Линклар

Ўзбекистон президентининг «Кўксарой” резиденцияси олдида 20 февраль куни пикет ўтказган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева Тошкент вилоят Қибрай туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилди ва 7 соат давомида ушлаб турилди.

Бу ҳақда Тошкентдаги “Альянс” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, Урлаеванинг пикети 20 дақиқа давом этган, шундан сўнг милиция ходимлари келиб, уни бошқармага олиб кетган.7 соат ушлаб турилган ҳуқуқ фаолига нисбатан ҳеч қандай маъмурий ёки жиноий жазо чоралари кўрилмаган. У суҳбатлашувдан сўнг қўйиб юборилган.

Елена Урлаева мустақил журналист Малохат Эшонкулова, ҳуқуқ фаоллари Ўктаму Пардаев, Шухрат Рустамов,Алиқул Саримсақову, Дмитрий Тихонов ва ўзига мамлакатдан чиқиш визаси берилмаётганига норозилик сифатида иккинчи марта пикет ўтказмоқда. Бундан аввалги пикет 12 февраль куни Тошкентдаги президент девони биноси олдида ўтказилган эди.

Елена Урлаева Жанубий Кореянинг ҳуқуқ фаолларига берилувчи халқаро мукофоти билан тақдирланган. Мукофотнинг топширилиш маросими 11 март куни Cеулда бўлиб ўтади. Аммо мазкур тадбирда қатнашиши керак бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларига чиқиш визаси берилмаяпти.

XS
SM
MD
LG