Линклар

logo-print

Наманганда тест синовлари пайтидаги сохтакорликлари фош қилинди. Тошкентда ичимлик сувига хлор қўшиш зарарли деб топилди. Навоий вилоятида опа-сингил чақалоқфурушлар жазога тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

“Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хавфли касалликдан огоҳлантирди”

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги хатаридан огоҳлантирди (“Ўзбекистон овози”, 26 февраль).

Мазкур хасталик Эбола вируси билан бир гуруҳга мансуб бўлиб, асосан чорва моллари орқали юқади. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вакили Абдусами Аҳматовга кўра, Қрим-Конго геморрагик иситма касаллигига қарши кураш бўйича масъул вазирликдан иборат ишчи гуруҳи ишламоқда.

Қайд этилишича, карантин ва ўта хавфли юқумли касалликларнинг табиий ўчоқлари Ўзбекистон ҳудудида ҳам учраши мумкинлиги ҳисобга олиниб, унинг олдини олиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

1944 йилда Қрим ва 1956 йилда Конгода бир гуруҳ одамларда ушбу касаллик аниқлангани сабабли унга Қрим-Конго геморрагик иситма касаллиги номи берилган. Касалликни келтириб чиқарувчи арбовируслар тоғ олди ва чўл ҳудудларида тарқалган.

“Наманганда тест синовлари пайтидаги сохтакорликлари фош қилинди”

Наманган вилоятида тест синови пайти сохтакорлик қилган жиноий гуруҳ фош қилинди (“Диёнат”, 26 февраль).

Тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ Наманган тиббиёт коллежига кириш имтиҳонлари пайти ўнга яқин абитуриентнинг ҳужжатини сохталаштириб, уларнинг ўрнига бошқа шахслар – “десантчи”ларни киритишга уринган.

Қайд этилишича, гуруҳга наманганлик Отабек Қосимов ва Абдураҳмон Низомов бошчилик қилган. Самарқандлик Зафар Илёсов Самарқанд тиббиёт институти қошидаги 2-академик лицейда таҳсил олаётган 11 нафар аълочи талабани “десант” сифатида юқорида номи зикр қилинган икки шахсга – Наманганга юборган.

Жиноий гуруҳ коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда Давлат тест маркази ҳужжатларини сохталаштирган. Хабар қилинишча, сохта ҳужжатлар билан имтиҳонга кираётган “десантлар” қўлга олинган.

Суд ҳукмига кўра, Отабек Қосимов 5,6 йилга озодликдан маҳрум этилган. Гуруҳнинг қолган аъзолари А.Низомов, Д.Дўстов ва З.Илёсов 5 йилу бир ойга қамалиб, амнистия билан уларнинг жазо муддати қисқартирилган. "Десантчи" талабалар тақдири борасида маълумот берилмаган.

“Тошкентда ичимлик сувига хлор қўшиш зарарли деб топилди”

Тошкентдаги хонадонларга берилаётган ичимлик суви таркибидаги хлор миқдори ошиб кетмоқда (“Новий век”, 26 февраль).

Сувнинг меъёридан ошиқ хлорланиши, шунингдек, ичимлик суви қувурларининг эскиргани сабабли айрим хонадонларда крандан сув ичиб бўлмай қолган.

Газетага кўра, сувга хлор қўшиш зарарли бўлгани сабабли ривожланган мамлакатларда бу амалиётдан воз кечилган. Уларда сув хлор ўрнига озон, ултрафиолет ва натрий гипохлорит билан тозаланади.

“Хўш, уй ва хонадонлардаги крандан оқаётган сувни ичса бўладими?” дея саволга тутилади “Сувсоз” идораси масъуллари.

“Навоий вилоятида опа-сингил чақалоқфурушлар жазога тортилди”

Навоий вилоятида қонуний никоҳсиз туғилган чақалоғини сотаётган аёл қўлга олинди (“Инсон ва қонун”, 24 февраль).

