Линклар

А. Атамбаев: Беларус "ваҳший" ва "одамхўр "Бақиевларни экстрадиция қилиши керак


Қирғизистон президенти Беларусдан собиқ президент Қурманбек Бакиев ва укаси Жаниш Бакиевни экстрадиция қилишни талаб қилди. Алмазбек Атамбаев бунда салафи ва унинг оила аъзоларини “ваҳший” ва “одамхўр” қотиллар, дея атади.

26 февраль куни эълон қилинган баёнотида президент Алмазбек Атамбаев Беларус “золимларга паноҳ берди”, дея таъкидлади.

Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ўтган ҳафта Минскда қирғиз ўғрибошиси Алмамбет Анапияевнинг ўлдирилишига гувоҳ бўлганлардан бири терговчиларга у ўлдирилишидан бироз аввал Жаниш Бакиев билан кўришганини гапириб берган.

“Беларус расмийлари бу жиноятчи оиланинг ваҳший ва одамхўр юзини кўриши учун Бакиевлар оиласи яна неча кишини ўлдириши керак? Бу газандалар оёғи етган ҳар жойда, жумладан уларга паноҳ берган Беларусда ҳам қон тўкаверади”, деди Атамбаев.

Ака-ука Бакиевлар 2010 йилда Қурманбек Бакиевнинг ҳокимиятдан ағдарилишига олиб келган исён пайтида намойишчиларни ўлдирганликда айбдор, деб топилиб, сиртдан умрбод қамоққа ҳукм этилган. Жаниш Бакиев ўша пайтда давлат қўриқчи хизмати бошлиғи бўлган. Улар Беларусга қочган.

XS
SM
MD
LG