Линклар

logo-print

Ўшдаги ўзбек мактаблари яна баҳс мавзусига айланди

  • Шерзод

Ўш вилоятидаги Мирзо Улуғбек номли ўзбек-қирғиз мактаби.

Ўш вилоятидаги Мирзо Улуғбек номли ўзбек-қирғиз мактаби.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиёдаги вакиллиги Қирғизистонда ўзбек мактаблари қирғизчалаштирилаётганидан ташвиш билдирди. Ташкилот расмийси Элизабет да Костанинг айтишича, Ўш ва Жалолободдаги айрим ўзбек мактаблари қирғиз тилида ўқитишга ўтган ҳамда давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилган.

Де Коста: "Ўзбек мактабалари давлат томонидан молиялаштирилмай қолди"

Жорий ҳафтада Бишкекда ўтган “Қирғизистонда маориф соҳаси орқали халқ бирлиги ва миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш” масаласига бағишланган анжуманда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Марказий Осиёдаги вакиллиги расмийси Элизабет да Коста: “Конституция ва Давлат тили тўғрисидаги қонунда миллий озчиликларга она тилида билим олиш кафолатланган бўлса-да, Ўш ва Жалолободдаги айрим ўзбек мактаблари қирғиз тилида ўқитилишга ўткизилгани ҳамда давлат томонидан молиялаштирилмай қолганини” айтди.

24.kg нашрининг хабар қилишича: “Қўмита олийгоҳларга кириш имтиҳонлари давлат тилида ўтказилаётганидан ташвиш билдирди. Бу дискриминациядир. 2015-йил май-июн ойларида қўмита Қирғизистон масаласини муҳокама қилади ва бу мавзуга эътибор қаратади. Давр миллий озчиликларнинг ҳуқуқсизлиги ижтимоий муаммолар ва можароларга сабаб бўлишини кўрсатди”.

Ўшлик муаллимлар: "Ўзбек мактаблари ота-оналар талаби билан қирғизча ўқитишга ўтаяпти"

Айни пайтда Ўшдаги ўзбек муаллимлари БМТ расмийсининг баёнотидаги айрим жиҳатларга қўшилмасликларини айтмоқдалар. Масалан, Ўш давлат универститети ўқитувчиси, доцент Саидакбар Махсумхонов фикрича, ўзбек мактаблари давлат томонидан ёпилаяпти, деган фикр нотўғридир:

- “Давлат томонидан ёпилмоқда”, дейилгани тўғри эмас. Қирғиз тили ёки рус тили жуда ҳам зарур эканини сезган ҳолда, ота-оналар илтимоси, талаби билан ўзбек мактабларида қирғиз тилида ўқитиладиган синфлар, таълим рус тилида олиб бориладиган синфлар очилаяпти. Бу, менинг фикримча, замон талаби бўлса керак. Ўзбек мактаблари ёпилгани йўқ, таълим ўзбек тилида олиб бориладиган мактабларда таълим қирғиз ва рус тилларида олиб бориладиган синфлар очилганидан кейин ўз-ўзидан ўзбек мактаби деган мақом йўқолади ва аралаш мактабга айланади. Молиялаштириш йўқолаяпти деган фикр ҳам нотўғри, -дейди Саидакбар Махсумхонов.

Унга кўра, сўнгги 2 йил давомида ўзбек мактабларидаги дарс соатлари ва ўқитувчилар сони қисқарган, бироқ давлат томонидан молиялаштириш тўхтатилмаган.

Махсумхоновга кўра, ўтган йил декабрь ойида ўзбек мактабларининг 10-11-синфлар учун ўзбек тили ва ўзбек адабиёти дарсликлари давлат бюджети ҳисобидан чоп эттилган ҳамда ўзбек мактаблари ўқувчиларига бепул тарқатилган.

2010 йил Ўш воқеаларидан сўнг Ўш ва Жалолобод вилоятларида ўзбек мактаблари таркибида қирғиз ва рус тилли синфлар очилган эди. Маълумотларга кўра, бугунги кунга келиб ўзбек мактабларининг 40 фоизида шундай синфлар ташкил қилинган ва ўзбек мактаби мақоми аралаш мактаб бўлиб ўзгарган.

Ўшлик ўзбек мактаб ўқитувчиларнинг айтишича, бунга ота-оналар томонидан мактабларда рус ва қирғиз тилли синфлар очиш талаблари кўпайгани сабаб бўлган. Ўшлик мактаб ўқитувчиларидан бири Маҳаммаджон Охунов фикрича, ота-оналар томонидан бундай талаб бўлишига ҳам сабаблар бор:

- Фуқароларимиз Қирғизистондан чиқиб кетиб, бошқа ерларда ўз турмуш тирикчилигини ўтказаётганда рус тили кўпроқ керак бўлаётгани бунга биринчи сабаб. Иккинчи сабаб, Қирғизистондаги олийгоҳларда ўқиётганида болалар ўз она тилларида топшириқларни, имтиҳонларни топшириши қийин бўлаяпти, чунки ўзбек тилида имтиҳон олувчи мутахасислар олийгоҳларда деярли йўқ, - дейди Маҳаммаджон Охунов.

Унга кўра, ўзбек ўқитувчилари бу борада расман вазирликка мурожаат қилмаган бўлсалар-да, расмийлар билан бўлган учрашувларда доимо олийгоҳларда ўзбек ўқитувчиларини кўпайтириш борасидаги талаб ва таклифлари айтилиб келади.

Новқатлик Муроджон: "Ўзбек мактабида боламизнинг тўлақонли билим олиш имконияти чекланган"

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда ўзбек мактабларида дарсликлар билан таъминланиш даражаси 30-40 фоиздан ошмайди. Айрим ота-оналар шундан келиб чиққан ҳолда Қирғизистонда ўзбек тилида тўлақонли билим олиш имконияти йўқлиги учун ҳам фарзандларини қирғиз ва рус тилларида ўқитаётганликларини айтадилар.

- Агар бизда олий ўқув юртларида мутахассислар, мактаб ва олийгоҳларда эса ўзбек тилидаги материаллар етарли бўлганда эди, унда фарзандларимизнинг ўзбек тилида ўқиши албатта фойдадан ҳоли бўлмасди. Бугунги давр шуни талаб қилар экан, демак, биз фарзандларимиз яхши билим олишининг тарафдоримиз, - дейди новқатлик Муроджон.

Қирғизистон Таълим ва Фан вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, шу кунда Қирғизистонда 223 мактабда ўқувчилар ўзбек тилида билим олиш имкониятига эгалар. Бу мактабларининг 91 тасида ўқитиш фақат ўзбек тилида, 67 тасида ўзбек ва қирғиз тилларида, 43 тасида ўзбек ва рус тилларида, 22 тасида эса ўзбек, қирғиз ва рус тилларида олиб борилмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG