва “ДНР” символикаси солинган ва аҳолининг барча қатламларига мўлжалланган кийим-кечак, сувенирлар, ҳатто туалет қоғозлари ва “Киевнинг ишғол этилиши учун” медаллари сотилмоқда. Айрим мутахассислар тан олинмаган “Новороссия” тамғаси остида сотилаётган буюмларга бўлган русларнинг қизиқишини “ТВ-ташвиқот”га боғлаётган бўлса, бошқалари маҳаллийларнинг “ўзига хос дунёқараши” билан изоҳлашга уринмоқда.

“Жануби-Шарқнинг барча террорчиларига бағишланади!”

Ўтган ҳафта Минскда имзоланган сулҳ кучга кирган бир пайтда Россиядаги уддабуронлар бу урушдан ўз фойдасини чиқариб олмоқда.

“Военпро” Интернет-магазини Украина шарқида ўзларини республика деб эълон қилган ташкилотлар рамзлари туширилган ғаройиб маҳсулотларни сотувга чиқарди.

“Новороссия дунёси” дея номланган товарлар орасида “Жануби-Шарқнинг барча террорчиларига бағишланади!” коллекцияси ҳам мавжуд.

Дўкон сайтида “Қримнинг қайтарилиши” каби қалбаки медаллардан ташқари “Киевнинг ишғол қилиниши учун”, “Одессанинг озод этилиши учун”, “”Львовнинг олиниши учун”, “ДНР қаҳрамони”, “Гуманитар карвон иштирокчиси-2014” каби бошқа медалларни сотиб олиб, унга қўшиб бериладиган махсус гувоҳномаларга ўз исми-шарифингизни ёздириб қўйишингиз мумкин. Россиялик тадбиркорлар аёл, эркак ва ҳатто болаларга мўлжалланган кийим-кечак, “ДНР”, “ЛНР” ва “Новороссия” байроқлари, шевронлар, “Новороссия кахрамонлари” расмлари туширилган магнит тахтача, зажигалка ва ҳарбий амуницияни пулламоқда.

“Россиянинг бағри кенг. Баъзан шу даражадаки, айрим ҳукмдорлар бағрикенглиги учун уларнинг авлодлари қарз узади. Александр II Аляскани америкаликларга совға қилди, Никита Хрушчев ҳеч қандай асоссиз Украинага Қримни берди, бутун совет даврида Россия Прибалтика, Ангола, Буркина-Фасо ва бошқа “банан республикаларини” боқиб келди. Большевиклар эса тарихий Новороссияни Украинана топширди”, деб уларни Россияга қайтариб олиш даври келгани иддао қилинади савдогарлар сайтида.

Сайт орқали советлар даврига хос рамзлар битилган маҳсулотларга ҳам буюртма бериш имкони мавжуд.

Харидорларга алоҳида Украина байроғи рангидаги туалет қоғозлар ҳам таклиф этилади. Ундан ташқари, сайтда ўзини “Донецк халқ республикаси” деб атаган ташкилот номидан қора-кўк-қизил рангдаги соат, аёллар ички кийими, свитер, футболка, сумка, презерватив ва кўзонаклар сотилмоқда. (Реклама ёзувида презервативлар, негадир, арчани безатишга ишлатилиши тавсия этилган).

"Новороссия" сўргичи

"Новороссия" сўргичи

Ҳарбий-ватанпарварлик руҳдаги товарларни сотишга мўлжалланган бу сайт эгалари гўдакларни ҳам ёддан чиқармаган. “Ватанпарвар руҳдаги ёш ота-оналар ўз фарзандларига силиконли сўргич ёки “Новороссия” комбинезонини сотиб олишлари мумкин”, дейилади бу маҳсулот рекламасида.

“Бу маҳсулотларни кимлар сотиб олмоқда?” деган саволга сайт бошқарувчилари “Новороссия” рамзлари туширилган маҳсулотлар янги йилдан олдин сотила бошлангани, бироқ айнан сўнгги пайтларда бозори чаққонлашганини айтади:

- Россиядан ташқари биз хорижга ҳам сотаяпмиз - Латвияга, Украинага ва бошқа мамлакатларга. Бу мавзуга қизиқувчи россияликлардан ташқари уни турли мамлакатлардан келаётган туристлар харид қилмоқда. Аммо, асосий бизнесмимиз россияликларга мўлжалланган,- дейди ўзини Оля деб таништирган Интернет-дўкон менежери.

Маълум бўлишича, товарларнинг асосий қисми Хитойда ишлаб чиқарилар экан. “Новороссия” мавзусидаги товарларни сотишдан олдин асосан ҳарбий символика сотишга мўлжалланган сайт даромадининг катта қисмини Владимир Путин расмлари туширилган маҳсулотлардан тушгани айтилди.

“Сталинизм” ва “Россия империяси” даври улуғланмоқда”

Турли Интернет-форум ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида бу коллекция қизғин мунозараларни келтириб чиқарди.

Хўш, оддий россияликларнинг “ДНР”, “ЛНР”, “Новороссия”, “СССР” рамзларига бўлган бундай катта қизиқиши сабаблари нимада?

Москва Психология-педагогика университети профессори, психология фанлари номзоди Виктория Юркевич Озодлик билан суҳбатда, психология нуқтаи назаридан, Украина шарқидаги ҳодисаларга русларнинг қизиқиши сабабларини санаб ўтди.

"Новороссия" қахрамонлари" магнити

"Новороссия" қахрамонлари" магнити

- Биласизми, ҳар бир гуруҳда ўзининг “қадриятлари” мавжуд. Одатан, одам ўз фикрларини тез-тез ўзгартириб туришга мойил. Бу унинг бирор жамоада ижтимоий мослашувига, ҳаёт учун кураш давомида омон қолиши учун зарурдир. Ўртаҳол одамлар гуруҳ лидерларига шу рамзлар орқали тақлид қилади, эргашади, яъни буюмларга сиғинади. Ҳамюртларимиз онгида “Уруш – бу қахрамонлик”, деган тушунча ўрнашиб қолган. Аслида, символикага қизиқиш агрессиянинг бир кўриниши. Айрим одамлар бу агрессияни санъат орқали ифода этади, қолганлар эса уни тўғридан-тўғри ишлатади. Қолаверса, рамзларга қизиқишни “Мана мен! Мен шунақа!”, дея жамиятга қарата мужда юбориши дея қабул қилишимиз мумкин. Энг қизиғи, бундай кучнинг намоён қилиниши ривожланмаган одамнинг уруш, жангу-жадал тўғрисидаги тасаввурлари ҳосиласидир,- дейди руҳшунос Виктория Юркевич.

Олимнинг фикрича, ҳар бир одамнинг у ёки бу нарсага қизиқишида шахсий – ижобий ёки салбий – манфаатлар ётади: улар худбинлик ёки ҳақиқий ватанпарварлик асосида келиб чиқиши мумкин.

Аммо, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, “Инсон ҳақлари учун” ҳаракати етакчиси Лев Пономарёв Россия жамиятидаги уруш, империя ва совет даври рамзларига бўлган қизиқишнинг ортиб бораётганини ҳукумат олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишлари билан боғлади.

Озодлик билан суҳбатда Лев Пономарёв президент Путин атрофида йиғилган гуруҳлар “миллий ғоя” масаласида асосий икки томонга ажралган дейди:

"Новороссия" коллекциясидан -Стрелков

"Новороссия" коллекциясидан -Стрелков

- Шахсан ўзи у КГБ-ча консерватив фикрга эга. Унга икки модел таклиф этилди: ё Сталин ва Улуғ Ватан Урушидаги ғалаба – бу ҳолатда Путин келтирган барча қурбонликларни кечирса бўлади, ёки империя давридаги Россияни улуғлаш. “Империя даври” ғояси фойдаланишга жуда қулай – “Учинчи Рим”, маънавий юксалиш, қадриятлар, деганларидек... Ниҳоят, Владимир Владимирович атрофидаги мана шу икки гуруҳ идеологлар тўқнашувидан ягона “миллий ғоя” ясалиб, одамларнинг икки йўналишда “онгини тозалаш” сиёсати вужудга келди. Одамлар ҳақиқатан сталинизмни улуғлаяпти. Телевидение эса “Сталин даврининг ажойиблиги”-ю “империя даври Россиясининг улуғлиги” тўғрисида кечаю-кундуз кескин пропагандани кучайтирмоқда, дейди Лев Пономарёв.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG