Линклар

Сайлов яхши нарса. Сайлов уй кўтаришдир.

Уй кўтариш - ҳар эҳтимолга қарши айтиб қўяй – генеральная уборка дегани.

Сайлов арафасида Келаётган Кетаётганнинг “хашагини титади” – Кетаётгандан қолаётган “уйни кўтаради”.

Келаётган Кетаётгандан қолаётган жиҳозлар устидаги чангни, мўрини қоплаган қурумни, эшиклар тутқичи атрофида қорайган қасмоқни, пучмоқларда яшириниб ётган кир пайпоқ, йиртиқ қўлқопни сайловчига кўрсатади.

Ва “Мен келсам, уйингиз чиннидай ялтирайди”, дейди.

Ваъдани қуюқ қилади Келаётган.

“Боплайман”, дейди, “дўндираман”, дейди.

“Воҳ”, дейди сайловчилар, “Оҳ”, дейди.

Кетаётган ҳам, Келаётган ҳам битта одам бўлса-чи?

Барибир. Барибир ваъда бераверади Келаётган. Таомил шунақа. Сайлов шунақа бўлади-да, ахир!

Таомилиям ўлсин, Кетаётган ва Келаётган битта одам бўлса, Ўзининг хашагини Ўзи титаркан.

Мана қаранг:

Кетаётган ва Келаётган Катта кеча Хор Азимда ва Қалпоғи Қоралар юртида хос сайловчилар билан учрашди.

“Иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини таъминлайман”, деди Келаётган.

“25 йилдан бери Кетаётган нега таъминламадийкин”, деб ўйлади хос Хор Азимлар ва Қалпоғи Қоралар. Лекин индамадилар. Индашга вақтлари йўқ. Бошлари хам, тиззаларидаги дафтарга Кетаётган-Келаётганнинг ўгитларини ёзишлари керак.

“Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорлик йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлайман”, деди Келаётган.

“25 йилдан бери нега олиб ташламадийкин”, деб ўйлади хос Хор Азимлар ва Қалпоғи Қоралар. Лекин индамадилар. Индашга вақтлари йўқ. Бошлари хам, тиззаларидаги дафтарга Кетаётган-Келаётганнинг ўгитларини ёзишлари керак.

Келаётган маҳалладаги Қўшни Уйлар билан ҳам муносабатларни яхшиламоққа ваъда берди.

“Узоқ ва яқин хориждаги давлатлар, энг аввало қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни ва ўзаро фойдали ҳамкорликни йўлга қўйишни биринчи даражали вазифам, деб биламан”, деди Келаётган.

“25 йилдан бери нега йўлга қўймадийкин, нега 25 йилдан бери қўшнилар билан ит-мушук”, деб ўйлади хос Хор Азимлар ва Қалпоғи Қоралар.

Лекин индамадилар.

Индашга вақтлари йўқ.

Бошлари хам.

Тиззаларидаги дафтарга Кетаётган-Келаётганнинг ўгитларини ёзишлари керак.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG