Линклар

logo-print

Россияликларни дарғазаб қилган МСК раиси суратлари ўзбек элчихонасига осилди


Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуров

Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуров

26 февраль куни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуров олган фотосуратлар кўргазмаси очилди.

Россияда ўтказилган сўнгги сайловлардан кейинги кўпминг кишилик норозиликлар сабабчиси бўлган, боз устига фотография санъати оламида танилмаган амалдорнинг Ўзбекистонда ўтказилган парламент сайлови чоғида олган суратлари кўргазмаси президент сайлови арафасида уюштирилгани билан эътиборлидир.

Владимир Чуровнинг Ўзбекистон элчихонасида фотокўргазмаси очилаётгани тўғрисида РФ Марказий сайлов комиссияси расмий сайти хабар қилди.

Сураткашлик қилган кузатувчи

Хабарда айтилишича, Владимир Чуров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига 2014 йил декабридаўтказилган сайловда кузатувчилик қилган Россия Марказий сайлов комиссияси делегацияси етакчиси сифатида овоз бериш куни Самарқанд, Навоий ва Бухоро вилоятларида бўлган.

26 февраль куни очилган кўргазмага Чуровнинг ўша сайлов кунлари Ўзбекистонда олган суратлари қўйилган.

Россия сайлов тизими “бошлиғи”нинг Ўзбекистонда бўлиб ўтган энг сўнгги сайлов пайтида олган фотосуратлари бу мамлакатда бир ойдан кейин ўтказиладиган президент сайлови арафасида Ўзбекистон элчихонасида очилмоқдаки, бу ҳолат саволлар пайдо қилмай қолмайди, албатта.

Балки, РФ Марказий сайлов комиссияси раиси таниқли фоторассомдир?

Владимир Чуровнинг РФ МСК сайтида эълон қилинган расмий таржимаи ҳолида “фотосуратлар олишга, ҳарбий тарихга ва архитектура тарихига қизиқади”, дейилган холос.

Фотография соҳасида танловларда иштирок этгани ёки фотокўргазмалари ҳақида расмий умр баёнида маълумот йўқ.

“Чуровнинг фотокўргазмаси” деган сўровга google Тулада ўтказилган битта кўргазма тўғрисида маълумот топиб берди, холос. Бу кўргазма Чуров МСК раиси бўлиб турган даврда ўтказилгани маълум бўлди.

“Чуров олган суратлар” деган сўровга жавобан google унинг ўзи акс этган суратлардан бошқа нарса топиб бермади.

Санъат оламига энди кириб келаётган фоторассом?

Тошкентлик фотомуҳаррир Тимур Карпов Озодлик саволларига жавоб берар экан, Владимир Чуров деган фоторассом тўғрисида эшитмаганини айтаркан, жумладан бундай деди:

- Тўғрисини айтсам, Ўзбекистон элчихонасида қандайдир фотокўргазма ўтказилаётгани тўғрисида биринчи марта эшитишим. Балки, бундан олдин ҳам ўтказилгандир – бир нарса дейишим қийин. Одатда элчихоналарда ва уларга ўхшаш бошқа идораларда ўтказиладиган кўргазмалар ўта зерикарли, санъатга алоқаси йўқ, сиёсатга хизмат қиладиган суратлар бўлади, деди Тимур Карпов.

"Ўтда ёнмас, сувда чўкмас" раис

Афтидан нафақат тошкентлик фотомуҳаррир, балки россияликларнинг ўзлари ҳам Владимир Чуровни фоторассом сифатида танимайди. Бироқ у Россиянинг энг янги тарихидаги энг ноҳалол сайлов ўтказган Марказий сайлов комиссияси раиси сифатида танилган.

Россия Давлат думасига 2011 йилнинг 4 декабрида ўтказилган сайловдан сўнг бошланиб, 2012 йил 4 мартида ўтказилган Россия президенти сайловидан кейин ҳам давом этган норозилик акциялари - Москванинг Болотная майдони, Академик Сахаров проспектидаги митинглар - иштирокчиларининг асосий талабларидан бири “Чуровнинг истеъфоси ва унинг фаолиятини тергов қилиш” бўлган эди.

Россия жамоатчилиги фикрича, ҳар иккала сайловда ҳам айнан Марказий сайлов комиссияси раиси Владимир Чуровнинг айби билан қўпол қонунбузарликларка йўл қўйилган, сайлов натижалари сохталаштирилган.

2002 йилнинг 24 январида уч фракция: КПРФ, ЛДПР ва “Справедливая Россия” фракциялари Давлат думаси муҳокамасига Чуровга ишончсизлик билдириш тўғрисидаги қарор лойиҳасини киритган эди.

Лекин Владимир Чуров ҳануз РФ Марказий сайлов комиссиясини бошқариб келади.

Сиздан угина, биздан бугина?

Россия-Ўзбекистон алоқалари бўйича мутахассис, Фарғона.ру сайти бош муҳаррири Даниил Кислов Чуровнинг Ўзбекистон элчихонасида кўргазмаси очилгани тўғрисидаги хабарни шарҳлар экан, бундай деди:

- Бу тадбир ортида қандай мақсад ётганини билмайману лекин буни Россия Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистонда ўтадиган президент сайлови натижаларини ҳозирданоқ маънавий қўллаб-қувватлаяжагига бир ишора, деб қабул қилиш мумкин.

Фотография санъати соҳасида РФ Марказий сайлов комиссияси билан алоқаларига оид саволни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасига беришнинг имкони бўлмади: бу идора телефонини ҳеч ким кўтармади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG