Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:45

Тожикистондаги парламент сайловида қонунбузарликлар қайд этилди


Тожикистон парламенти қуйи палатаси бўлган Мажлиси намояндагондаги 63 ўрин учун саккиз партиядан қарийб 300 номзод курашаётган бугунги сайловда қатор қонунбузарликлар қайд этилди.

Озодлик мухбирларининг хабар қилишича, бир оиланинг барча аъзолари учун бир кишининг овоз бериши, сайловни кузатиши керак бўлган мониторинг гуруҳи вакилларининг жойи бўш тургани, сайловчиларни алоҳида бир шахсга овоз беришга ундаш ҳаракатлари кузатилмоқда.

Кузатувчилар бугунги сайловда президент Имомали Раҳмон бошчилигидаги Халқ-демократик партияси катта фарқ билан ғалаба қозониши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар.

Ҳукмрон партиянинг асосий рақиби Марказий Осиёда рўйхатдан ўтган ягона исломий партия – Тожикистон Ислом уйғониш партиясидир. Расмий Душанбега мухолифатда бўлган бу партия ва Тожикистон Социал-демократик партиясидан ташқари бошқа сиёсий гуруҳлар ўзларини конструктив мухолифат деб атаб, ҳукумат сиёсатига очиқ қўллов кўрсатиб келадилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти аввалроқ ўзининг оралиқ ҳисоботида Тожикистон Ислом уйғониш партияси ва социал-демократлар сиёсий босимга дучор қилинаётганини таъкидлаб, Тожикистонда ташвиқот учун тенг имкониятлар яратилмаганидан ташвиш изҳор қилган.

Тожикистонда аввал ўтказилган сайловлар ҳам ғарблик кузатувчилар томонидан эркин ва адолатли бўлмагансайлов ўлароқ баҳоланган.

XS
SM
MD
LG