Линклар

logo-print

OzodJavobнинг бугунги сонида машина харид қилиш учун банкдан кредит олиш тартиб-қоидалари борасида суҳбатлашамиз.

Андижонлик Ҳакимжон OzodJavobга мурожаат қилиб “Ўзбекистон банкларидан машина харид қилиш учун кредит олиш мумкинми” деган саволга жавоб топишга кўмак сўради:

“Авваллари Ўзбекистондаги тижорат банклари томонидан машина сотиб олиш учун кредит берилар эди. Бу жуда яхши ёрдам эди, етарли маблағлари йўқ одамлар учун. Лекин кейин банклар машина учун кредит бермай қўйди, деб эшитдим. Ҳозир банклардан машина олиш учун кредит олса бўладими?”, дея сўради.

Бухоролик Адҳам эса машина учун кредит олишнинг тартиб-қоидаларига қизиққан:

“Мен Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машинани кредитга олсам бўладими? Агар кредит берилса, қанча муддатга олиш мумкин? Неча фоизга берилади? Қайси банклар кредит беради? Кимга, қайси ташкилотга мурожаат қилиш керак?”

********

Ўзбекистон Марказий банкидан олинган маълумотга кўра, мамлакатдаги деярли барча банклар машина олиш учун кредит бериши мумкин.

“Истеъмол кредити тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, бугунги кунда мамлакатда фаолият юритаётган барча тижорат банклари ва уларнинг жойлардаги филиаллари томонидан жисмоний шахсларга уларнинг истеъмол эҳтиёжларини қондириш мақсадида товарлар сотиб олиш учун истеъмол кредитлари ажратиши лозим. Шу жумладан, машина олиш учун ҳам барча тижорат банклари кредит ажратиб келмоқда. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар бир шахс кредит олиш учун мамлакат банкларига мурожаат қилиши мумкин”, деди Марказий банк мутахассисларидан бири.

Мутахассисга кўра, бугунги кунда хориж машиналарининг қимматлиги боис фуқаролар орасида, асосан, "GM Uzbekistan” корхонасида ишлаб чиқарилган машиналарни кредитга олишга талаб бор.

Амалдаги тартибга кўра, машина харид қилиш учун банкдан кредит олмоқчи бўлган шахс "GM Uzbekistan” корхонасининг расмий дилерларига мурожаат қилиши лозим.

“Жисмоний шахслар томонидан "GM Uzbekistan” корхонасида ишлаб чиқарилган автомашиналарни банк кредити ҳисобига сотиб олиш учун дастлаб бевосита ушбу корхонанинг расмий дилерларидан тегишли шартномани олишлари лозим. Бизда автосалонлар дилерлик вазифасини бажаради. Шунинг учун банкдан кредит олмоқчи бўлган шахс аввало автосалонга мурожаат қилиб, уч томонлама шартномани олиши лозим”, деди Тошкентдаги “Асака банк” бўлимларидан бирининг мутахассиси.

Мутахассисга кўра, машина олмоқчи бўлган шахс қуйидаги ҳужжатларни банкка тақдим қилиши лозим:

“Паспорт нусхаси;

Жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасининг нусхаси. Бу дафтарча Халқ банклари томонидан берилади.

Маҳалладан "шу ерда яшайди" деган мазмундаги маълумотнома;

Уч томонлама шартнома. Яъни автосалон, мижоз ва банк ўртасида тузилган шартнома”, деди “Асака банк” мутахассиси.

Суҳбатдошга кўра, мижоздан талаб қилинадиган асосий талаб, машина нархининг 50 фоизини банкка топшириши лозим:

“Уч томонлама шартнома тузилгач, мижоз бу проектда ўзининг 50 фоизлик улуши билан қатнашиши керак. Яъни мижоз харид қилмоқчи бўлган машина нархинининг 50 фоиз қисмини банкка тўлаши лозим”, деди суҳбатдош.

Дейлик, бугунги кунда Тошкентдаги автосалонларда тахминан 20 минг АҚШ долларига сотилаётган "Ласетти" машинасини кредитга сотиб олмоқчи шахс 10 минг доллар миқдоридаги пулни банкка топшириши лозим.

Мутахасисга кўра, мижозга кредит йиллик 16 фоизга берилади:

“Асака банк машина учун кредитни 2,5 йилга беради. Капитал банк эса 3 йил муддатга бераяпти. Улар ҳам йиллик 16 фоиздан беради”, деди “Асака банк” мутахассиси.

Бугунги кунда GM Uzbekistan қўшма корхонасида ўн хилга яқин моделдаги автомобиль ишлаб чиқарилмоқда.

Бу автомобилларни мамлакатнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган GM Uzbekistan автосалонларидан харид қилиш мумкин.

Шу ўринда GM Uzbekistan автосалонларидан машина харид қилиш тартиб-қоидаларига ҳам қисқача тўхталсак. (Бунга OzodJavobнинг аввалги сонларидан бирида батафсил тўхталганмиз)

Амалдаги тартибга кўра, автосалонлардан машина харид қилиш тартиби шундай:

1. Автосалонга бориб ариза топширилади.
2. Олди-сотти шартномаси тўлдирилади.
3. Шартнома имзолангач, машина нархининг 85 фоизи тўланади.
4. Уч ойдан бир йилгача навбат кутилади. (Айрим ҳолларда бундан ҳам узоқроқ бўлиши мумкин)
5. Машина заводдан автосалонга келгач, унинг нархининг қолган 15 фоизи тўланади.

6. Машина ниҳоят сизники.

Тошкентдаги автосалонларидан олинган маълумотга кўра, танлаган автомобилингизнинг нархи АҚШ долларида бўлса салонга келиб халқаро пластик карточкада ҳисоб рақами очиш лозим. Капитал банк ёки Асака банк бўлимларида ҳам айни кўринишдаги ҳисоб рақами очиш мумкин. Кейин машинанинг белгиланган нархини шу ҳисобга ўтказасиз.

**************************************************************

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз,OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, телефон орқали +420 602 612 713 ва +420 221 123 381рақамларига қўнғироқ қилиб, саволларингизни беришингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG