Линклар

Ўзбекистонда уруш фахрийларини телевизорлар билан тақдирлашмоқчи


Иккинчи жаҳон урушида фашист Германияси устидан қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги муносабати билан ўзбекистонлик уруш ва меҳнат фронти фахрийлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган телевизор ва мобил телефонлари билан тақдирланади. Ўзбекистон Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлигига таяниб берилаётган хабарларга кўра, бу ўтган ҳафта президент томонидан тасдиқланган “Кексаларни эъзозлаш йили” давлат дастури доирасида кўзда тутилган.

Вазирликнинг фахрийларни “қатор имтиёзлар кутмоқда, жумладан соғломлаштириш санаторийларда 12 кунлик текин даволаниш, темир йўл транспортида бир марталик сафар қилиш, 9 май Хотира ва қадрлаш кунига моддий ёрдам”, деган хабаридан иқтибос келтирилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти уруш ва меҳнат фронти фахрийлари учун “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 70 йиллиги” номли медални жорий қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди, дея эслатмоқда CA-News агентлиги.

“Ветеран” жамғармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда 7 мингга яқин уруш қатнашчиси, 115 мингдан ошиқ меҳнат фронти фаҳрийси истиқомат қилмоқда. Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистонда 1,4 миллиондан ошиқ ўзбекистонлик қатнашган, улардан 400 мингдан ошиғи жанг майдонидан қайтмаган, 130 минг нафари бедарак кетган.

XS
SM
MD
LG