Линклар

Zona.uz муаллифи "полковник Абдуллаев" таҳдид қилганини иддао қилди


Евгений Дьяконов

Евгений Дьяконов

Норвегияда яшаётган ўзбекистонлик қочқин Евгений Дьяконов "Тошкент милициясидан" эканини айтган номаълум кимса уни ўлдириш билан таҳдид қилганини иддао қилди. Диктофонга ёзиб олинган овоз эгаси Дьяконовга “Ўзбекистонга ахлат ағдармасликни” тавсия қилиб, “акс ҳолда, Швециядаги мулланинг куни унинг ҳам бошига тушиши”дан огоҳлантирган.

"Полковник Абдуллаев" таҳдид қилмоқда

Норвегияда сиëсий қочқин мақомида яшаëтган 45 яшар инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Дьяконов 22 феврал куни иш вақтида нотаниш эркакдан қўнғироқ олганини Озодликка гапириб берди.

“Иш жойимда ўтирганимда менга қўнғироқ бўлиб қолди ва бу суҳбатимизни диктофонга ёзиб олишга улгурдим”, дейди Евгений Дьяконов.

- Тахминан 10-чи сониядан ёзилди. Телефонни мен баланд овозга қўйиб олдим, шу сабабли сифати ҳам бироз ёмонроқ. Кейин у ерда сўкинишларни ҳам кесиб ташладим. Бундай таҳдидлар ўзи йилига 3-4 маротаба бўлиб турарди, аммо ёзиб олишга имконим йўқ эди. Ҳар сафар ҳар хил одамлар қўнғироқ қиларди, аммо таҳдид мазмуни бир хилда, - дейди ўз сиёсий-ижтимоий қарашлари ва фаолияти учун Ўзбекистон махфий идоралари эътиборини ўзига қаратганини гапирган Евгений.

Мустақил журналист унга қўнғироқ қилган одам ўзини “Тошкент милициясидан” деб таништиргани ва дарҳол ҳақорат қилишга ўтганини айтади.

Овози ўзгартирилган “полковник Абдуллаев” Дьяконовдан “ҳар хил китобларни чоп этмаслик” ва “Ўзбекистонга ахлат ағдармасликни” тавсия қилиб, “акс ҳолда бошига Швециядаги мулла куни тушиши” билан таҳдид қилаётганини эшитиш мумкин.

Евгений унга таҳдид қилган одам гапларини қоғоздан ўқиб бергандек туюлганини айтади.

- Менга улар аллақандай график асосидами ёки журнал бўйичами, - ёш лейтенант ўтириб олиб, - рўйхатдаги мухолифатчиларни мана шу тарзда қўрқитиб чиқиши керакдек кўринди. Чунки Америка, Канада, Швециядаги танишларимдан ҳам айни таҳдидлар бўлаётганини биламан. Ҳозиргача бу қўрқитишларни ёзиб олиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаётган эди. Бу одам шунчаки унга берилган текстни ўқиб бераётгандек туюлди. Ва бугуннинг ўзида мен биринчи “қурбони” эмаслигим шундоққина кўриниб турувди. Кейин, менимча, қўнғироқ қилган одам айнан Ички ишлардан эканини тахмин қилдим, чунки – қанчалик мен уларни ёқтирмасам ҳам - МХХда бироз савияли ва “маданиятлироқ” ходимлар ишлайди, деб ўйлайман, дейди Евгений Дьяконов.

Унинг фикрича, сим қоққан “полковник Абдуллаев” ҳам бу суҳбатни ёзиб олиб, ўз раҳбариятига “ҳисобот” тарзида тақдим этади.

Дьяконов: “Зона UZ” - бу сиёсий режимга қаратилган "бомба"

Суҳбатдош унга бўлаётган таҳдидларни бевосита ўзининг “Зона UZ” асари билан боғлаётганини ҳам маълум қилди. Ўзбек қамоқхонасининг собиқ маҳбуси Евгений Дьяконовнинг “Zona-Uz” китоби 2013 йилда Литвадаги “Алма Матер” нашриëти тарафидан чоп қилингани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Муаллиф ва бошқа маҳкумлар чизган расмлар билан безалган бу китоб Евгенийнинг Ўзбекистон қамоқхонасида ўтказган 383 куни ҳақида ҳикоя қилади.

Евгений Дьяконов блогидаги "Зона UZ" асари

Евгений Дьяконов блогидаги "Зона UZ" асари

Ёзиб олинган овоз эгаси Евгенийдан эҳтиёт бўлиб юришни, талаблар бажарилмаса, у Украина, Россия ёки Латвияга борганида қўлга олиниши мумкинлиги ва тез орада “ анови олтита ўзбекка ўхшаб Тоштурмага тушиб қолиши” мумкинлигидан огоҳлантирди.

Дьяконов бу одам тилга олган “олтита ўзбек” Норвегиядаги меҳнат муҳожирлигидан ўтган йил баҳорида Тошкентга қайтгач диний мотивлар ва Конституциявий тузимга тажовуз қилганликда айбланиб 12-13 йилга қамалган Шуҳрат Илҳомов, Даврон Рахмонов, Асад Рихсиев, Жаҳонгир Тожиев, Зафар Каримов, Ахмаджон Холиқовлар эканини англаганини айтди.

Озодлик радиоси 15 декабрь кунги эшиттиришида “Ўзбекистон” телеканалида бу йигитлар ҳақида “Хиёнат” деб номланган фильмни намойиш қилгани ҳақида хабар берган эди.

“Полковник Абдуллаев” уларнинг “одамлари” ҳамма жойда борлиги ва Дьяконов устидан тинимсиз назорат кетаётганини ҳам маълум қилади.

Ўзбекистонлик собиқ маҳбус Евгений Дьяконов

Ўзбекистонлик собиқ маҳбус Евгений Дьяконов

Ҳуқуқ фаоли сунгги пайтларда Норвегия ва Швециядаги ўзбекистонлик сиёсий қочқинлар ҳимояси билан ҳам шуғулланиб келгани ва унга қилинаётган таҳдидларни жиддий қабул қилишини маълум қилди.

- Норвегия аҳолиси китобда тасвирланган воқеаларга бироз юмшоқроқ қараяпти. Улар тўққиз нафар ўзбек қочқинларини депортация қилинганини ўзига кечира олмаяпти. Чунки улардан олтитаси судланди, яна учтаси, менинг маълумотларимга кўра, сўроқ пайтида ўлдирилган. Ўтган йил февралида китобимнинг биринчи жилди чиққан эди. Март ойида иккинчи жилд ва яна ярим йилдан кейин учинчисини чиқаришни режалаштиряпман, дейди Евгений Дьяконов.

Журналистнинг айтишига кўра,“Зона UZ” асари Москвадаги “Театр.DOC” саҳналаштиришга олган, аммо жиддий қийинчиликларга учраб, маблағ етишмаслиги боис уни саҳналаштиришни номаълум муддатга кўчирган.

Евгений Дьяконов 1997 йили қамоққа олинган эди. Унга Ўзбекистон Коституциясига тажовуз қилиш айби (159-модда) қўйилиб 22 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. 2003 йилда Норвегияда сиёсий қочқинлик мақомини олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG