Линклар

OzodlikOnline: Ўзбекистондаги ишсизлар армияси учун Туркия иккинчи Россияга айлана оладими?


Дунëнинг энг йирик бозорига ватан бўлган Туркия¸ ўзбек муҳожири учун меҳнат бозорига айлана оладими?

Дунëнинг энг йирик бозорига ватан бўлган Туркия¸ ўзбек муҳожири учун меҳнат бозорига айлана оладими?

Россиядаги иқтисодий инқироз чуқурлашиб¸ рублнинг долларга нисбатан қадри пасайиб бораëтган бир кезда ўзбек муҳожири ўзи учун янги меҳнат бозори изламоқда. Кузатувчилар фикрича¸ Туркия ўзбекистонлик иш изловчилар хаëлида Россия муқобилига айлана бошлаган. Бу хаëл саробми ëки Туркияда миллионлаган ўзбекни иш билан таъминлаш имкони борми? Душанба куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

Россия ҳукумати 2015 йилда муҳожирларнинг меҳнат фаолиятига янги чекловлар жорий қилди. Россия Меҳнат вазирлиги қарорига кўра, “маҳаллий фуқароларни иш билан таъминлаш зарурати” билан қурилиш, савдо, қишлоқ хўжалиги, траспорт ва бошқа соҳаларда ишлаши мумкин меҳнат муҳожирлари сони қатъий қисқартирилди.

Россия ҳукумати йилдан йилга мамлакатдаги хорижлик ишчилар сонини камайтиришга қаратилган бошқа механизмларни ҳам жорий этмоқда. ФМСнинг Москва шаҳри бўйича бошлиғи Наталья Кириллова ўтган йили биргина пойтахтдан 32 минг хорижлик чиқариб юборилгани, яна 500 минг муҳожирнинг мамлакатга кириш тақиқланганини маълум қилди.

Федерал миграция хизматига кўра¸ ўтган йили Россиядаги 12 миллионга яқин меҳнат муҳожиридан 23 фоиздан кўпроғини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилган ва сон борасида яна биринчиликни сақлаб қолган.

Россия давлат тизимларининг муҳожирга қарши қўллай бошлаган сиëсати ва турли чеклов-қувғинлар Ўзбекистондан келаëтган миллионлаб муҳожир оқимини тўхтата олмаган бўлса¸ 2015 йилдан бошлаб бу ишни мамлакатда кучайиб бораëтган иқтисодий инқироз қилмоқда.

Нефт нархининг кескин пастлаши ва Ғарбнинг Украина можароси ортидан жорий қилган молиявий санкциялари ортидан Россияда аксар ўзбек муҳожирини иш билан таъминлаб келган йирик қурилишлар тўхтай бошлади¸ ишлаб чиқаришда ҳам иш ўринлари кескин қисқаришга ўтди.

Россия рублининг долларга нисбатан қулаши эса¸ ҳозирча ишига илиниб қолаëтган ўзбек муҳожири даромадини камида ярмига камайтирди.

Бу бўҳрон бошланган 2014 йилнинг кузидан бошлаб ўзбекистонлик муҳожир Россияга муқобил меҳнат бозори излай бошлади ва Озодликка келаëтган мунтазам хабарларга кўра¸ кўпчилик энди умид кўзини Туркияга тика бошлаган.

“Мен Истанбулдаман. Кундан-кунга бу ерга Ўзбекистондан ишлагани юзлаб аëллар келмоқда. Иш топгани топиб¸ 500-600 долларга ишлаяпти¸ топмаган 30-40 фоизи кўчада ишсиз қолиб¸ фоҳишалик¸ ҳаром-ҳариш ишларни қилишга мажбур бўлмоқда. Истанбулнинг Оқсарой деган марказий туманида туркдан кўп ўзбек. Бу ерда Қумқапи деган микрорайонда ўзбеклар ўзининг қишлоқчасини қуриб олган”¸ дейди Озодликка боғланган ўзбеклардан бири.

“Мен ҳозир бир маҳаллада яшаëтган юздан ошиқ ўзбекистонликни биламан. Кўпчилиги ишсиз. Хотинлари туркларнинг уйида хизматкорлик қилади¸ эркакларининг кўпи Сурияга ўтиб кетган”¸ дейди Истанбулдаги бошқа бир ўзбекистонлик.

“Каримов ҳукуматининг ишсизлик балосидан қутулиш учун Туркияга келаëтган ўзбекистонликлар кўпайиб бораяпти. Мен қўлдан келгунча уларга иш топишда ëрдам бераяпман. Лекин менда ўн минглаган муҳожирни иш билан таъминлаш имконияти йўқ”¸ дейди Озодлик суҳбатлашган туркиялик тадбиркор.

Агар Сиз Туркияда бўлсангиз ва маҳаллий меҳнат бозорини яхши билсангиз:

Ўзбекистон фуқароси визасиз уч ойгача қолиши мумкин бўлган¸ боз устига тили ва маданияти уйқаш¸ иқлими гўзал Туркия Россиядан қувилаëтган миллионлаб ўзбек муҳожири учун янги меҳнат бозори бўла оладими?

Туркиянинг қайси минтақаси қанча сондаги ўзбекистонлик муҳожирга қайси соҳада иш таклиф қилиши мумкин?

Туркияга йўл олаëтган ўзбекистонлик муҳожирни бу ерда қандай ҳаëт¸ қандай муносабат кутмоқда?

Ўзбекистонлик арзон иш кучини ким ва қандай икки томонлама манфаатли оқимга солиши ва назоратга олиши мумкин?

23 февраль¸ душанба куни Тошкент вақти билан оқшомги соат 7 дан 8 га қадар давом этадиган жонли суҳбатимизда шу ҳақда гаплашамиз.

Суҳбат давомида OzodSkype, OzodOvoz ва OzodlikOnline Skype манзилларига қўнғироқ қилиш орқали мулоқотда иштирок этишингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG