Линклар

logo-print

Водийда номзод Каримов ташрифи баҳона уйларнинг томи "қизартирилаяпти"


Андижонлик уйининг кўчага қараган томи шиферини қизил рангга бўяяпти

Андижонлик уйининг кўчага қараган томи шиферини қизил рангга бўяяпти

Ўзбекистон президентлигига номзод Ислом Каримовнинг Фарғона ва Андижон вилоятларига қилажак сайловолди сафари муносабати билан кўчаларни тозалаш, йўл бўйидаги объектларни таъмирлаш авж олди. Фаррошлик қилиш талаба, бўёқчилик тадбиркорлар зиммасига юкланди. Андижонда эса кўча юзидаги уйларнинг томи қизилга бўялмоқда.

29-март куни бўлиб ўтадиган сайловларда Ўзбекистон президентлигига номзод Ислом Каримовнинг водий вилоятларига ташрифи олдидан президент бориши эҳтимоли бўлган барча шаҳар ва туманларда талабалар ва тадбиркорлар ободончилик ишларига мажбурланиши авжига чиқди.

“Президент “фил суяги” рангини яхши кўрадими?”

Марғилон шаҳридаги тадбиркорлардан бирининг микрофонсиз суҳбатда айтишича, солиқчилар бундан 4 ой муқаддам капитал таъмирдан чиқарилган дўконини яна қайта "фил суяги" рангига бўяшга мажбурлашган:

“Шаҳар ҳокими барча дўконлар фил суяги рангига бўялсин деган буйруқ берган. Ўзику яқингинада ремонтдан чиқаргандик. Президент келишига ҳаммаси бир хил рангда бўлиши керак экан. Агар бўямасак, солиқнинг бошлиғи бизни ёпиштирар экан. Товба, президент тадбиркорлар тарафидаю, солиқни бошлиғи эса ёпиштираман, дейди. Бу бошлиқлар бизларни нуқул чўққа итаради. Буларга дўппини олиб кел деса, калласи билан олиб боришади”, деди тадбиркор.

Марғилон шаҳридаги бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, ҳокимиятнинг ўзбошимча қарорлари тадбиркорларни қийнаб қўйган:

“Дўконларни бузиб қайтадан қурдик. Чиройли қилиб бўядик. Энди эса ҳаммаси фил суяги рангида бўлиши керак экан. Нима, президент шу рангни яхши кўрса унинг жабри бизга тушиши керакми? Президент дўппини олиб кел деса, булар калла олиб боришади”, дейди тадбиркор.

Марғилон шаҳар инспекциясининг ўзини таништирмаган мулозими Озодлик билан суҳбатда, шундай топшириқ берилганини тасдиқлади:

“Бу Марғилон шаҳар ҳокимининг буйруғи билан бўляпти. Архитекторимиз билан маслаҳатлашиб, шундай қарорга келинган. Биз бу қарорнинг бажарилишини назорат қиляпмиз”, деди мулозим.

Марғилон шаҳар ҳокимлигидан бу воқеага муносабат олишнинг имкони бўлмади.

“Якуний имтиҳон қолдирилиб, талабалар ҳашарга ҳайдалди”

Президент Ислом Каримовнинг сайловолди учрашувлари Андижон вилоятида ҳам ўтказилиши боис бу ерда кўча тозалаш ва ободончилик ишлари ташкилотлар ишчилари, олийгоҳ, коллеж ва лицей талабалари зиммасига юкланган.

Талабалар кўча тозаламоқда

Талабалар кўча тозаламоқда

Андижон Машинасозлик институтининг исми сир қолишини сўраган талабасига кўра, декан якуний имтиҳонни тўхтатиб талабаларни кўча тозалашга ҳайдаган:

- Уч-тўрт кундан буён шу аҳвол. Ҳатто якшанба куни ҳам кечгача ишлатишди. Душанба куни имтиҳон топшираётган эдик, декан имтиҳонни тўхтатиб яна ишлашга олиб чиқиб кетди. Президент келаркан деб талабаларни мардикор қилиб ташлашдию, ўқиш ҳам бўлмаяпти. Нимага доим шунақа қора ишлар талабаларга юкланаркин“, деди талабалардан бири.

Президент кўзига хўжакўрсинга томларнинг бир томони бўяляпти

Озодликнинг Андижон шаҳридаги манбасига кўра, барча ободончилик ишлари хўжакўрсинга қилиняпти:

“Андижонда барча ташкилот ва талабалар президентни кутиб олиш олдидан оммавий тарзда мажбурий ҳашар ишларига жалб этилмоқда. Йўл бўйидаги уйларни маскировка қилиш ташкилотга топширилди. Йўл томон қараган уйларнинг шиферлари усти моҳирона қилиб қизил тунукадан маскировка қилиняпти ёки қизил бўёқ билан бўяляпти“, деди манба.

Андижон шаҳридаги олийгоҳлардан бирининг талабаси Андижон-Асака автомобил йўлини тозалашаётгани ҳақида Озодликка ёзди:

​“Ҳозир Андижон - Асака йўлидамиз. Шу йўлдан Каримов GM-Ўзбекистон корхонасига ўтар экан. Якуний имтиҳонлар қолдирилди. Ўлиб ишлаяпмиз”, деб ёзди талабалардан бири.

Ислом Каримовдан бошқа президентликка номзодларнинг вилоятларга ташрифи чоғида бундай чора-тадбирлар амалга оширилмайди.

Маҳаллий ҳокимлар аввалдан билдирилган ва президент ўтиши тахмин қилинган кўчаларнинг ташқи аҳволига чирой беришга ҳаракат қилишади.

Бу ишларни амалга ошириш учун асосан бюджет ташкилотлари ишчилари, талаба ва ўқувчилар жалб қилинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG