Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:46

OzodlikOnline: Ўзбек ëшларига жинсий тарбия бериш кимнинг зиммасида?


Ўтган ҳафта Тожикистон парламенти мактаб программасига жинсий тарбия ҳақидаги дарсларни киритишга розилик берди. Мазкур қарор ўсмирларни жинсий йўл билан ўтадиган касалликлар ва исталмаган ҳомиладорликдан огоҳлантириш мақсадида қабул қилинган. Бундай дарсларнинг Ўзбекистон таълим дастурига киритилишига қандай қарайсиз? Душанба Тошкент вақти билан оқшомги 7 да бошланадиган жонли суҳбатда шу ҳақда гаплашамиз.

Ўтган ҳафта Тожикистон Намояндалар Мажлиси депутатлари мактаб программасига жинсий тарбия ҳақидаги дарсларни киритишга розилик бердилар.

Бу таклиф Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги томонидан “Репродуктив саломатлик ва репродуктив ҳуқуқлар ҳақида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш пайтида тақдим қилинди.

Таклиф ташаббусчилари¸ жинсий алоқа воситасида тарқаладиган касалликлар ва исталмаган ҳомиладорликнинг олдини олиш учун ўсмирлар¸ айниқса¸ қишлоқ ëшларига жинсий муносабатлар ҳақида ахборот бериш лозимлигини таъкидладилар..

Тожикистондаги каби Ўзбекистонда ҳам миллионлаб қишлоқ ëшлари мактабни битирар-битирмас иш излаб асосан Россияга кетмоқда ва ҳар икки давлатда ҳам жинсий тарбия ҳақида умуман маълумотга эга бўлмасдан меҳнат муҳожиратига кетаëтган айни шу қатлам билан боғлиқ жиддий муаммолар юзага келмоқда.

OzodlikOnline: Ўзбек ëшларига жинсий тарбия бериш кимнинг зиммасида?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:02 0:00
Бевосита линк

Соғлиқни сақлаш мутасаддилари муҳожиратдаги тартибсиз жинсий ҳаëт тарзи ортидан ўзбекистонликлар орасида турли таносил касалликлари¸ айни пайтда ОИТС (Одам иммун тақчиллиги синдроми) каби оғир ва юқумли касалликлар кўпайиб бораëтгани ҳақида йиллардан бери гапириб келмоқда.

Гарчи Ўзбекистонда муҳожиратдан қайтганларни мунтазам тарзда тиббий кўрикдан ўтказиш¸ хусусан¸ тўйдан олдин ОИТС йўқлигини тасдиқлатиш тартиби жорий қилинган бўлсада¸ коррупция туфайли бундай назорат ва текширувлар жиддий самара бермаëтир.

ОИТСга қарши республика кураш маркази директори Нурмат Отабековга кўра¸ 2014 йилнинг 10 ойи давомида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари орасида 531 та ОИТСга чалинган бемор қайд этилган ва бу 2012 йилга нисбатан икки баравар кўпдир. Бу касалга чалинган сифатида расман қайдга олинган ўзбекистонликлар сони ўтган йил охирида 28 мингдан ошиб кетган ва уларнинг аксарияти бу касалликни меҳнат муҳожиратида асосан жинсий йўл билан юқтирган.

Анъанавий ўзбек оиласида катталарнинг ўсмирлар билан жинсий муносабатлар мавзуида очиқ гаплашиши ҳамон табу ҳисобланади. Мактабларда ҳам жинсий тарбия дарси йўқ бир пайтда ўсмир ва болалар жинсий муносабатлар сабоғини Интернетдаги порно сайтлар¸ хусусан¸ ўзбекистонлик ëшлар орасида урф бўлган Telegram каби ижтимоий тармоқларда ëйилаëтан порноматериаллардан олмоқда; aйни пайтда¸ жинсий муносабатларга оид муҳим ахборот ва маълумотдан маҳрум қолмоқда.

Интернет аксар ўзбек ëшлари ҳаëтининг таркибий қисмига айланган ва уларнинг Интернетдаги ҳатти-ҳаракатлари пул топиш миссияга муккасидан кетган ота-оналар назоратидан четда қолаëтган ҳозирги шароитда Ўзбекистон мактаб дастурига жинсий муносабатларга оид махсус дарслар киритилишини қўллайсизми?

Бундай дарслар болаларга неча ëшдан берилиши керак¸ деб ўйлайсиз?

Ëшларга жинсий муносабатлар ҳақида маърифат бериш вазифаси бирламчи кимнинг зиммасида – оилами ëки мактаб?

Ота ëки она бўлсангиз¸ ўғил ва қизингиз билан жинсий муносабатлар мавзуида очиқ гаплашганмисиз?

Жинсий муносабатлар ҳақида ëшларга сабоқ бериш оилани йўқ қилиш усули ва фаҳшни рағбатлантириш¸ деган фикрларга қўшиласизми?

Душанба¸ 2 март куни Тошкент вақти билан оқшомги 7 дан 8 га қадар бўладиган жонли суҳбат шу саволларга бағишланади.

Озодликнинг Skype манзиллари орқали бу суҳбатга Сиз ҳам қўшилинг!

XS
SM
MD
LG