Линклар

logo-print

Австрия қамоқхонасида ўлган Алиев қонидан наркотик топилди


 Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев

Назарбоевнинг собиқ куëви Роҳат Алиев

Австрия прокурорлари маълумотига кўра, Вена қамоқҳонасида ўлик ҳолда топилган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиевнинг қонидан наркотик модда - барбитурат топилган.

Прокурорларга кўра, бу ҳозирча тиббий экспертизанинг дастлабки натижалари бўлиб, яқин кунларда якуний хулоса эълон қилинади.

Қамоқхона шифокори Алиевга тинчлантирувчи дори сифатида барбитуратни берган бўлиши мумкин деган тахмин мутлақо инкор қилинмоқда. Боиси барбитурат Австрияда тақиқланган.

Роҳат Алиев 24 февраль куни Вена қамоқхонасида ўлик ҳолда топилди.

Вена суди матбуот хизмати 24 февраль куни тарқатган баёнотда Роҳат Алиев "ўз жонига қасд қилган"и айтилди.

Алиев Қозоғистон президентининг катта қизи - Дариға Назарбоеванинг собиқ эри эди. У Қозоғистоннинг Австриядаги элчиси бўлган ва 2008 йилда сиртдан 40 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

У ҳукуматни куч билан олишга уриниш ва одамларни ўғирлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳни тузишда айбланган.

2011 йилда Венада бўлган маҳкамада Роҳат Алиевни Қозоғистонга экстрадиция қилмасликка қарор қилинган.

Бундан бироз олдин Роҳат Алиевнинг Facebook тармоғидаги саҳифасида "марҳум отамга мактуб" мазмунидаги матн эълон қилинди. Алиевнинг отаси 12 январь куни Қозоғистонда вафот этди.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев сиёсатини танқид қилиб келган. Яқинда ҳам у Қозоғистонда президентлик сайловини муддатидан аввал ўтказиш ташаббусини танқид қилган эди.

Роҳат Алиевнинг 24 февраль куни ўз жонига қасд қилгани ҳақида Вена суди берган баёнотга марҳумнинг адвокати эътироз билдирди. Ҳимоячи Алиев ўз жонига қасд қилганига шубҳа қилмоқда ва ишнинг синчковлик билан кўрилишини талаб қилмоқда.

Роҳат Алиев сўнгги йиллар давомида халқаро матбуотда фаол чиқиш қилиб, Қозоғистон президенти - собиқ қайнотаси Нурсултон Назарбоевнинг сиёсатини кескин танқид қилиб келаётган эди.

XS
SM
MD
LG