Линклар

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида 87 марта Америка киноакадемиясининг олий мукофоти – Оскар ҳайкалчалари ғолибларга топширилди. Йилнинг энг яхши фильми номинациясида "Бёрдмэн" фильми Оскарга лойиқ топилди.

Якшанба куни тунда бўлиб ўтган тақдимот маросимида йилнинг энг яхши фильми номинациясида шуҳрат шоҳсупасидан тушган ва саҳнага қайтишга уринаётган таниқли актёр ҳақидаги "Бёрдмэн" (Birdman) фильми ғолиб деб топилди.

"Бёрдмэн" фильми режиссёри Алехандро Гонсалес Инярутти Оскар мукофотини қабул қилиб олмоқда.

"Бёрдмэн" фильми режиссёри Алехандро Гонсалес Инярутти Оскар мукофотини қабул қилиб олмоқда.

Ушбу номинацияда, Алехандро Гонсалес Инярутти​нинг “Бёрдмэн” фильмидан ташқари Ричард Линклейтернинг "Ўсмирлик" (Boyhood), Уэс Андерсоннинг "Гранд-Будапешт" меҳмонхонаси" (The Grand Budpest Hotel), Мортен Тильдумнинг "Тақлидий ўйин" (The Imitation Game), Жеймс Маршнинг "Ҳамма нарсанинг назарияси" (The Theory of Everything), Ави ДюВернейнинг "Сельма" (Selma), Дэмьен Шазелнинг "Савдойилик" (Whiplash), Клинт Иствуднинг "Америкалик снайпер" (American Sniper) фильмлари ҳам Оскар учун даъвогарлик қилаётган эди.

Бундан ташқари, жами тўққизта номинацияда беллашган "Бёрдмэн" фильми энг яхши режиссёр иши, энг яхши оператор иши ва энг яхши оригинал сценарий йўналишларида ҳам Оскарни қўлга киритди.

"Ҳамма нарсанинг назарияси" фильмида касаллик оқибатида ногиронлар аравачасига михланган таниқли физик ролини ижро қилган британиялик Эдди Рэдмейн энг яхши актёр деган унвонга сазовор бўлди.

Қувончини яшира олмаган Эдди Редмейн.

Қувончини яшира олмаган Эдди Редмейн.

- Академияга катта раҳмат. Қанчалик шод эканимни сўз билан таърифлашга ожизман. Жуда ҳам омадли эканимни тушуниб турибман. Бу Оскар, албатта, дунё бўйлаб ALS (латерал амиотрофик склероз) хасталигига қарши курашаётганларнинг барчасига, айниқса, бир оилага - Стивен Хокинг оиласига тегишли, - деди Рэдмейн.

Оскар учун бешинчи марта беллашиб, илк бор ғалаба қилган Жулианна Мур "Ўша, ўша Элис" (Still Alice) фильмида альцгеймер хасталигига чалинган аёл роли учун йилнинг энг яхши актрисаси деб топилди.

Бешинчи уринишда Оскарга эришган Жулианна Мур.

Бешинчи уринишда Оскарга эришган Жулианна Мур.

- Альцгеймер касаллигига эътибор қарата олганимиздан бағоят хурсандман. Бу хасталикка чалинганларнинг кўпи ўзларини ёлғиз ва яккалаб қўйилгандек ҳис қилади. Кинонинг ажойиб тарафларидан бири шуки, у бизни ёлғиз эмаслигимизни ҳис қилдира олади. Альцгеймерга қарши даво топишимиз учун ҳам бу хасталикка чалинганлар бизнинг эътиборимизга лойиқдир,- деди Жулианна Мур​.

Иккинчи пландаги энг яхши актёр ва актриса номинацияларида Оскар мукофоти Жонатан Симмонс ("Савдойилик") ва Патрисия Аркеттга ("Ўсмирлик") насиб этди.

"Савдойилик" фильми, шунингдек, энг яхши товуш ва энг яхши монтаж йўналиши бўйича ҳам олтин ҳайкалчаларни қўлга киритди.

Режиссёр Павел Павликовский Оскар билан.

Режиссёр Павел Павликовский Оскар билан.

Польшалик режиссёр Павел Павликовскийнинг уруш вақтида етим қолган яҳудий аёл ҳақидаги оқ-қора тасвирга туширилган "Ида" (Ida) картинаси чет тилдаги энг яхши фильм деб топилди.

Бу номинацияда "Ида" россиялик режиссёр Андрей Звягинцевнинг "Левиафан" фильмини ортда қолдира олди. Россиядаги порахўрлик ва коррупция манзараси тасвирланган "Левиафан" ҳукумат вакиллари, жумладан, маданият вазири тарафидан кескин танқид қилинган эди.

Режиссёр Лора Пойтрас суратга олган АҚШ махсус хизматининг собиқ ходими​ Эдвард Сноуден ҳақида ҳикоя қилувчи "Фуқаро 4" (Citizenfour) фильми энг яхши тўлиқ метражли ҳужжатли фильм сифатида Оскар ҳайкалчасига эришди.

Франциялик бастакор Александр Деспла энг яхши саундтрек учун Оскарни қабул қилиб олди.

Франциялик бастакор Александр Деспла энг яхши саундтрек учун Оскарни қабул қилиб олди.

Энг яхши фильм номинациясидан ташқари яна саккизта йўналиш бўйича Оскар учун курашган "Гранд Будапешт" меҳмонхонаси" фильми энг яхши либослар дизайни, энг яхши грим ва соч турмаги, энг яхши постановкачи рассом ва энг яхши саундтрек учун Оскарга эга бўлди.

"Катта қаҳрамон 6" (Big Hero 6) энг яхши анимацион фильм деб топилган бўлса, "Зиёфат" (Feast) энг яхши қисқа метражли анимацион фильм деб тан олинди.

Бундан ташқари, "Тақлидий ўйин" энг яхши ўзлаштирилган сценарий, "Интерстеллар" (Interstellar) энг яхши визуал эффектлар, "Ишонч телефони" (The Phone Call) энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм, "Сельма" фильм учун энг яхши қўшиқ йўналишларида Оскар мукофотларини қўлга киритди.

Бу йилги Оскар тақдимот маросимининг трансляцияси вақтидаги телевизион реклама нархи 30 сония учун 1,95 миллион долларга етиб, янги рекорд ўрнатди.

XS
SM
MD
LG