Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:46

“Вор в законе” Бахти Ташкентский қамоқдан чиқди


"Вор в законе" Бахти Ташкентский (Бахтиëр Қудратуллаев).
"Вор в законе" Бахти Ташкентский (Бахтиëр Қудратуллаев).

Ўзбекистонда “Вор в законе” рутбасига эга бўлган Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан танилган криминал авторитет 44 яшар Бахтиëр Қудратуллаев қамоқдан озод қилинди. Озодликка шу кунларда бир неча манбалардан етиб келган маълумотларга кўра¸ Бахтиëр Қудратуллаев бундан бир ой олдин қамоқдан озод қилинган. Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Кудратуллаев Бахтиёр Запарович (Бахти Ташкентский) Жаслиқ зонасида жазо ўтаган ва озод қилинишидан олдин Қаршидаги 54-зонага олиб келинган. Айни маълумотларга кўра, Бахти Ташкентский амнистия акти билан эмас балки саломатлиги ëмонлашгани боис жазонинг қолган қисмини ўташдан озод қилинган.

Бахти Ташкентскийнинг қамоқдан озод қилингани тўғрисидаги хабарни берган Озодлик манбасининг айтишича¸ ўзбек "вор в законе"сининг саломатлиги ëмон аҳволда:

- Бахти Ташкентский “актировка” қилинди. Маҳкумнинг соғлиги жазо ўташга ярамай қолса, жазодан озод қилинади деган статья бор. Ўша бўйича озод қилинди. Бахтининг соғлиғи яхши эмас коляскага ўтириб қолган дейишди. Бир ой олдин Қаршидаги қизил зонадан вольний поселениега чиқарилди. Оиласидагилар унинг очиққа чиққанлигини сир сақлашни маъқул кўришди¸- деб билдирди суҳбатдош.

Ўзбекистон жазони ижро этиш бош бошқармасига яқин Озодлик манбаларининг айтишича¸ Баxтиëр Қудратуллаев Ўзбекистон жиноят кодексининг 75-моддасида кўзда тутилган ҳолат, яъни касаллиги боис жазони ўташдан озод қилинган.

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон жиноят кодексининг 75-моддаси бўйича маҳкумларни жазодан озод қилиш ўта кам учрайдиган ҳолатдир.

Озодликка етиб келган¸ аммо расмий манбалар тарафидан тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги ягона “вор в законе” Бахти Ташкентский юқори лавозимда ишлайдиган амалдор амри билан “актировка” қилинган (касаллиги боис озод қилинган).

Бахти Ташкентский жиноят оламининг ўғригина боласи

Бахти Ташкентский 26 ëшида “вор в законе” тожини кийган Ўзбекистондаги ягона криминал авторитет ҳисобланади.

Бахти Ташкентскийнинг икки елкасида "Вор в законе"ларга хос юлдуз татуировкаси бор.

Бахти Ташкентскийнинг икки елкасида "Вор в законе"ларга хос юлдуз татуировкаси бор.
Бахти Ташкентскийнинг икки елкасида "Вор в законе"ларга хос юлдуз татуировкаси бор.

Озодлик Бахти Ташкентскийни яқиндан таниган ўзбекистонлик криминал авторитетлардан бири билан суҳбатлашди.

Исми айтилмаслиги ва овози ëзиб олинмаслиги шарти билан Озодликка суҳбат берган авторитетнинг айтишича¸ Бахти Ташкентскийнинг “вор в законе” бўлиб тож кийишига марҳум ўғрибоши Йўлдош Ашуров бош қош бўлган.

- 1997 йилги сходкада (ўғрилар анжумани-таҳр.) Ўзбекистондаги “вор в законе” Йўлдош Ашуров Бахти Ташкентскийга подход қилган (Бахти Ташкентскийни тож кийишга тақдим қилган-таҳр.). Бахти Ташкентский бу пайтга келиб кўчада (жиноят оламида-таҳр.) ва ичкарида (қамоқхоналарда-таҳр.) обрў орттирган эди. Товоқсойда қамоқда ҳам ўтириб чиққан эди. Энг муҳими кўчани тартибга солиш бўйича нияти бор эди¸- деб эслайди суҳбатдош.

Бахти Ташкентский “вор в законе” рутбасига кўтарилган 1997 йил Ўзбекистондаги жиноят оламидаги авторитетларнинг попуги пасайиб Зокир Алматов бошчилигидаги Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлигининг пилиги кўтарилган давр сифатида эсланади.

Бу давр Тошкентликлар орасида Шуҳрат Домбрабадский, дея танилган криминал авторитет Шуҳратилла Носиров 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва очиқдаги жиноий авторитетлар милиционерлар билан ҳамкорлик қилишга мажбурланган бир давр эди.

Бу нарса ўша пайтда Ўзбекистондаги “вор в законе” Йўлдош Ашуровга шон-шараф олиб келмади. Жиноят олами “Жук” лақабли Йўлдош Ашуровдан Ўзбекистондаги “беспредел” (жиноят олами қоидаларини бузиш-таҳр.) борасида жавоб сўради.

Йўлдош Ашуров ўз ўрнига ëш ва иддаоли Бахтиëр Қудратуллаевни тавсия қилди.

Бахтиëр Қудратуллаев Бахти Ташкентский ва Бахти Янгиабадский номи билан Ўзбекистондаги криминал салтанатнинг навқирон тождори бўлди. Криминал салтанат Бахти Ташкентскийдан қамоқхоналарда ва кўчада тартибни йўлга қўйиб криминал “понятия”ларнинг бузилишига барҳам беришини кутишди.

Бахти Ташкентскийни яқиндан таниган ўзбекистонлик криминал авторитетлардан бирининг айтишича¸ Ўзбекистонда криминал дунë назоратини буткул ўрнатиш имконсиз бўлган:

- 1997 йилга келиб қамоқхоналарнинг кўпи қизилга айланиб бўлган эди. (Криминал авторитетлар назорат қилмайдиган қамоқхоналар “қизил зона” дейилади-таҳр.). Бундан ташқари СНБ¸ МВД ва Прокуратура каби идоралар криминал авторитетларни четлаб ўтиб, наркотрафик ва контрабанда ҳамда маҳаллий тижоратга криша (панҳ-таҳр.) бўлиш ҳадисини олиб улгурган эди. Бахтига осон бўлмади. Чунки бутун Ўзбекистондаги барча ҳокимият, жумладан, жиноят олами устидан назорат ҳам "папа"нинг қўлига ўтган эди. Охир оқибатда Ўзбекистондаги ягона “вор в законе” Бахти Ташкентский ҳам Жаслиқ қамоқхонасида жазо ўташга мажбур қилинди¸- дейди суҳбатдош.

Бахти ўзбеклар ҳимоячиси ва қизиқчилар ҳомийсими?

Айни пайтда, Бахти Ташкентский ҳақида романтик хотиралар ҳам мавжуд. Масалан, Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар уни Ўшнинг собиқ ҳокими ультрамиллатчи Мелис Мирзаакматовни калтаклаганига ишонишади. Ижтимоий тармоқларда Мелис Мирзакматовга ўхшаган кишининг Бахти Ташкентскийга ўхшаган шахс тарафидан калтаклангани акс этган видео машҳур.

Жиноят олами ҳақида мақолалар эълон қиладиган "Прайм Крайм" Ахборот агентлиги (primecrime.ru) нашрида Бахти Ташкентскийнинг СНГ ҳудудида фаолият юритадиган криминал авторитетлар, хусусан Дед Хасан (Аслан Усоян) ҳамда 2014 йил май ойида Салим Абдувалиевга қуда бўлган Ҳусан Зиямуҳаммедов билан бирга тушган расмлари эълон қилинган.

Юқорида ўнгдан учинчи Бахти Ташкентский. Пастда ўнгдан иккинчи Дед Ҳасан¸ ўнгдан учинчи Ҳусан Зиямуҳаммедов. Сурат primecrime.ru сайтидан олинди.
Юқорида ўнгдан учинчи Бахти Ташкентский. Пастда ўнгдан иккинчи Дед Ҳасан¸ ўнгдан учинчи Ҳусан Зиямуҳаммедов. Сурат primecrime.ru сайтидан олинди.

"Прайм Крайм" эълон қилган видеода Бахти Ташкентский билан бир базмда қўшиқ айтиб турган ўзбек шоу-дунëси юлдузи Мирзабек Холмедов акс этган.

Шунингдек яна бир қизиқчи Шукрулло Исроилов ва хонанда Алишер Рўзметовнинг Бахти Ташкентский билан бирга тушган суратлари ҳам интернетда чоп қилинган.

Бахти Ташкентский хонанда Алишер Рўзметов билан. Сурат primecrime.ru сайтидан олинди.
Бахти Ташкентский хонанда Алишер Рўзметов билан. Сурат primecrime.ru сайтидан олинди.

Қизиқчи Шукрулло Исроилов ва Бахти Ташкентский. Сурат primecrime.ru сайтидан олинди.
Қизиқчи Шукрулло Исроилов ва Бахти Ташкентский. Сурат primecrime.ru сайтидан олинди.

Бахти Ташкентский матбуот хабарларида

"Прайм Крайм" хабарларига кўра, 2008 йил октябр ойида Бахтиёр Қудратуллаев (37 ёшда бўлган) Москва области ички ишлар бошқармасининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими ходимлари томонидан қўлган олинган. Бахтиёр Қудратуллаев Ўзбекистон ички ишлар вазирлигининг халқаро қидирувида бўлган.

Москвада қўлга олинган Бахтиёр Қудратуллаев кейин Тошкентга берилганми ёки йўқ, унга қандай айблов қўйилгани ва у нима боис озод этилгани матбуот учун сир бўлиб қолган.

2010 йил 21 апрел куни Интерфакс Ахборот агентлиги Олмаотада гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланган Бахти Ташкентский дохил яна 5 нафар криминал авторитет қўлга олингани ҳақида хабар тарқатди. Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Интерфакс манбасига кўра, жиноятчилар жазони ижро этиш муассасаларига наркотик етказиб бериш режасини муҳокама қилишганди. Уларни қўлга олиш вақтида ўтказилган тинтув натижасида гиёҳванд моддалар топилган.

Бахтиёр Қудратуллаев (Бахти Ташкентский) Ўзбекистонга қачон экстрадиция қилингани ва неча йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингани матбуотда ёритилмаган.

XS
SM
MD
LG