Номи ошкор этилмаган аёл шаръий никоҳдаги эри ташлаб кетгач, 20 кунлик чақалоғини сотишга уринган. Болага харидор топишда унга синглиси ёрдам берган.

Опа-сингиллар чақалоқни сотиш пайтида қўлга олиниб, уларга тегишли жазо берилган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

“...Қўлида сўнгги русумдаги телефон, бармоқларида қимматбаҳо тақинчоқлар, қошу кўзлар гўё саҳнага чиқаётган каби бўялган айрим оналарнинг “Шароитим оғирлиги сабабли боламни меҳрибонлик уйига топширишим учун ҳужжат тайёрлаб берсангиз”, деб маҳаллалар эшигида турганига ҳам кўпчилигимиз гувоҳмиз”, дея бу каби ҳолатларни танқид қилади жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди судяси Зафар Бобонов.

“Интернет орқали диний оқимга аъзо бўлган икки аёл жазоланди”

Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Робиа Бўрибекова ва Янгийўл туманида яшовчи, уч фарзанднинг онаси Нилуфар Убайдуллаева интернет орқали тақиқланган диний оқимга аъзо бўлгани учун жазога тортилди (“Адолат кўзгуси”, 26 февраль).

Бош прокуратура вакили Дилшод Аҳмедовга кўра, Р.Бўрибекова “WhatsApp” алоқа тармоғида “Ҳукм Аллоҳники”, “Имонлашамиз иншааллоҳ” каби виртуал гуруҳ яратиб, Ўзбекистон ва хориждаги жиноий шериклари билан мунтазам мулоқот қилиб турган, “Ҳизбут-таҳрир” диний ташкилоти ғояларини тарғиб қилган.

Н.Убайдуллаева ҳам Бўрибекова ташкил қилган виртуал гуруҳга илиниб қолган. Қайд этилишича, бу икки аёл илм аҳли, диний уламолар ва давлат арбобларига нисбатан виртуал оламда иғво ва бўҳтон тарқатган.

Уларга суд олдида жавоб бергани ва уларга жазо муқаррарлиги таъминлангани хабар қилинган.

“Бухоролик эркак рашк туфайли хотинини даволаган шифокорни отиб ташлади”

Бухоролик Салоҳиддин Тўхтасинов рашк туфайли хотинини даволаган шифокор Ўктам Баракаевнинг жонига қасд қилди (“Ҳуқуқ”, 26 февраль).

Тўхтасинов шифокор Баракаев унинг хотинини гипноз қилиб қўйиб, жинсий эҳтиёжини қондирган деб гумон қилган. Ўз орияти ва хотинининг номуси учун қасос олишни мақсад қилган Тўхтасинов шифокор Баракаевни отиб ташлаган, сўнг бензин қуйиб жасадини ёқиб юборган.

Бухоро вилоят прокуратураси вакили Абдулло Тўраевга кўра, суд ноўрин рашк туфайли бир инсон умрига зомин бўлган Тўхтасиновни узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилган.

“Актриса Саида Раметова ўз “ўлим”и юзасидан изоҳ берди”

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова ўз “ўлим”и ҳақидаги мишмишларга муносабат билдириб, бу овозадан кайфиятини тушганини маълум қилди (“Даракчи”, 26 февраль).

Яқинда “Саида Раметова автоҳалокатга учраб оламдан кўз юмибди” деган хабарлар тарқалган. Раметовага кўра, ҳатто дугоналаридан бири мишмишларни рост деб ўйлаб унинг уйига ҳовлиқиб қўнғироқ ҳам қилган.

Саида Раметова бир йилча аввал спектаклни ташлаб, тўйга кетгани учун Ўзбек миллий академик драма театри Маҳмуд Исмоилов томонидан ишдан бўшатилган эди.

Яқинда Исмоиловнинг ўзи ишдан кетиб, театр директорлигига актёр Фатҳули Масъудов тайинланган. Саида Раметова директор янгиланиши ортидан бир йилдан ошиқ танаффусдан кейин яна театрга қайтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG