Линклар

Америкалик фахрийлар Исломий Давлатга қарши курашмоқда


АҚШ армиясининг собиқ пиёда аскари Бретт Роялз ИД жангарилари қарши курашда қатнашмоқда

АҚШ армиясининг собиқ пиёда аскари Бретт Роялз ИД жангарилари қарши курашда қатнашмоқда

“Мен бу ерга Даишни ўлдиргани келганман”, дейди АҚШ Денгиз пиёда аскарлари корпусида хизмат қилган Луи Парк. “Даиш” – “Ироқ ва Шом Исломий Давлати” атамасининг арабча қисқартмасидир.

Парк Ироқ шимолида Двех Навша Оссурия христиан гуруҳига қўшилиб Исломий Давлатга (ИД) қарши курашишга келган чет эллик жангчиларнинг биридир. ИДга қарши жангда иштирок этаётган Паркка ўхшаган чет элликларнинг сони ҳозирда оз бўлса-да, аста-секин ўсиб бораяпти. Двех Навша гуруҳининг номи арамей тилида “ўз-ўзини қурбон қилувчилар” деган маънони англатади. Мазкур гуруҳ оссурия христианлари томонидан Ироқда ИДга қарши курашиш учун тузилган.

Шу ҳафтада Парк ва яна бир америкалик фахрий Бретт Роялз Озодлик радиосининг Ироқ хизмати билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида улар Батнай шаҳри яқинида туриб бошларидан кечирганларини сўзлаб беришди.

Парк тўрт йил АҚШ қуролли кучларида хизмат қилганини, 2012 йилда Афғонистонга борганини ва у ерда жанг қилиш тажрибасини оширганини айтди. У яна Озодлик радиосининг Ироқдаги хизматига Ироқда ИД билан курашиш орқали АҚШни ҳам ҳимоя қилаётганига ишонишини айтди.

“Агар [ИД] бу ерда ўз ҳолига ташлаб қўйилса, келажакда АҚШда зўравонликка гувоҳ бўлишимизни биламан. Шундай экан ватанимни ҳам ҳимоя қилаяпман”, деди Парк.

Парк АҚШ Денгиз пиёда аскарлари корпусида тўрт йил хизмат қилганидан кейин Двех Навша гуруҳига кўнгилли бўлиб қўшилганини қўшимча қилди.“Менга ҳеч ким ҳақ тўлаётгани йўқ. Менга овқат, қурол ва кийим беришаяпти, аммо менга керак бошқа ашёларни ўзим сотиб олаяпман. Шу иш учун тўплаган маблағимни сарф қилаяпман. Шунинг учун ҳамма нарсага ўзим тўлашга тайёрман”, деди Парк.

Ўзи тажрибали аскар бўлган Парк оссурия христиан жангчиларини тайёрлашда ҳам иштирок этаётганини айтди.

“Мен уларга керак нарсаларни бериш учун келганман. Ўзим жангчи бўлганим учун уларга жанг қилишни ўргатаяпман. Мен бу ерга Даишни ўлдиргани келганман, аммо Денгиз пиёда аскарлари корпусида кичик бўлинмаларни бошқаришни ҳам ўрганганмиз учун жангчиларни кичик бўлим сифатида машқ қилишларида ҳам ёрдам бераяпман. Шундай қилсак ҳаммамиз кўпроқ натижага эришамиз”.

Парк АҚШ ҳарбийларининг Ироқдаги фаолиятлари ҳақида сўралганда америкалик қўшинлар Ироқ ҳарбийларига машқлар ўтаётганини ва маслаҳат бераётганини, аммо бевосита жангда иштирок этмаётганини айтди. У америкаликлар “армиямиз танлаган йўлдан келиб чиқиб қўлларидан келганини қилаяптилар”, деди.

“Менга бунга қўшиламан. Мен ҳарбий фаолиятни оширишга чақирган бўлардим, аммо бу менинг қўлимдаги иш эмас”.

Паркка кўра, Ироқнинг шимолидаги Курдистон ҳудудида ўттизга яқин америкалик бор. Паркнинг чет мамлакатда кўнгиллилар билан жанг қилаётгани қонунга зид бўлиши мумкин. АҚШга қайтганида муаммоларга дуч келиши мумкинми ёки йўқлиги ҳақида сўралганда у ўзига берилган “ҳар қандай саволга жавоб беришга” тайёр эканлигини айтди.

“Менда беркитадиган нарсам йўқ. Мен ватанпарварман”, деди у.ИДга қарши жанг ҳаётини қурбон қилишга арзиш-арзимаслиги ҳақидаги саволга Парк “ўша нарсага тайёр” эканлигини айтди. “Бу қарорга Афғонистондаёқ келганман”.

АҚШ армиясининг собиқ пиёда аскари, автоматчиси ва мергани Бретт Роялз Двех Навшага ИД жангарилари қилган ваҳший ишларни кўрганидан кейин қўшилганини айтди.

“Менга қобилият берилган. Йиллар давомида шу қобилият устида ишлаб келаяпман. Мен бу ерда содир бўлаётган нарсаларни – ёвузлик, чормихга тортиш, зўрлаш, жинсий қуллик, одамларнинг ўз уйларидан ҳайдалишини – уйда томоша қилиб ўтира олмайман. Мен буни қабул қила олмайман, шунинг учун бу ерга келиб одамларни уйларига қайтариш ва уларнинг яшаш тарзини ҳимоя қилиш учун қўлимдан келганини қилаяпман”, деди Роялз Озодлик радиосининг Ироқдаги хизмати билан қилган суҳбатида.

Роялз АҚШ армиясида олган тажрибаси, шу жумладан Ироқда ўтаган хизмати ИДга қарши жангда ёрдам бера оладиган “муҳим фазилат” эканини айтди.

“Мен кўп қийинчилик кўриб оширган малакамни ва ўрганган нарсаларимни биродарларимга ўзларини ҳимоя қила олишлари учун берсам бўлади”.

Роялз Пешмерга каби бошқа гуруҳларга эмас, балки айнан оссириялик христиан жангчиларга қўшилишининг сабаби ўзининг гуруҳга бўлган ишончи эканлигини айтди. Бундан ташқари, у маҳаллий аҳолига уйларига қайтиб тинч-тотув яшай олишлари учун жангариларни қувиб чиқаришда ёрдам бермоқчи.

“Агар мен пул учун жанг қилганимда, ёлланма жангчи бўлган бўлардим, Курд мудофаа отрядларига қўшилган бўлардим. Бу ерда жанг қилишни истамайман. Бу ерда мудофаа қилишни хоҳлайман, токи одамлар ўз ерларига қайта олишсин”, деди Роялз.

Роялз ироқликлар ўз ерларини ҳимоя қилишлари ва ИДни қувиб чиқаришлари учун керакли қуроллар билан таъминланишлари кераклигига ишониши айтди.

“Даишга бу ерда жой йўқ”.

Ўтган йилнинг июль ойида ИД жангарилари Мосул шаҳри шимолидаги Нинаво текисликларини эгаллаб олганидан кейин жуда кўп ироқлик оссурийлар (Оссурия халқаро янгиликлар агентлигига кўра,200 мингга яқин киши) уйларини ташлаб қочишга мажбур бўлишди. Нинаво текислиги оссурия христианларининг сўнгги таянч нуқтаси эди.

Роялзга кўра, ҳозирда Найнаво текислигида ИД қўлига ўтмаган уч шаҳарча бор. Булар Бақофа,Алқош ва Чарафия шаҳарчаларидир. Роялз бу шаҳарчаларни оссурия жангчилари ҳимоя қилишаётганини айтди.

Роялз ИДга қарши жангларда фаол иштирок этганини қўшимча қилди. Ҳозирда у оссурия христиан жангчилари билан Батнай яқинидаги бир неча уй ва черковда яширинган ИД жангчилари билан кураш олиб бораяпти.Роялзнинг айтишича, ИД жангарилари ғилдиркарлар ёқиб, чиққан тутундан оссурияликлар юборган дронлардан беркиниш учун фойдаланишаяпти.

“Биз улар яширинган уйларни топдик. Кейин АҚШ келиб ўша уйларни бомбардимон қилди”.

Парк сингари Роялз хам ўлишдан ёки ИД қўлига тушишдан қўрқмаслигини айтди.

“Мени энг оз қўрқитадиган нарса ўлиш. Қўлга тушишдан хавотирда эмасман, ўлишдан хавотирда эмасман”,деди у.

XS
SM
MD
LG