Линклар

Назарбоевнинг куëви Алиев Вена қамоқхонасида ўлик ҳолда топилди


Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев

Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев

Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг куёви ва собиқ дипломат Роҳат Алиевнинг жасади Австриянинг Йозефштадт қамоқхонасидаги бир кишилик камеранинг ҳожатхона қувурига осилган ҳолда топилди. Вена суди матбуот хизматига кўра, Роҳат Алиев ўз жонига қасд қилган.

Суд Алиев жонига қасд қилган, деб хулоса берди

Вена суди матбуот хизмати 24 февраль куни тарқатган баёнотда Роҳат Алиев "ўз жонига қасд қилган"и айтилди.

Алиев Қозоғистон президентининг катта қизи - Дариға Назарбоеванинг собиқ эри эди. У Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган ва 2008 йилда сиртдан 40 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

У ҳукуматни куч билан олишга уриниш ва одамларни ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳни тузишда айбланган.

2011 йилда Венада бўлган маҳкамада Роҳат Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилмасликка қарор қилинган.

Бундан бироз олдин Роҳат Алиевнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида "марҳум отамга мактуб" мазмунидаги матн эълон қилинди. Алиевнинг отаси 12 январь куни Қозоғистонда вафот этди.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сиёсатини танқид қилиб келган. Яқинда ҳам у Қозоғистонда президентлик сайловини муддатидан аввал ўтказиш ташаббусини танқид қилган эди.

Роҳат Алиевнинг 24 февраль куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида Вена суди берган баёнотга марҳумнинг адвокати эътироз билдирди. Ҳимоячи Алиев ўз жонига қасд қилганига шубҳа қилмоқда ва ишнинг синчковлик билан кўрилишини талаб қилмоқда.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида халқаро матбуотда фаол чиқиш қилиб, Қозоғистон президенти - собиқ қайнотаси Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатини кескин танқид қилиб келаётган эди.

Хусусан, Озодлик мухбири Абдулла Искандар Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари бўлган Роҳат Алиев билан 2009 йилда суҳбатлашган ва Марказий Осиëдаги махсус хизматларда қолган КГБ мероси ҳақидаги саволларга жавоб олган эди.

Қуйида Роҳат Алиев билан 6 йил аввал қурилган суҳбатни ўқишингиз мумкин.

"Мерос қолган КГБ тизими вайрон қилиниши керак"

Озодлик: Нега Марказий Осиëдаги махсус хизматлари ички репрессияга йўналтирилган собиқ КГБ тизимини сақлаб қолди?

Роҳат Алиев: “Нега Марказий Осиëдаги махсус хизматларда шундай вазият шаклланди?” деган саволга минтақадаги президентларнинг ҳокимиятни адолатли сайловларсиз босиб олгани жавоб бўла олади. Сохталаштирилган сайловлар кўмагида Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари 20 йилдан буëн ўз курсисини ушлаб турибди. Улар¸ айни пайтда¸ совет пайтидаги Давлат хавфсизлик қўмитаси тизимини тўлалигича айни бўлимлар¸ айни вазифалар ва айни кадрлар билан сақлаб қолишди. Қозоғистонда ҳам¸ Ўзбекистонда ҳам махсус хизматлар тутуми совет давридаги каби қолди. Бу хизматлар конституцион тузумни ҳимоя қилиш ниқобида амалдаги авторитар режимлар умрини узайтирмоқда.

"Рашкчи президентларнинг муваққат севгиси"

Озодлик: Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўртасида рақобат кўзга ташланади. Шахслар орасидаги бундай муносабатларнинг мамлакатлараро муносабатларга таъсири ҳақида гапирсангиз.

Роҳат Алиев: Икки президент муносабатлари ҳақида гапирсак¸ Ислом Каримовнинг ўз ҳамкасби Нурсултон Назарбоевга юқоридан туриб такаббурона муносабат қилишини урғулаш керак. Каримов ўзини худди катта акадай тутиб “Нурсултон” деб сенсираб гапиради. Назарбоев эса уни сизлаб “Ислом Абдуғаниевич” деб мулозамат қилади. Аммо Андижон воқеаларидан кейин Назарбоев Тошкентга борганида¸ Каримов илк маротаба “Нурсултон Абишевич” калимасини айтди. Бу бир-бирини рашк қилган ва бир-биридан хавфсираган икки президент мушкул пайтда бирлашиши мумкин¸ деган хулосани чиқарди. Дўппи тор келганда¸ бир-бирини қўллашади¸ ҳаммаси изга тушса¸ ички адоват ва рақобат яна авж олади. Масалан¸ обрўли халқаро ҳайъатлар олдин Тошкентга бориб¸ кейин Остонага келса¸ Назарбоев буни оғриқли қабул қилади. Ташриф режаланар экан¸ протокол мулозимлари бундай ҳолнинг рўй бермаслиги учун алоҳида қайғуришади.

Ëлғонлар департаменти

Озодлик: Президент Назарбоевнинг эрка куëви¸ ворисликка кўз тикмоқда¸ деган шубҳалар ортидан¸ ватанидан сургун қилинди. Ўзбекистондаги СНБ ҳам шунақа айбловлар билан Ислом Каримов мухолифларига қарши ëлғон айблавлар уйдирган эди. Бунинг баробарида СНБ турли деза маълумотларни сиздириб туради. Масалан мамлакат президенти касал деган маълумотлар сиздирилади.

Роҳат Алиев: Мен бу гапни тасдиқламоқчиман. Ҳақиқатан ҳам 2000 йиллар бошида Каримовнинг хаста экани хабари бизга етиб келди. Бу хабарда унинг қон саратонига чалингани ва аҳволи ўта оғир эканлиги айтилган эди. Қизиғи шундаки¸ Қозоғистон президенти ҳақида ҳам чалғитувчи хабарлар махсус тарқатилади.

Озодлик: Бундай ëлғон маълумот кимга керак?

Роҳат Алиев: Бу кланлар ва тахтга ворис деб кўрилганлар ўртасидаги кураш авж олсин¸ деб атай қилинади. Ташқаридан қараб қозилик қилиш учун шундай қилинади. Кўрайликчи¸ буларнинг мужодала кучи қанча деб чамалаш учун ҳам қилинади. Ана шундан кейин тахтга қараб узатилган ҳар бир қўл қайириб ташланади. Баъзи мулозимларнинг мавқеи пасайтирилади ва ҳоказо¸ дейди Роҳат Алиев.

Пойлоқчилик пойгаси

Суҳбатдошимиз Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитасининг собиқ ўринбосари Роҳат Алиев Ўзбекистон ҳокимият тизимлари қозоқ жосуслари диққат марказида эканини айтади.

Роҳат Алиев: Қозоғистон разведкаси Ўзбекистон ҳукумат мулозимларининг телефон сўзлашувларини мутлақо назорат қилиб туради. Ҳукумат амалдорларининг ички ëзишмалари ҳам диққат билан кузатилади. Сунъий йўлдош воситасида Ўзбекистон коммуникация тизимида мавжуд маълумотлар мунтазам олиниб турилади. Аммо бу қимматга тушаëтган кузатув миллий ва хавфсизлик манфаатлари учун эмас¸ балки Назарбоевнинг хархашаси учун ва унинг раъйига кўра қилинади. Бу кузатувлардан бирор-бир самара ëки фойда йўқ. Бу фақат Назарбоевнинг иззат-нафси¸ шуни истагани боис қилинади.

Озодлик : Каримов Грузия ва Украинадаги каби рангли инқилоблар шамолидан ўта қўрқади. Бу инқилобларни бешигидаëқ бўғиш учун тиришади. Биздаги маълумотларга кўра Каримов рангли инқилобларга қарши кураш учун Назарбоевдан харбий кўмак сўраган. Бу қанчалик тўғри?

Роҳат Алиев: Мен Назарбоевнинг Каримовга ҳарбий кўмак бериш ваъдасини берганлигини тасдиқлай олмайман. Аммо Андижон воқеасидан кейин яккаланиб қолган Каримов ¸энг аввало¸ сиëсий қўлловга зор эди ва бу сиëсий қўлловни Назарбоев ўз ҳамкасбидан дариғ тутмади. Ўзбекистон ҳарбий ëрдамга зор¸ деб ўйламайман. Ўзбек армияси Марказий Осиëдаги энг қудратли ва энг кўп сонли армиядир. Ўзбекистон ўз армияси учун фавқуллода кўп маблағ сарфламоқда. Жуда кўп. Агар бу маблағ Ўзбекистондаги ижтимоий соҳаларга¸ масалан қашшоқликни йўқ қилишга сарфланганида эди¸ бундан фақат ўзбек халқи манфаат кўрар эди. Айни пайтда Роҳат Алиев Ислом Каримовнинг рангли инқилоб хавфидан чўчиши ва бунинг оқибатлари ҳақида гапирди.

Роҳат Алиев: Кейинги пайтда рангли инқилоблар шарпасидан қўрққан Марказий Осиë президентлари бир-бирларининг пинжиларига тиқилиб¸ ўзларининг лавозимдаги умрини узайтириш илинжида. Улар ҳатто рангли инқилоб тўлқинида келган Қирғизистон президентидан ҳам хавфсирашди. Аммо бу ноўрин хавфсираш эди. Коммунист кадрлардан ҳурриятчи чиқмаслиги аëн эди. Қирғизистон президентининг тутуми Марказий Осиëдаги бошқа авторитар режимлар билан уйғун.

Марказий Осиëда ворис масаласи

Озодлик: Роҳат Алиев¸ Марказий Осиëда ворис масаласи қандай ечим топиши мумкин? Масалан¸ президентликнинг отадан ўғилга ўтиши Озарбайжонда кузатилди. Айтайлик¸ Қозоғистон президенти ўз қизига салтанатни мерос қилиши мумкинми?

Роҳат Алиев: Бу масала¸ яъни ворислик масаласи кун тартибида йўқ. Бу масала кўрилмаяпти. Арманистон билан ҳарбий низода бўлган Озарбайжон учун бу йўл¸ балки тўғридир. Қозоғистонда эса масаланинг бундай ечими ҳақда гап йўқ. Ворис масаласида Кремлга тақлид қилинса керак. Путин кетаëтиб ўз ўрнини Медведевга бўшатгани каби. Диктатор ҳеч қачон ўз лавозимини шунчаки бериб қўймайди. У балки вақтинча иккинчи планга ўтиб туриши мумкиндир¸ аммо бу фақат вақтинча бўлади. Назарбоев менга ўз кабинетида бир гап гапиргани эсимда. “Мен бу кабинетдан фақат икки оëғим осмонга қараган ҳолда чиқиб кетаман” деган эди. Тушунаяпсизми¸ у фақат бу лавозимдан ўлсамгина айрилишим мумкин¸ демоқда. Улар ўз курсиларига чирмовуқдай ëпишишган. Менинг тасаруфимдаги маълумотга кўра¸ Назарбоев 2030 йилга қадар тахтда қолмоқчи.

Озодлик: Кейинги икки-уч йилда Каримов ўз ўрнини қизи Гулнорага бўшатиб берармиш¸ деган гаплар урчиди. Сизда бу ҳақда бирор билги борми?

Роҳат Алиев: Назарбоев ҳам¸ Каримов ҳам ўз ўрнини ўзи тириклигида ҳеч кимга бермайди. Бу аниқ. Қизлари ҳақидаги гаплар эса¸ шунчаки чалғитувчи ахборотдир. Суҳбатимиздан Ўзбекистон ва Қозоғистон махсус хизматлари мустабидларни парваришлайдиган тизим эканига хос хулосалар чиқди¸ аммо бу ҳолни қандай ўзгартириш мумин деган савол очиқ қолди.

КГБ тўнкасини ëриб тарих гулханига отмоқ лозим

Роҳат Алиев: Ҳозирча совет давридан мерос қолган КГБ тизими вайрон қилинмас экан¸ ҳеч нарса ўзгармайди. Совет репрессия тизимининг пойдевори устига қурилган махсус хизматлардан халққа наф йўқ. Биз 37 йил қатағонлари ëдгори бўлган пойдевордан қутулишимиз лозим. Мен Ўзбекистонда ҳам¸ Қозоғистонда ҳам буни қила оладиган азаматлар борлигига ишонаман. Биз Болтиқбўйи давлатлари ўрнагига таяниб¸ янги хавфсизлик тизимини барпо қилмоғимиз лозим. Бу тизимнинг тергов ҳибсхоналари бўлмасин¸ бу тизим ўз фуқароларига қарши тергов олиб бормасин¸ бу тизим ҳукуматни хабардор қилиб турадиган¸ миллат ва давлат хавфсизлигини таъминлайдиган хизмат бўлсин.

Озодлик: Совет КГБ сининг отахони Феликс Дзержинский “Чекистнинг юраги иссиқ¸ мияси совуқ ва қўли тоза бўлиши керак” деган эди чоғи. Сизлар бунга бирор нарса қўша оласизларми?

Роҳат Алиев: Биласизми¸ чекистлар тайëрлайдиган мактаб остонасидан ҳатлаган кунингиз сизга шундай сабоқ беришади: Сиз конституцияни ҳам¸ қонунларни ҳам унутинг. Ота-онангиз ва дўст-ëрингиз устидан ахборот тўплашга ва бу ахборотни амирингизга етказиб туришни одат қилинг. Фақат бир одамга¸ президентга содиқ бўлинг¸ дейишади.... Қозоғистон Давлат хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Роҳат Алиев бу тахлит гапларнинг замони ўтгани ва Марказий Осиë махсус хизматлари туб ислоҳотларга муҳтож эканини таъкидлашди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG