Линклар

logo-print

Мўмай рубллар ва университет декани: Аксилмайдон намойишчиларни тўплаш йўллари


Антимайдончилар чиқиши.

Антимайдончилар чиқиши.

Кўпчилик талаба шанба куни кундузги соат 12 да намойишга чиқишдан кўра ухлашни афзал кўрса керак. Хўш, Москва давлат сув транспорти академиясининг икки талабаси нима учун “Евромайдон тўнтарилиши”нинг бир йиллигига бағишланган митингга чиқди?

Афтидан, университет деканини деб.

“Дождь” мустақил канали мухбири путинпараст Ёш гвардия ҳаракати аъзолари билан суҳбатлашди. Намойишчилар чап томонида Путиннинг тасвири бор оқ пончоларни кийиб олган, қўлларида бўлса мухолифатга қарши ёзувлар бор эди.

Иккала талаба мухбир Владимир Роменскийга қуйидагиларни айтди:

Роменский: Сизларни бугун ташқарига чиқишга нима ундади?

Талаба 1: Мени бу ерга келишга мажбурлашди.

Роменский: Нега? Ким мажбурлади?

Талаба 1: Мана бу (дўстига қараб).

Роменский: Нега уни келишга мажбурладингиз?

Талаба 2: Чунки ёлғиз келишни истамадим.

Роменский: Сиз Ёш гвардия фаолимисиз?

Талаба 2: Йўқ.

Талаба 1: Улар шунчаки мана бу байроқчаларни қўлимизга тутқазишди.

Роменский: Нега бу ерга келишга қарор қилдингиз? Бу намойиш ҳақида қандай хабар топдингиз?

Талаба: Декан шуни буюрди.

Роменский: Декан нима деди?

Талаба 2: Бу ректорнинг буйруғи экан – ҳар бир гуруҳдан беш кўнгилли. Бизни тўплашганидан кейин шу ерга келдик.

Роменский: Қўлингиздаги постерда нима деб ёзилганини биласизми?

Талаба 2: Ўғри қамоқда ўтириши керак.

Роменский: Постерда кимнинг сурати акс эттирилган?

Талаба 2: [Мухолифатчи] Навалнийга ўхшаяпти. Иккинчисини билмайман.

Роменский: Навальний қамоқда бўлиши керак деб ҳисоблайсизми?

Талаба 2: Йўқ, ундай фикрда эмасман.

Роменский: Хўш, унда нега бу постерни ушлаб олгансиз?

Талаба 2: Чунки қўйишга бошқа жойим йўқ.

Полиция маълумотига кўра, “Майдондан бир йил ўтиб. Биз унутмаймиз! Биз кечирмаймиз!” шиори остида ўтказилган намойишга 35 мингга яқин одам қатнашди.

Қатнашувчиларнинг аксари Ғарбни Киевда “давлат тўнтарилиши” уюштиришда айбловчилар эди. Шундай бўлса-да, улар орасида намойишга бошқа мақсадни кўзда тутиб келганлар ҳам бор эди.

Намойишдан бир кун аввал ўзини Ирина деб таништириган касаба уюшмаси вакили Озодлик радиоси рус хизмати билан қилган суҳбатида ҳар бир оммавий уюшмадан ҳеч бўлмаса олти одам қатнашиши кутилаётганини айтганди.

Ҳафта бошида қатнашувчиларга пул таклиф қилинган рекламалар пайдо бўлганди.

Намойиш уюштирувчилари бу таклифларни “провокация” деб атаб, улар ҳақида хабар берганларни судга беришларини айтишди.

Аксилмайдон ҳаракатининг матбуот котиби Озодлик радиоси рус хизмати билан қилган суҳбатида “Табиийки, бизнинг бунга алоқамиз йўқ”, деди.

Ваҳоланки, ваъда қилинган 200-500 рублни (3-5 доллар) олиш учун одамлар навбатда тургани ҳақида бир неча манба хабар берди.

“Коммерсантъ” газетаси мухбири Григорий Туманов 300 рублдан олиш учун 200 га яқин одам уюшмалар уйи олдида тургани ҳақида ёзди.

“Новая газета” мустақил нашри мухбири Наташа Зотова шахсан ўзи 300 рубль олгани акс эттирилган, яширин тарзда ёзиб олинган видеони Twitterда эълон қилди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG