Линклар

ИД жангариларининг Ливия орқали Европага киришидан хавотир туғилди


Ливиядан ўғирлаган мисрлик 21 насроний боши кесилгани даъво қилинган видео Интернетда тарқалиши билан “Исломий давлат” Ливия орқали бир неча ҳафтада Европага кириши мумкин, деган хавотир тилга олина бошлади. Ҳукуматлар жангариларнинг ноқонуний муҳожирлар денгиз орқали Ливиядан Италияга бораётган йўлни ўз назоратига олиши мумкинлигидан ташвиш қилмоқда.

Куни кеча Интернетда тарқатилган “Хоч аҳлига йўлланган қонли мужда” номли 5 дақиқалик видеода Ливия ҳудудидан ўғирланган 21 мисрлик қибтий насронийнинг боши танасидан олингани иддао қилинди.

Бу видео тарқалгач, Мисрнинг Буюк Британиядаги элчиси Носир Камол Ливиядаги жангарилар Европага тўғри-тўғри таҳдиддир, деб баёнот берди. Унга кўра, жангарилар Ливия орқали Италияга элтувчи денгиз йўлини ўз назоратига олиши мумкин.

Одам савдоси билан шуғулланувчи ноқонуний гуруҳлар назоратида бўлган бу йўлдан йилига минглаб муҳожир ва қочқин Европага сузиб ўтади. Улар орасида кўплаб муҳожир ёки қочқин одам тужжорлари қўлига тушиб, қулга айланади, ёхуд йўлдаги турли хатарлардан нобуд бўлади.

У ерда қайиқ ва кемалар муҳожирликка кетаётганларни Ўрта Ер денгизи орқали олиб ўтади. Кейинги бир неча ҳафта ичида биргаликда чора кўрмасак, террорчилар билан тўлган кемалар ҳам пайдо бўлиши мумкин” деб огоҳлантирди.

Италия соҳилларига Ливия соҳилидан борадиган денгиз йўли 300 километрга яқиндир.

Италия ҳукумати ИДнинг сўнгги таҳдидидан сўнг бу борада жиддий хавотир билдирди. Ташқи ишлар вазири Паоло Жентилони 18 февраль куни берган баёнотида Европа давлатлари махсус хизматларини ИДнинг Ливиядаги қанотига қарши жиддий чора кўришга чақирди.

Айни пайтда 2015 йил бошидан бери Ливиядан Италияга келаётган муҳожирлар сони мисли кўрилмаган даражада ошиб бораётгани айтилмоқда. Ливияда издан чиқаётган вазият бу давлатга қочиб ўтган қочқинлар ва бу мамлакат аҳолисининг маълум бир қисмини хавфли денгиз йўлини ошиб ўтиб, Европага қочишга ундамоқда.

Шу боис, Италия Ташқи ишлар вазири 17 февраль куниёқ БМТга мурожаат қилиб, Ливиядаги вазиятга тезкор ечим топиш ва ИДнинг Европага солиши мумкин бўлган йўлини бошиданоқ қирқишни сўради.

ИД ўтган йилнинг октябрь ойида Ливияда ўзига хайриҳоҳ гуруҳ ишончини қозонган эди. Мамлакатнинг шарқидаги Дерна шаҳрига йиғилган жангарилар гуруҳи ИД етакчиси Бағдодийга байъат келтирган. Бундан сўнг ИД Ливияда амалга оширилган бир неча қонли ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган.

XS
SM
MD
LG