Линклар

logo-print

Тошкентга президентлик сайловини кузатиш учун келган ЕХҲТнинг чекланган миссияси раҳбари Каетана де Зулуета 23 февраль куни миссия овоз бериш ва овозларни санаш жараёнини систематик ҳамда кенг қамровли равишда кузатмаслиги ҳақида баёнот берди.

Тошкентда 23 февралдан ўз фаолиятини бошлаган ЕХҲТ кузатувчилари чекланган миссияси раҳбари Каетана де Зулуета матбуот анжуманида ўз гуруҳи ваколатлари ҳақида маълумот берди.

“ЕХҲТ Демократик тизимлар ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистонда бўлажак президентлик сайловларини кузатиш бўйича миссияси иккита ҳисобот тайёрлайди”, деди Зулуета.

Миссия раҳбарига кўра, 29 март куни президентликка овоз бериш жараёни ўтказилганидан сўнг, гуруҳ 30 март куни дастлабки хулосаларини эълон қилади.

Ўзбекистон президентлигига сайловнинг қандай ўтказилгани юзасидан якуний ҳисобот эса икки ойдан сўнг тайёр бўлади. Каетана де Зулуета миссия Тошкентга Ўзбекистон ҳукумати таклифи билан ташриф буюрганини таъкидлади.

Миссия аъзолари сайлов Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва ҳалқаро ҳамжамият олдида олган мажбуриятлари ҳамда миллий қонунчиликка мос равишда демократик тамойилларга асосланиб ўтказилишини кузатади. Шунингдек, миссия Ўзбекистон қонунчилик базасини баҳолайди, сайловолди кампаниясини, сайловчиларни рўйхатга олиш жараёнини, сайлов комиссиялари ва тегишли давлат ташкилотлари фаолиятини кузатиб боради.

Шу билан бир қаторда сайлов жараёнида оммавий ахборот воситалари мониторинги ҳам ўтказилади. Каетана де Зулуета ЕХҲТнинг Тошкентга келган гуруҳи чекланган мииссия ваколатига эга эканини эслатиб ўтди.

Шунинг учун ҳам Зулуета миссия овоз бериш ва овозларни санаш жараёнини систематик ҳамда кенг қамровли равишда кузатмаслиги ҳақида баёнот берди. Лекин миссиянинг айрим аъзолари бир қатор сайлов участкаларида бўлиб, сайловда қўлланилаётган процедураларга назар солади.

Мазкур мавзу юзасидан Озодлик мухбири камида тўрт марта ЕХҲТнинг Тошкентга юборилган чекланган миссияси офисига сим қоқди. Тўрт маротаба миссия вакиллари Озодлик мухбирининг телефонларини ёзиб олди ва бир неча дақиқадан сўнг ўзлари қайта қўнғироқ қилишларини айтди.

Бироқ бугунги кун давомида демократик тамойиллар устиворлиги жабҳасида фаолият юритаётган ташкилотда радио мухбирининг саволларига жавоб бериш ихтиёридаги расмийлар тоопилмади.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ўтган шанба куни ЕХҲТ кузатувчилар миссиясини рўйхатга олган эди. Миссия таркиби Тошкентда жойлаштириладиган 11 халқаро эксперт ва вилоятларда иш олиб борувчи 10 нафар узоқ муддатли кузатувчилардан иборат бўлади.

ЕХҲТ Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси Ўзбекистонда аввал ўтказилган сайловларни ҳам кузатган ва ҳар сафар бу сайловларни "демократик қадриятлардан анча йироқ” ҳамда "муносиб рақибларсиз ўтказилган” сайлов ўлароқ баҳолаб кетган.

Масалан, ўтган йилнинг декабрида Ўзбекистондаги парламент сайловларини кузатган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси сайловларни "рисоладагидек ташкил қилинган, аммо асл рақобат ва очиқ мулоқот руҳи етишмади" деб баҳолаган эди.

ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайловларда рақобатчилик муҳитининг йўқлиги боис президентлик сайловига чекланган миссиясини юбориш ҳақида қарор қабул қилган эди.

ЕХҲТ 2014 йил 21 декабрда ўтказилган парламент сайловларига ҳам саноқли мутахассислардан иборат баҳолаш миссиясини юбориш билан чекланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG