Линклар

logo-print

Тошкент суди ўғлининг шаънини ҳимоя қилишга уринган она аризасини қондирмади


Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, 9 март куни Тошкент шаҳар Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро судида Насиба Илҳомованинг “Ўзбекистон” телеканали устидантопширган даъво аризаси кўриб чиқилди ва дарҳол рад этилди. Илҳомова Норвегиядан депортация қилинган ўғлини бесоқолбозга чиқаргани учун телеканални "ҳақорат ва туҳматчилик"да айблаб судга берган эди.

Аризачи онага кўра, “Ўзбекистон” телеканали ўтган йилнинг 11 декабрида намойиш қилган “Хиёнат” фильмида Норвегиядан депортация қилинганлар устидан судлов ҳали якунига етмай туриб, уларни бесоқолбозликда айблаган, яъни туҳмат қилган, уларнинг инсоний қадр-қиммати ва номусини топтаган.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг айтишича, Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди мажлисида қатнашган ЎзТВ расмийси¸ “Хиёнат” фильмининг Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги буюртмаси асосида олинганини таъкидлаб¸ аризачи даъвосини қондирмасликни сўраган.

Қисқа танаффусдан сўнг ҳакам Дилбар Мавлонова ЎзТВ сўровини қондириш ҳақидаги ҳукмни эълон қилган ва аризачи онага ҳукм устидан 20 кун ичида юқори инстанция судига мурожаат қилиш имкони борлигини билдирган.

Икромовнинг айтишича¸ суд мажлисида инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мустақил журналистлар, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган элчихоналар вакиллари ҳам қатнашган.

“Ўзбекистон” телеканали ўтган йилнинг 11 декабрида намойиш қилган “Хиёнат” фильмида 37 ёшли Шуҳрат Илҳомов, 30 ёшли Даврон Раҳмонов, 28 ёшли Асад Рихсиев, 38 ёшли Жаҳонгир Тожиев, 29 ёшли Зафар Каримов ва 34 ёшли Аҳмаджон Холиқовлар тўғрисида сўз борган эди.

Шуҳрат Илҳомовнинг судга шикоят аризаси билан мурожаат қилган онаси Насиба Илҳомова Озодлик саволларига жавоб берар экан, бошқа йигитларнинг яқинлари судга мурожаат қилиш фойдасиз, деб билишини, шунинг учун ёлғиз ўзи мурожаат қилганини билдирган эди.

Норвегияда меҳнат муҳожирлигида бўлиб, 2014 йил баҳорида Ўзбекистонга қайтган Шуҳрат Илҳомов, Даврон Раҳмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқовларнинг ҳар бирини Тошкент вилоят жиноят ишлари суди 24 декабрдаги ҳукми билан 12 йилдан 13 йилгача озодликдан маҳрум қилган эди.

“Ўзбекистон” телеканали “Хиёнат” фильми эса, суд ҳукмидан олдин – 11 декабрда намойиш қилинган ва унда тилга олинганлар бошқа жиноятлар қатори бесоқолбозликда ҳам айбланган эди.

Лекин суд ҳукмида бесоқолбозлик айблови акс этган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG