Линклар

Қозоғистон ўз фуқароси АҚШда қўлга олинганига муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳозирча жим


Ахрор Саидахметов билан бирга Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев ва Аброр Ҳабибов ҳам қўлга олинган.

Ахрор Саидахметов билан бирга Ўзбекистон фуқаролари Абдурасул Жўрабоев ва Аброр Ҳабибов ҳам қўлга олинган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Нью Йоркда “Исломий давлат” экстремист гуруҳига қўшилиш ниятида айбланиб қўлга олинган Қозоғистон фуқаросини тергов қилишда Қўшма Штатларга тегишли ёрдамни тақдим қилади. Расмий Остонанинг бу баёноти АҚШда икки ўзбекистонлик билан бир қозоғистонлик ҳибсга олинишидан бир кун ўтиб, 26 февраль куни эълон қилинди. Ўзбекистон ҳукумати Озодлик сўровига жавобан бу масала хусусида бирор позиция ишлаб чиқилмаганини билдирди. Расмий Тошкент ўтган ҳафта Швецияда “Исломий давлатга” молиявий ёрдам кўрсатганликда айбланиб ҳибсга олинган тўрт нафар ўзбекистонлик борасида ҳам муносабат билдирганича йўқ.

“Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Америка Қўшма Штатларида Қозоғистон фуқароси Ахрор Сейдахметовнинг “Исломий давлат” террорчилик ташкилотига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинганидан хабардор”, дейилади Қозоғистон пайшанба куни эълон қилган баёнотда.

Саидахметов 25 февраль куни террорчилик ташкилотига молиявий ёрдам кўрсатиш фитнасида айбланиб қўлга олинган эди. У Нью Йоркнинг Кеннеди халқаро аэропортида Истанбулга учиши керак бўлган самолётга чиқаётган пайтда ҳибсга олинди. Терговчилар Саидахметов Истамбул орқали Сурияга ўтмоқчи бўлган, дея гумон қилмоқда.

19 ёшли Ахрор Саидахметов АҚШ Федерал тергов бюроси томонидан қўлга олинган уч кишининг энг ёшидир. У билан бирга Ўзбекистон фуқаролари 24 яшар Абдурасул Жўрабоев ва 30 яшар Аброр Ҳабибовлар ҳам қўлга олинди.

Қўлга олинган учовлон чоршанба куни Нью Йорк федерал судига олиб келинди. Уларни ҳибсга олиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилган Федерал тергов бюросининг Нью-Йорк бўлими раҳбари ўринбосари Диего Родригез ҳибсга олинганлар АҚШда ҳам террор ҳужумларини амалга ошириш ниятлари бўлганини таъкидлади:

- Гумонланувчилар "Исломий давлат" (бирламчи номи Ироқ ва Шом ислом давлати - ИШИД) гуруҳига қўшилиш мақсадида Туркияга махфий тарзда учиб кетмоқчи бўлишган.Агар учиб кета олишмаса, АҚШда террор амалиётларини содир этишни, жумладан, ФБР агентларига суиқасд уюштиришни режалаштиришган, деди Родригез.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Саидахметов ҳали ҳам мамлакат фуқаролари рўйхатида экани ва Жанубий Қозоғистондаги Туркистон шаҳрида расмий қайдда турганини билдирди. Баёнотда айтилишича, Саидахметов “2011 йилда, 16 ёшлиги пайтида Ўзбекистонга чиқиб кетганича Қозоғистонга қайтмаган”.

Қозоғистон томонига кўра, мамлакатнинг Нью Йоркдаги Консуллиги бу ишга ҳозирча жалб этилгани йўқ. Саидахметов ва ё унинг қариндошлари ҳам ёрдам сўраб мурожаат қилгани йўқ. Агар қозоғистонлик гумонланувчи ёрдам сўраб, мурожаат қилса, “тегишли консуллик ва ҳуқуқий ёрдам” кўрсатилишини билдирди расмий Остона.

Шунингдек, “Қозоғистон халқаро ҳамжамият, хусусан, Қўшма Штатларнинг зўравон экстремизм ва ўзларини “Исломий давлат”, деб атаётган гуруҳа қарши уринишларини қўллаб қувватлайди. Биз АҚШ расмийларига бу ишни тергов қилишда тўлақонли ёрдам кўрсатишга тайёрмиз”, дея таъкидланади баёнотда.

Нью Йоркдаги ҳодиса кейинги икки ҳафта ичида ўзбекистонликларнинг “Исломий давлат”га алоқадорлик гумони билан хорижда ҳибсга олинишига доир иккичи ҳолатдир. 18 февраль куни Швеция прокуратураси Стокҳолм шаҳрида тўрт нафар ўзбекистонликни экстремист гуруҳига молиявий кўмак тақдим қилганлик гумони билан қўлга олган эди.

Ўзбекистон расмийлари бу икки ҳодиса борасида изоҳ бергани йўқ. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Озодлик сўровига жавобан бу борада бир тўхтамга келинмаганини билдирди.

- Биз бу маълумотни аниқлаштиряпмиз, деди ташқи ишлар вазирлиги расмийси.

АҚШ расмийларига кўра, чоршанба куни Нью Йоркда қўлга олинган ўзбекистонликлар билан қозоғистонлик ўтган йилдан бери ФБР кузатувида бўлган. Оператив маълумотларга кўра, улар “Исломий давлат” гуруҳига қўшилиш ниятлари бесамар бўладиган тақдирда Қўшма Штатлар ҳудудида террор ҳуружларини амалга ошириш, жумладан полиция ва ФБР ходимларига суиқасд уюштириш ниятида бўлган.

Агар гумонланаëтган уч ўзбекка қўйилаëтган бу айбловлар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ улар 15 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ўтган ҳафта Стокҳолмда ҳибсга олинган тўрт нафар ўзбекистонлик орасида, Озодлик манбасига кўра, 32 ёшли аёл ҳам бор. Манбамизнинг билдиришича, ҳибсга олинган эркакларнинг бири 51 ёшда, иккинчиси 34 ёшда ва яна бири 32 ёшда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG