Линклар

Вена суди Роҳат Алиев қамоқхонада ўз жонига қасд қилганини маълум қилди


Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви ва собиқ дипломат Роҳат Алиевнинг жасади Австриянинг Йозефштадт қамоқхонасидаги бир кишилик камеранинг ҳожатхона қувурига осилган ҳолда топилди.

Вена суди матбуот хизмати 24 февраль куни берган баёнотга кўра, Роҳат Алиев "ўз жонига қасд қилган".

Алиев Қозоғистон президентининг катта қизи - Дариға Назарбоеванинг собиқ эри эди. У Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган ва 2008 йилда сиртдан 40 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Алиев ҳукуматни куч билан олишга уриниш ва одамларни ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳни тузишда айбланган.

2011 йилда Венада бўлган маҳкамада Роҳат Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилмасликка қарор қилинган.

Бундан бироз олдин Роҳат Алиевнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида "марҳум отамга мактуб" мазмунидаги матн эълон қилинган эди. Алиевнинг отаси 12 январь куни Қозоғистонда вафот этди.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сиёсатини танқид қилиб келган. Яқинда ҳам у Қозоғистонда президентлик сайловини муддатидан аввал ўтказиш ташаббусини танқид қилган эди.

Роҳат Алиевнинг 24 февраль куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида Вена суди берган баёнотга марҳумнинг адвокати эътироз билдирди. Ҳимоячи Алиев ўз жонига қасд қилганига шубҳа қилмоқда ва ишнинг синчковлик билан кўрилишини талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG