Линклар

Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати (Россельхознадзор) “Брянск-Льговский” темир йўл назорат пунктида Украинадан Ўзбекистонга келаётган 65 тонна балиқ консерваси маҳсулотларини ушлаб қолди. Россия назорат идораси бу тақиқни вагонларда жўнатилаётган товарнинг Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берувчи зарурий ҳужжатлари йўқлиги билан изоҳлаётган бўлса, Винница консерва заводи “олдин бундай талаблар қўйилмаганини” билдирмоқда.

24 феврал куни Ўзбекистонга Украинанинг “ВИНТАР" Винница упаковка маҳсулотлари заводидан юборилган балиқ консерваси маҳсулотлари Россельхознадзорнинг Брянск ва Смоленск вилоятлари бўйича назорат идораси томонидан чегарада тўхтатиб қолинди.

“Брянск-Льговский” темир йўл назорат пунктида ушлаб қолинган 65 тонна товар Ўзбекистон Республикасининг “Пўлатов М.В. Хусусий корхонаси”га тегишли эканини билдирди Россельхознадзор бошқармаси вакили Озодлик билан суҳбатда.

- Гап шундаки, бизнинг испекторларга тақдим этилган ҳужжатлар орасида мазкур юкнинг олиб кирилишига Ўзбекистон Ветеринария хизмати рухсатномаси йўқ эди. Шу сабабли бизда бу маҳсулотлар Ўзбекистонга эмас, истаган жойингизга, жумладан, Россия ичкарисида сотишга олиб кетилаётгани тўғрисида шубҳалар пайдо бўлди,- деди вазиятни тушунтирган Россия давлат чегараси ва транспортидаги ветеринария назорати бошлиғи Сергей Шелудяков.

Назорат хизмати бошлиғи сўзларига кўра, транзит йўли билан Россия орқали ўтаётган барча юклар ва товарлар қабул қилувчи мамлакатга олиб киришга рухсат берувчи рухсатномага ҳам эга бўлиши шартлиги халқаро келишувлар асосида белгиланган.

Натижада, чегара пунктида тўхтатилган консервалар ҳозирда уни юборган корхонага қайтарилгани маълум қилинди.

Бироқ, Винницадаги балиқ консерваларини Ўзбекистонга жўнатган “ВИНТАР” заводи идораси вакиллари Озодлик сўровига жавобан бундан аввал бу каби талаблар амал қилмаганини билдиришди.

- Бу Россия назоратчиларининг шахсий гумонлари, чунки кетаётган вагон, унинг йўналишига тўланган ҳақ молнинг Ўзбекистондаги харидорга кетаётганини яққол кўрсатиб турибди. Бу консерваларнинг Россияда сотилиши тўғрисидаги гаплар қаердан пайдо бўлганини тасаввур ҳам қила олмайман. Ўзбекистонга жўнатилган маҳсулот ҳақиқатан 65 тонна “Килька” консерваси эди. Ўзбек тадбиркорлари олдин ҳам худди шу маҳсулотни сотиб олишган – муаммо бўлмаган. Муносабатларимизда нимадир ўзгарган кўринади,- дея хулоса қилади ўзини Лилия деб таништирган Винница консерва заводи вакиласи.

Ходиманинг айтишича, эндиликда завод маъмурияти ва "Пўлатов М.В." корхонаси вакиллари Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати тўлиқ талаблари асосида янгиттан ҳужжатларни тайёрлаб, “Килька”ларни яна бир бор жўнатиб кўришга ҳозирланмоқда.

Россия Ғарб давлатлари билан ўзаро санкцияларни жорий қилганидан буён Ўзбекистонга транзит йўли билан олиб кетилаётган товарларнинг Россия чегарасида тўхтатиб қолиниши биринчи маротаба кузатилаётгани йўқ.

Ўтган йилнинг декабрида литвалик тадбиркорлар Россия - Беларус чегарасида ўрнатилган чекловлар туфайли Ўзбекистонга 1 минг тонна сариёғни етказиб бера олмагани тўғрисида Озодлик олдинроқ хабар берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG